14.05.2016

ЖОМНИНГ БУГУНГИ ЖАМОЛИ

Самарқанд билан Қашқадарё вилоятининг ўртасида жойлашган Жом қишлоғининг тарихи узоқ-узоқларга бориб тақалади. Нуробод туманининг шарқий ҳудудидаги тоғлар бағридан бошланадиган бу қишлоқнинг қуйи қисми Чироқчи ва Улус чўлларига туташиб кетади. Жомликлар азалдан чорвачилик ва ғаллачилик билан шуғулланиб келишади. Тоғларидан қазиб олинаётган мармар сифатли қурилиш хомашёси ҳисобланади.

Мазкур қишлоқ аҳолиси 25 минг нафар атрофида. Ҳудудда 4 маҳалла фуқаролар йиғини, 7 умумтаълим мактаби, 2 қишлоқ врачлик пункти, касб ҳунар коллежи, бозор, болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, кўплаб савдо ва бошқа хизмат кўрсатиш шохобчалари мавжуд.

— 95 ёшга кирдим, — дейди Омондара маҳалласида истиқомат қилувчи уруш ва меҳнат фахрийси Ислом Неъматов. — Бир умр таълим тизимида ишладим. Мустақилликдан айланай, одамларимизнинг турмуш тарзигина эмас, онги-шуури ҳам ўзгарди. Биргина Жом ва унинг атрофларидаги қишлоқларда амалга оширилаётган ишларга қараб кайфиятинг кўтарилиб кетади. Янги-янги мактаблар, замонавий касб-ҳунар коллежи, болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, кўприклар барпо этилди.

Жомни уч томондан қуршаб турган тоғлардаги серсув булоқлардан бошланадиган кичик-кичик жилғалар бирлашиб, катта сойга айланади. Қишлоқ бўйлаб оқувчи сой устига кўприклар қурилган. 2012 йилнинг баҳоридаги сел кўприкларнинг аксариятини вайрон этди. Маҳаллалар оқсоқоллари ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатларининг саъй-ҳаракати туфайли ушбу муаммо қисқа муддатда ечим топди.

Давлат бюджетидан ажратилган 2 миллиард 271 миллион сўм маблағ эвазига 2013-2014 йилларда Омондарасой, Омондара, Дуғоб, Ҳапринсой, Карим­овул кўприклари қайтадан тикланди.

Жом қишлоғининг юқори қисмида ХI асрда барпо этилган Ғиштбанд сув омборининг қолдиқлари ҳозиргача сақланиб қолган. Унинг тарихи ҳақида Ўзбекистон миллий энциклопедиясининг 14-жилдида қуйи­дагилар келтирилган:

«Ғиштбанд — ХII асрдаги сув омбори тўғонининг қолдиғи. Омондарасойда жойлашган. Ғиштбанд Омондарасойнинг энг тор қисмида бўлиб, ҳозирги баландлиги 9 метр, узунлиги юқори қисмида 24,5 метр, асосида 10 метр, қалинлиги юқорисида 5,5 метр, асосида 9 метр, Ғиштбанднинг сув тўпланадиган ички томони тик, ташқариси зинапоя шаклида. ХII асрда чуқурлиги 9 метр, узунлиги 700 метр, кенглиги тўғон олдида 25 метр, юқори томонида 100 метр бўлган. Қишки ва баҳорги сел сувлари омборга тўпланиб, сув захирасини ҳосил қилган. Ғиштбанд туфайли Самар­қанд ва Қарши оралиғидаги қадимги карвон йўли ёқасида мустаҳкам қалъа қад кўтарган. Қалъанинг харобалари ҳозирги вақтда Каттатепа деб аталади. У Ғиштбанддан 5 километр ғарбда, Жом қишлоғи яқинида жойлашган. Жом қишлоғининг ўзида 250-300 гектар ер майдони суғорилиб, обод этилган. Сув омбори нураш, лойқа босиши натижасида ишдан чиққан».

Ўтган асрда мазкур сув омборини қайтадан тиклаш борасида кўп бора ҳаракат қилинди. Аммо мустабид тузум даврида бунинг иложи бўлмади. Мустақиллик шарофати билан аҳолининг неча юз йиллик орзуси амалга ошадиган бўлди. Жомда сув омбори қурилиши учун Давлат бюджетидан 3 миллиард 200 миллион сўм ажратилди.

— Умр бўйи қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаганим сабабли бўлса керак, мен қишлоғимизнинг деҳқончилик ва чорвачилик борасидаги имкониятларини яхши биламан, — дейди 88 баҳорни қаршилаётган меҳнат фахрийси Бердимурод Равшанов. — Қишлоқда узоқ йиллар бош агроном, бўлим бош­лиғи бўлиб ишлаганман. Экинларимиз асосан лалмикор ерларда етиштирилади.

Дарвоқе, кейинги даврда қишлоқ ҳудудидаги бунёдкорлик ишларининг кўлами кенгайиб бормоқда. Ўтган йили Жом қишлоқ фуқаролар йиғинининг Бошбулоқ қишлоғида 334,3 миллион сўмга 21-умумтаълим мактабининг филиали, 656,4 миллион сўмга маданият ва аҳоли дам олиш маркази барпо этилди.

Ҳозирги кунда Гирдиқўр­ғон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 615 миллион сўмлик газ баллонларини сақлаш сервис маркази қурилиши бошлаб юборилди.

— Бундай эзгу ишлар маҳаллалар оқсоқоллари ва фаолларининг, ЎзХДП аъзоларининг, партиямиз хайрихоҳларининг таклиф ва ташаббуслари билан амалга ошаётгани бизни қувонтиради, — дейди ЎзХДП Нуробод туман кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Ўктам Сатторов. — Яқинда қишлоғимиз ўртасидан ўтган автомобиль йўлини мукаммал таъмирлаш масаласи кўтарилди. Ушбу масала ҳам тегишли ташкилотлар томонидан ўрганилмоқда.

Озод Ватанимизнинг обод гўшасига айланаётган Жомнинг бугунги қиёфаси қишлоқдошлар ҳамжиҳатлигининг, тотувлигининг меваси, истиқлол берган имкониятларнинг натижаси, десак асло муболаға бўлмайди.

 

Абдурасул САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.