17.05.2016

МИЛЛАТ КАМОЛИ УЧУН

Президентимиз Ислом Каримовнинг «Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида»ги фармонини ўқиб

Ғазал мулкининг султони ­Алишер Навоий бобомиз ­«Муҳокамат ул-луғатайн» ­асарида Парвардигори олам ўз буюк қудрати билан инсонни «ал-мутакаллим», яъни «сўз эгаси» қилиб яратганини таъкидлаб ўтар экан, «Ва то ул бу мазҳарият шарафидин жамиъи махлуқот­қа сарафроз бўлди ва бу ташриф била борисидин имтиёз топти», дейди.

Ундан буён неча асрлар ўтди, не-не замонлар кечди. Бу тил, бу адабиёт қанчадан-қанча хору сарсонликларни бошдан кечирди, Заҳириддин Муҳаммад Бобур тимсолида ёру диёр соғинчида нолалар чекди, Бобораҳим Машраб бўлиб дорга осилди, «Фиғонким гардиши даврон...» дея ўз оҳу зорлари остида ўз Ватанидан бадарға қилинди.

Бир замонлар бўлдики, босқинчи ва истилочи кучлар томонидан Самар­қанд, Бухоро, Хоразм минорлари тимсолида ўқборон қилинди, тўпга тутилди. Бу тил, бу адабиётнинг боболар ётган табаррук қадамжолари ўша мустабид тузумларнинг ўғитхонасига айлантирилди. Муқаддас обидалар қандай емирилган, поймол қилинган бўлса, бу тил, бу адабиёт ҳам худди шундай камситилди, топталди ва хўрланди. Юртпарварлик, миллатпарварлик каломи, ҳақ сўз учун бу адабиёт қатағон қилинди, «Кишан кийма, бўйин эгма, ки сен ҳам ҳур туғилғонсен» дея фарёду фиғон қилган Чўлпонлару Қодирийлари бир бошдан «Қиличларнинг тилларида қизил қон» замонларнинг қиличидан ўтказилди. Миллатнинг бошига нимаики хору зорлик тушган бўлса, тил ва адабиёт ҳам жонидан ўткарди, тил ва адабиёт нимаики камситиш ва таҳ­қирлашга дучор қилинган бўлса, халқ ва миллат ҳам бундан «бебаҳра» қолмади.

Тарихда давлат пешволарининг аҳолини, халқни бутун бошли миллатга, мамлакатни яхлит Ватанга айлантирадиган китоблари, маъруза ва фармонлари бўлган. Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг «Темур тузуклари», Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асарлари бунинг ёрқин далилидир.

Истиқлолимизнинг Бош меъмори, давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг «Юксак маънавият — енгилмас куч», «Ўзбекистон мустақиликка эришиш остонасида», «Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир» китоб­лари, Президентимиз республика раҳбари этиб сайланган куннинг эртасигаёқ, яъни 1989 йилнинг 24 июнида сўзлаган, китобга «Биз бундан буён эскича яшолмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди» сарлавҳаси билан киритилган маърузаси ҳам Ватанимиз равнақи ва миллатимиз камолини белгилаб берувчи ана шундай тарихий-дастурий асарлар қаторида ўзининг муносиб ўрни ва мақоми борлиги билан ғоят қадрлидир. Биз бугунги озод ва обод ҳаётимизга осонликча эришмадик. Мамлакатимиз раҳбарининг ўз хал­қи ва келажак тақдири ҳақида қайғуришининг, жасорат ва матонат, Шахс ва улкан қалб, юксак тафаккур ва мардоналикнинг тарихий битиклари бўлмиш бу асарларни ҳақиқатан ҳам элу юрт тақдиридан айро ҳолда, элу юрт тақдири ва камолини эса бу асарлардан ажратган ҳолда тасаввур қилиш мумкин эмас...

Президентимизнинг «Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида»ги фармони ҳам, айтиш мумкинки, мустақиллик йилларининг ана шундай тарихий ва залворли ҳужжати сифатида истиқлол зарварақларидан муносиб жой олади. Кечмиш тарих ҳам, кечаги кун, бугунги замон ва келажак ҳам баб-баравар кенг қамраб олинган мазкур фармонни, таъбир жоиз бўлса агар, сермазмун, ҳар томонлама пухта ва мукаммал тарихий асарга қиёслаш мумкин. Фармон олис ва яқин тарих, маърифатпарвар ота-боболаримиз ҳақида, мустабид замонларнинг қаттол қиёфасию маданиятимиз, тил ва адабиётимиз бошига тушган балолар, қатағон йилларнинг армонларию ғурур ва ифтихоримиз хусусида, маънавий камолот, миллат равнақию ёш авлод тақдири ҳақида кенг ва мўл маълумот бериш баробарида киши қалбини жунбушга келтиради, фикр ва мулоҳаза қилишга, масъуллик ва дахлдорликка ундайди, ўйлантиради, фахр ва ифтихор бағишлайди.

