14.05.2016

БАХТ — ТИНЧЛИК, ХОТИРЖАМЛИКДА

Президентимиз томонидан пойтахтимиздаги Хотира майдонида айтилган фикрлар юртдошларимиз, партиямиз фаоллари ва депутатлар томонидан қизғин ўрганилмоқда. Мамлакат тараққиётида тинчликнинг аҳамияти ва қадр-қиммати ҳақида кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда.

 

Зулайҳо АКРОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Президентимизнинг фикр-мулоҳазалари ҳар биримизни ҳушёрликка, халқаро майдондаги вазиятни тўғри баҳолаб, ён-атрофда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан сезгир муносабатда бўлишга ундайди. Тинчлик ва омон­лик ҳақидаги ниятлар халқимизнинг юрагидан чуқур жой олган. Энг муҳими, бу мезон мамлакатимиз таш­қи сиёсатининг устувор йўналишига айланди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг ҳеч қандай ҳарбий блокка қўшилмаслиги ва мамлакатимиз ҳудудида чет давлатларнинг ҳарбий базалари жойлашувига, ҳарбий хизматчиларнинг мамлакатимиз таш­қарисида бўлишига йўл қўймаслик сиёсатини қонун билан мустаҳкамлаб қўйганимизни бугунги мураккаб вазиятда ўзимиз учун энг маъқул ва тўғри йўл, деб биламиз, дея таъкидлади.

Ҳақиқатан ҳам, қонунчилигимизда Ўзбекистон тинч­ликпарвар сиёсат олиб бориши ва ҳарбий-сиё­сий блокларда иштирок этмаслиги, ҳар қандай давлат­лар­аро тузилма ҳарбий-сиёсий блокка айланадиган бўлса, ундан чиқиш ҳуқуқ­ини ўзида сақлаб қолиши аниқ қайд этиб қўйилган.

Шунинг ўзи ҳам давлатимиз доимо тинчлик, тотувлик, ўзаро ҳамжиҳатлик тамойилларига содиқлигини намойиш этиб келмоқда. Ўз навбатида, бу меъёр халқи­мизнинг иродаси, орзу-интилишларига ҳам ҳар томонлама мос келади.

Республикамиз минтақамизда ва глобал миқ­ёсда тинч­лик ҳамда хавфсизликни таъминлашга қаратилган халқаро ҳужжатларга қў­шилган. Мамлакатимизда тинчлик, осо­йиш­талик ва бар­қарор­ликни таъминловчи муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилинган, уларнинг ижроси изчил таъминлаб келинмоқда. Хусусан, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида»ги, «Фуқаро муҳофазаси тўғрисида»ги, «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги, «Мудофаа тўғрисида»ги қонунлар халқ­имиз осойишталигини таъминлашда асосий омил бўл­моқда.

Бир ўйлаб кўрайлик. Нотинч жойда тараққиёт бўладими? Оиласи, фарзандлари ва яқинлари омонлигини ўйлаб, ҳаловат топмайдиган одам ўзини бахтли ҳис қила оладими? Йўқ, албатта. Аксинча, тинчлик, осойишталик бўлган жойдагина инсон эзгу орзулар ҳақида ўйлайди, уларни амалга оширишга ҳаракат қилади.

Биз тинчликсевар халқмиз. Уйимиз, маҳалламиз, юртимиз тинч бўлса, хотиржам меҳнат қилиб, янгидан-янги марраларни забт этамиз, ҳар қандай ютуққа ўз кучимиз билан эришамиз.

Бугун мамлакатимиз тинч, одамлар бемалол ишлаши, орзу-ниятларига етиши учун шароит ҳам, имконият ҳам етарли. Бу одамзод учун буюк неъмат, улуғ бахт аслида.

Турли мафкура ва қа­рашлар авж олган ҳо­зирги замонда инсон онгу тафаккурини бузғунчи ғоя­лар билан забт этишга бўлаётган ҳаракатларга бепарво қараб бўлмайди. Шу боис тинчликнинг қадри ва аҳамияти ҳақида ёшларимиз ўртасида тарғибот ишларини янада кучайтиришимиз талаб этилади. Партиямиз дастурида ҳам тинчлик-осойишталикни асраш, эл-юрт фаровонлигини таъминлаш, халқимиз ўртасидаги ижтимоий бирдамликни мустаҳкамлаш масалалари алоҳида ўрин олган. Демак, партиямиз ташкилотлари, биз, депутатлар бу борада доимо фаол бўлишимиз зарур.

