12.05.2016

БИЗГА ТИНЧЛИК КЕРАК, ОМОНЛИК КЕРАК

Мамлакат раҳбарининг бу сўзлари бугун халқимиз қалбидан чуқур жой олди

9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан пойтахтимиздаги Хотира майдонида Президентимиз Иккинчи жаҳон урушида мардлик ва жасорат кўрсатган юртдошларимизнинг қаҳрамонликлари, фронт ортидаги фидокорона меҳнати, душман босиб олган ҳудудлардан кўчириб келтирилган аёллар ва болалар, кексаларга халқимиз томонидан кўрсатилган меҳр-оқибат ҳақида сўз юритди.

Бугунги кунда мамлакатимизда уруш ва меҳнат фахрийларига янада кўпроқ эътибор кўрсатиш, уларнинг ҳаёт даражасини ошириш, ҳурмат-иззатини жойига қўйиш барчанинг инсонийлик бурчи эканини алоҳида таъкидлади.

Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Президентимиз томонидан илгари сурилган фикр-мулоҳазалар Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкилотлари, депутатлик бирлашмалари, фаоллари томонидан чуқур ўрганилмоқда.


Комила КАРОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси:

— Тинчлик — улуғ неъмат. Уни асраш ҳар бир фуқародан жуда катта масъулият талаб қилади. Бу муҳим масалага Президентимиз Хотира ва қадрлаш куни ОАВ ходимлари билан бўлган мулоқотда яна бир бор эътибор қаратди. У кишининг «Ўз уйингни ўзинг асра» ғояси бугун янада долзарблик касб этмоқда, огоҳликка чақирмоқда. Чунки бутун дунёда тинчликка қарши таҳдидлар тобора кескинлашмоқда.

Менинг назаримда тарихчи олимларимиз Иккинчи жаҳон уруши даврини чуқур ўрганиб, унда халқимизнинг иштироки, буюк ғалабага қўшган ҳиссасини тўғри талқин қилинишига эришиши керак. Чунки баъзи бир ўринларда тарихни бузиб кўрсатишга уринишлар бўлаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Биз тинчликнинг қадрига етадиган, нафақат ўзимизга, балки бутун дунёга тинчлик истайдиган халқ­миз. Ҳар йили Хотира майдонида журналистлар билан бўлиб ўтадиган суҳбатларда Президентимиз тинчлик тақдири ўз қўлимизда эканини, уни асраш учун барчамиз бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз зарурлигини уқтирди. Шу боис буни ҳар бир Ўзбекистон фуқароси чуқур англаб етиши лозим.


Умрбек БЕКТЕМИРОВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири:

— Президентимизнинг ёшлар ҳақидаги фикр­лари мени жуда тўлқинлантириб юборди. У киши ҳар доим ёш авлодга ишонишини, келажакда Ватан тақдири ёшларга боғлиқлигини, Ўзбекистонимизни бутун дунёга ёшлар танитишини таъкидлайди. Бу ишонч, бу эътибор, бу ғамхўрлик бизни янада фаол бўлишга ундайди. Тўғриси, Президентимизнинг биз ёшларга қарата «болаларим» деб мурожаат қилиши, эртанги кун бизники, марра бизники эканлигини айтиши ҳар бир ўзбекис­тонлик йигит-қизнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшади. Ватан манфаатлари учун курашишга, уни янада кучлироқ севишга ўргатади. Менинг фикримча, Президентимизнинг ёшларга мурожаатлари ҳаётда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Спортчиларимиз жаҳон ареналарида Ўзбекистон байроғини юксакларга кўтармоқда. Мусиқа мактаблари ўқувчилари халқаро фестивалларда бош совринларни қўлга киритмоқда. Бўлғуси олимларимиз халқ­аро олимпиадаларда мамлакатимиз ёшларининг билим ва заковатини бутун дунёга намойиш қилмоқда.

Хотира майдонидаги мулоқотни телевидение орқали томоша қилиб, менда ҳам эртанги кунга бўлган ишонч янада ортди. Янги-янги режалар, ғоялар ҳақида ўйлай бошладим. Бунинг ҳаммаси учун энг аввало тинчлик кераклигини яна бир марта тушуниб етдим.


Ҳақиқат ҲАМРОЕВА, Каттақўрғон туманидаги 17-умумтаълим мактаби директори, ЎзХДП фаоли:

— 2-7 май кунлари мактабимизда тинчлик дарслари ўтказилди. Ушбу машғулотларда олимлар, ижодкорлар ва меҳнат фахрийлари иштирок этди. Бунда асосий эътиборни юртимиздаги тинчлик, осойишталикни кўз қорачиғидай асрашга қаратдик.

Мактабимиз жойлашган маҳаллада икки нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси истиқомат қилади. Пирим Даминов ва Карим Абдуллаев хонадонларида бўлиб, уларнинг уруш хотираларини эшитдик. Ўқувчиларимиз тинчликни қадрига етиш ҳақидаги ҳаётий ўгитларидан баҳраманд бўлишди.

Президентимиз бир фикрни алоҳида таъкидлади: «Тарих — бу хотира». Халқ хотирасиз яшолмайди. Бугунги кун ҳар биримиздан тинчликнинг қадрига етишни, фарзандларимиз учун яратилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланишни талаб этмоқда. Ҳар йили тинчлик дарслари ўтилиши эса ана шу жиҳатларни ёшлар онгига чуқурроқ сингдиришда муҳим аҳамиятга эга.


Акром АКБАРОВ, халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Президентимиз фикрларини тинглаб туриб, ҳақиқатан ҳам турли бало-қазоларни юртимизга яқин йўлатмаслик, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, тинч ҳаётимизни сақлаш жуда муҳим эканига яна бир марта иқрор бўлдим. Бунинг учун энг аввало миллий армиямиз куч-қудратини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилиши лозимлигини ҳам қўллаб-қувватлайман.

Шуни фахр-ифтихор билан айтиш керакки, бугунги кунда ўғлонларимиз учун Ватан ҳимояси олий шарафга айланди. Ҳарбий бўлишга интилаётган ёшлар сафи тобора кенгайиб бораётгани ҳам буни кўрсатиб турибди. Шу ўринда яна бир гап. Биз кексалар ёшларимизга Ватан ҳимояси нима эканлигини, чегарада турган аскар ортида юрти, оиласи борлигини теранроқ англатишимиз керак, деб ўйлайман. Бир пайтлар бошимиздан кечирган уқубатли кунлар бугун ортда қолди. Мустақиллик эълон қилинганидан бошлаб аскарларимиз фақат ўзимизнинг юртимизда хизмат қилмоқда. Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий блокка қўшилмайди ва ўз ҳудудида чет мамлакатларнинг ҳарбий базалари жойлашишига ҳам йўл қўймайди. Бу — қонун йўли билан ҳам мус­таҳкамлаб қўйилган. Шуни чуқур анг­лаб етган ҳолда таълим даргоҳларида ватанпарварлик дарслари кўпроқ ўтилишига, унда кўпни кўрган, тарихни яхши биладиган инсонларнинг иштирок этишига алоҳида эътибор қаратишимиз зарур, деб ҳисоблайман.

 

ЎзМУ талабаси

Барчиной ҲАМИДУЛЛАЕВА

ёзиб олди.

 



DB query error.
Please try later.