12.05.2016

КЕКСАЛАР ҲОЛИДАН ХАБАР ОЛИНДИ

Нуриддин Муҳиддинов ҳаётнинг не-не синовларидан ўтмади. Тақдир экан, дея йиғлаб-йиғлаб дастлаб аёлини, сўнгра фарзандини тупроққа топширди. Кексайган чоғида эса Фар­ғона шаҳридаги «Саховат» уйидан меҳр топди. Беморлик чоғида ҳам уни оқ ювиб, оқ тарадилар. «Менга меҳрибонлик кўрсатган юртимга, халқимга раҳмат», дейди у ҳар гал дуога қўл очганида. Дарвоқе, йиллар давомида бу даргоҳга кимлар кўнгил сўраб келмади, дейсиз. Аммо бугун эрта тонгдан бир хил ки­йинган ёш йигит-қизлар таъзим ила қўлларига сув тутиб, хуш кайфият тилаганида бошқалар қатори Нуриддин ота ҳам ҳайратда қолди.

— Бугун биз, Ўзбекистон Халқ демократик партияси «Истиқбол» ёшлар қаноти аъзолари то кечгача хизматингиздамиз, деди улардан бири.

Ёшлар келтирган сархил баҳорий мевалар, пишириқлар билан тузалган дастурхон атрофида дилдан суҳбат бошланди.

Нуриддин ота Фарғона хуқуқшунослик коллежи 3-босқич ўқувчиси ЎзХДП вилоят кенгаши ҳузуридаги «Ёш сиёсатчилар» клуби фаоли Дилшодахон Валиевага ўз ҳаёти, кўрган-кечирганлари ҳақида гоҳ ғамгин, гоҳ қувноқ ҳикоялар сўзлаб берди. Дилшода эса орзулари, партия кенгаши фаолияти ҳақида гапирди. Шу тариқа улар ота-болалардек қадрдонлашди.

Истиқболчилар «Саховат» уйи ҳовлисини ободонлаштиришди. Сўнг қўшиқ ва рақслар билан кексаларга хушкайфият улашишди.

— Мамлакатимизда кексаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш, енгиллик ва имтиёзлар билан боғлиқ масалалар давлат сиёсатининг муҳим йўналишидир, — дейди ЎзХДП Фар­ғона вилоят кенгаши сектор мудири Аҳмадали Ҳакимов. — Президентимиз таъкидлаганидек, фахрийларимизнинг ҳурматини жойига қўйиш, ҳар қайси кекса одамнинг юрагига етиб бориш, кўнглини кўтариш, шу билан бирга, уларнинг ҳаётини мазмунли қилиш йўлида олиб бораётган ишларимизни кучайтириш, самарасини оширишга ҳаракат қиляпмиз.

Партия вилоят кенгаши кексалар, нуроний отахон ва онахонлар манфаатлари билан боғлиқ ижтимоий вазифаларни ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бугун биз айнан шу мақсадда маскандаги бобо-бувиларимиз хизматидамиз.

— Уюшқоқлик, покизалик ва меҳр-оқибат рамзи бўлган ҳашар халқимизнинг минг йиллар оша қадрланиб келинаётган азалий удумларидан бири саналади, — дейди «Саховат» кексалар ва ногиронлар интернат уйи директори Ҳабибулло Тошалиев. — Юртимизда хайрия ҳашарини ўтказиш ва шу орқали ҳудудларни ободонлаштириш яхши анъанага айланган, ЎзХДП ёшлари иштирокида ўтказилган ҳашар муносабати билан «Саховат» уйи атрофи тартибга келтирилди, ариқ ва зовурлар тозаланди. Деворлар оқланди, гул ва дов-дарахтларга шакл берилди. Энг муҳими, кўрсатилган меҳр ва ғамхўрликдан нуронийлар кўнгли тоғдек кўтарилди. Уларни дуо қилишди. Ёшларнинг бу ташаббусидан барчамиз мамнун бўлдик. Барака топишсин!..

 

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.