 

Орифжон ИСМОИЛОВ, халқ депутатлари Зангиота туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Тўғриси, болалигимда отам дастурхон атрофида «Дун­ёмиз, юртимиз тинч бўлсин», деб дуо қилса, ҳайрон қолардим. «Уйимиз тор, кичкина, нега отам каттароқ уйимиз бўлишини сўрамайди», деб ўйлардим. Лекин ёшим ул­ғайиб, дунёдаги воқеа-ҳодисаларни кузатиб, аслида тинчлик улуғ неъмат экани, орзу-ҳавас, мурод-мақсадларимиз фақат тинчлик орқали амалга ошишини янада тушуниб етдим. Отамнинг дуолари замирида ҳам ана шу ҳақиқат ётганини англадим. Икки одам учрашганда, аввало, бир-бирига тинчлик-омонлик тилашида ҳам шу ҳикмат мужассам экан-да, деб ўйлаб қолдим. Илоҳим, тинчлигимизга кўз тегмасин.

Давлатимиз раҳбари Хотира майдонида халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётини ҳимоя қилиш, турли бало-қазолар юртимизга кириб келишининг олдини олиш зарурлигини яна бир бор таъкидлади. Бу бежиз эмас, албатта.

Бугун дунёнинг қатор мамлакатларида таҳдид-таҳлика авж олиб, одамлар ҳаёти жиддий хавф остида қолмоқда. Оммавий ахборот воситалари орқали хабардор бўлаяпмиз: айрим давлатларда қандай хунрезликлар бўлаётганини. Баъзи давлатларда эрталаб фарзандларини ўқишга, турмуш ўртоғини ишга кузатган она уларнинг эсон-омон қайтиб келишини минг ҳадик, хавотир билан кутади. Шукр­ки, юртимизда тинч­лик, осудалик ҳукм сурмоқда. Бу бизнинг чинакам бахтимиз.

Отам Боқижон Исмоилов 1941 йилда 17 ёшида фронтга кетган. У негадир уруш хотираларини сўзлашни унчалик хуш кўрмас эди. «Ишқилиб, биз кўрдик, сизлар кўрманглар!» деб хўрсиниб қўярди. Айрим пайтлари урушда бирга қатнашган дўстлари ҳақида гапирарди. Урушда кимдир «Ҳали ғалаба қозониб, уйимизга қайтсак, ҳаммангизни тўйимга чақираман, яйраб ўйин-кулгу қиламиз», деса, яна биров «Келаётганимда ўғлим энди туғилган эди, юртимизга қайт­ганимизда тўйга айтаман», деб орзу қиларди. Лекин ҳаммаси ҳам ниятига ета олмади. Шулар ҳеч хаёлимдан кетмайди, буни унутиб бўладими, дерди отам уҳ тортиб. Кейин билсам, бир вақт­лар уруш келтирган офатлар, одамларимиз бошига сол­ган кулфатлар, хотиралар унинг қалбида оғир жароҳатлар қолдирган экан. 

Отамнинг узоқларга термулган нигоҳларида нималар акс этганини тушуниб етгандай бўламан. Англайманки, отам урушнинг муд­ҳиш жабрини, ғалаба учун курашган одамларимиз бошидан ўтказган қийинчиликларни кўп ўйлайди. Отамга Истиқлолни, ўзи орзу қилган бугунги дориламон кунларни кўриш насиб этди. Бугун фарзандлари, неваралари қуршовида тинчлик ва осудаликда ҳаёт кечирмоқда.

Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб партиямиз ташкилотлари ташаббуси билан икки авлод учрашувлари ўтказилди. Уларда уруш ва меҳнат фахрийлари ёшларимизга машаққатли кунлар хотиралари, сабоқлари ҳақида сўзлаб беришди, бугунги тинч­лик ва хотиржамлик замонига шукрона келтиришди. Бундай суҳбатлар ёшларимиз ҳар томонлама огоҳ ва ҳушёр бўлиб ул­ғайишида, ҳаётни чуқурроқ тушуниб етишида муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлайман. 



DB query error.
Please try later.