12.05.2016

ИЛМ-ФАН ЮТУҚЛАРИ

мамлакат тараққиётига хизмат қилади

11 май куни пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ»да Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар IX Республика ярмаркаси очилди

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Таш­қи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва сав­до вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ҳамда Фанлар академияси томонидан ташкил этилган мазкур ярмаркада вазирликлар, идоралар, банклар, иқти­содиё­тимизнинг барча тармоқлари, олий ўқув юртлари, илмий марказлар иштирок этмоқда.

Президентимизнинг 2006 йил 7 августдаги «Фан ва техно­логия­лар ривожланишини мувофиқлаштириш ва бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2008 йил 15 июлдаги «Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари ярмаркани ўтказишда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Шу пайтга қадар ўтказилган саккизта ярмаркада мамлакатимиз олимлари томонидан яратилган 3900 га яқин инновацион ғоя ва технология намойиш этилиб, 112 миллиард 600 миллион сўмлик 3100 дан ортиқ шарт­нома имзоланган.

Натижада қиймати 1 триллион 800 миллиард сўмга яқин янги маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. 59 номдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, 55 шартнома доирасида маҳсулотларнинг тажриба-синов ва саноат намуналари яратилди. Юздан зиёд корхона ва фермер хўжаликларига илмий-техник хизматлар кўрсатилди.

 Бу йилги ярмаркада 650 га яқин инновацион ғоя ва ишланма намойиш этилмоқда. Улардан 130 таси саноат, 116 таси қишлоқ хўжалигини мо­дер­низация қилиш, 130 дан зиёд ишланма соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, 89 таси ахборот технологиялари, яна 34 таси илм-фан ва таълим соҳасидаги янги дастурий маҳсулотлардир.

— Ярмаркада 85 инновацион ишланмалар билан қатнашаяпмиз, — дейди Тошкент давлат техника университети илмий ишлар проректори, профессор ­Карима ­Норқулова. — Уларнинг 43 таси ­профессор-ўқитувчилар, 42 таси эса ёш олимлар ва талабаларнинг ишланмалари ҳисобланади.

Университетимиз ёш олим ва иқтидорли талабалари томонидан яратилган муқобил энергия соҳасидаги ишланмалар мутахасисларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Ярмаркада мамлакатимизда етакчи бўлган Навоий кон-металлургия комбинати, Ўзбекистон металлургия комбинати, Деҳ­қонобод калийли ўғитлар заводи ва бошқа йирик корхоналар билан шарт­номалар тузишни режалаштирганмиз...

Бу галги ярмаркада биринчи марта «Экотехнологиялар» йўналиши ташкил этилди. Унда атроф-муҳит муҳофазаси, тикланиши ва тозаланишини таъминловчи ҳамда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича республикамиз илмий ташкилотлари ва университетлари томонидан ишлаб чиқилган 50 дан зиёд технология намойиш этилмоқда.

Ярмаркада истеъдодли ёш­ларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб, ёш олим ва талабалар томонидан яратилган 70 дан ортиқ ишланма ташриф буюрувчилар эътиборига ҳавола этилмоқда. Шунингдек, «Ёшларнинг инновацион ғоялари» республика кўрик-танлови учинчи марта ўтказилади.

Ярмарка доирасида мавзулар бўйича халқаро форум, илмий-амалий семинарлар ва давра суҳбатлари бўлиб ўтади.

IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Улуғбек Розуқулов сўзга чиқди.

 

Шуҳрат ИСЛОМОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.