Ушбу тарихий фармон шундоққина ўз-ўзидан пайдо бўлмагани, унинг ҳар сатри ва ҳар бандида юксак идрок ва тафаккур, қалб ва юрак нафас олиб, бедор уриб турганини кўриш мумкин. Шу маънода мазкур ҳужжат «Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор» асарининг маънавий-узвий давоми янглиғ тил ва адабиёт аҳли учун ўз вақтида қабул қилинган, керакли ва ибратли, айни пайтда қувончбахш ва ғурурбахш маърифий-тарихий дастуриламал ҳамдир.

Сир эмас, жамиятимизнинг маънавий иқлими, маърифат ва маънавиятимиз, тил ва адабиёт аҳли билан ўсиб келаётган ёш авлод аллақачон шундай номдаги олий таълим даргоҳига муҳтож эди. Ва бу эҳтиёж ўз-ўзидан пайдо бўлмаганини ҳаммамиз яхши биламиз. Айниқса, ўқувчилик-талабалик йиллари собиқ мустабид тузум даврига тўғри келган ватандошларимиз юрак-юрагидан ўтказиб яшагани, битта-яримта ёш ижодкорларимиз озиб-ёзиб ёт ўлкалардаги адабиёт институтларида тасодифан ўқишга кириб қолса, ҳам ҳавас, ҳам ўкинч ва армон қилганларимиз ҳам бор гап. Мен бир ижодкор сифатида юксак шараф билан ному насаблари берилаётган бобомиз Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт университетига бу йил ўқишга кириб, шу олий мақомли таълим даргоҳида талабалик гаштини суриш насиб этадиган ука-сингилларим, ўғил-қизларимизга қувонч билан ва астойдил ҳавасим келяпти. Истиқлол шарофати билан номлари ҳам, мақомлари ҳам муносиб тикланган, қадр ва шараф топган Навоий бобомизнинг паноҳида юргандай, ул зотнинг кўркам ва ораста набиралари бу илму адаб бўстонида яйраб-яшнаб таълим олиб юрса, бунга шу юртнинг фарзандиман деган ҳар кишининг ҳаваси келмоғи тайин! Бу олийназар даргоҳдан насиб этса, келажакда адабиётимизнинг Навоийларию Бобурлари, Чўлпонларию Қодирийлари чиқишига ишонамиз.

Биз ўзга юртлардаги Адабиёт музейларига маҳлиё бўлиб, ҳавас билан қарардик. Президентимиз фармони билан янги очилажак университет таркибида Ўзбек тили ва адабиёти музейи ташкил этиш тўғрисидаги юксак эҳтиром ва эътиборни кўриб кўзимизда ёш қалқди. Бундан кейин устоз адибларимизнинг ертўла ва эски қутиларда чанг босиб ётган қўлёзмаларию хат ва ёзишмалари ҳам шу эътибор туфайли бўлажак муҳташам музейдан ўз муносиб мавқеини эгаллайди.

Янги университет таркибида, инглиз-ўзбек таржима факультетининг ташкил этилиши, айниқса, ниҳоятда керакли ва вақтида қабул қилинган қарор бўлганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Истиқлол берган ҳуқуқ ва эркинлик туфайли кейинги йилларда ёш таржимонлар сафи тобора кенгайиб, бу борада маълум ютуқларга эришилган бўлса-да, ушбу жараён тарқоқ ҳолда кечаётган эди. Махсус таржимонлик факультетининг очилиши, шак-шубҳасиз, келажакда адабиётимизга етук таржимонларни ҳам етказиб бериш, ўзбек адабиётини жаҳон аҳлига маълум ва машҳур қилишдек олийжаноб ва шарафли вазифани амалга ошириш борасида мустаҳкам пойдевор бўла олади.

 

Сирожиддин САЙЙИД,

Ўзбекистон халқ шоири.

ЎзА.



DB query error.
Please try later.