12.05.2016

НУРОТАДА НУРЛИ НАВОЛАР

Нурота заминидаги қадимий Нур чашмаси мажмуасида фольклор жамоалари ва бахшиларнинг «Нурли наволар» республика фестивали бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда барча вилоятлардан фольклор этнографик халқ ансамбллари, шу йўналишда изланиш олиб бораётган олимлар, ёшлар — хуллас, етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган истеъдод соҳиблари иштирок этди.

Четдан кузатсангиз, манзаралар эртакона, анвойи ранглар жилоси чашма мажмуасида мужассамлигига гувоҳ бўласиз. Нур чашмаси мажмуасида ҳали бунақаси бўлмаган. Фестиваль иштирокчиларидан бири ҳайрат ва ҳаяжон билан таъкидлаганидек, шу куни Нуротадаги ҳар бир гулу гиёҳ, муқаддас чашма куйлади халққа қўшилиб.

— Бу анжуман ҳақиқатан ҳам ўзбек халқининг қадимий қадриятлари сифатида қайтадан сайқал топмоқда, — дейди Республика Халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий методик маркази директори Азамат Ҳайдаров. — Фестивалда Қорақалпоғис­тон Республикасидан «Шуъла», Андижон ва Намангандан «Ёр-ёр», Бухоронинг «Вардонзе наволари», Жиззахнинг «Зомин сайқали», Самарқанд вилоятидан «Беш­қарсак», Сирдарёдан «Бодом гуллари», гўзал Сурхондан «Бойсун», Тошкент вилоятидан «Заррин япроқлар», Фар­ғонадан «Қўқон ёр-ёри», санъат юрти Хоразмдан «Хоразм» ва «Мерос», Қашқадарё оҳангларини тараннум этган «Ризвонгул» ҳамда Навоийдан «Нуржаҳон», «Хушон замон», «Сардоба», «Ёр-ёр» сингари энг намунали фольклор-этнографик халқ ансамбллари иштирок этди. Уларнинг ҳар бири ўзига хослиги, ижрочилик маҳоратининг такрорланмаслиги билан ажралиб туради.

Анжуманнинг Нурота заминида бўлиб ўтгани ҳам бежиз эмас. Бу ердаги бой маданият, Эргаш Жуманбулбулдек бахшилар, игна билан дунёга чиққан каштадўз­лар санъати фахр-ифтихоримиздир. Ер қаъридан отилиб чиққан чашма суви тириклик асоси бўлса, халқ қалбидан отилиб чиққан наволар тилдан-тилга кўчиб, авлодлар қалбига нур каби оқиб кирмоқда.

— Ушбу анжуман боис республикамизнинг барча ҳудудларидаги урф-одатлардан баҳраманд бўлдим, — дейди фестиваль иштирокчиси, жиззахлик Мадина Саримсоқова. — Қадимий қўшиқларимиз истиқлол боис яна қайтадан сайқалланиб, янги-янги қирраларини намоён этмоқда. Бундай фес­тиваллар халқимиз, ёшларимизни янада ҳамжиҳатликка, тинчликнинг қадрига етишга ундайди.

— Санъатда энг қадимий, ўзига хос йўналишлардан бири саналган фольклор, аввало, ўзаро биродарлик, аҳиллик, инсонларни куй-қўшиқ воситасида бир-бирига яқинлаштирган, — дейди фольклоршунос олим Маматқул Жўраев. — Ундаги яна бир асосий жиҳат — ёш хусусияти ҳисобланади. Масалан, бир жамоада жажжи болакайни ҳам, нуроний отахонни, хуллас, оила аталмиш даргоҳ эгаларининг барчасини кўрасиз, улар бирга куйлашади, рақсга тушишади. Танланган мавзуларнинг барчаси оиладаги қоидалар асосида бўлиб, фаровон турмуш, миллий урф-одатларни тарғиб этади. Кексаю-ёш руҳиятини англатадиган, улар онгидан мустаҳкам жой оладиган бундай куй-қўшиқлар туркуми шунинг учун ҳам фольклор — яъни халқ донишманд­лиги, деб аталади.

— Бу анжуман ҳаётимдаги энг ширин хотиралар сифатида бир умр юрагимда қолади, — дейди франциялик сайёҳ Доминико Рино. — Айниқса, халқингизнинг бир-бирига бўлган меҳри мени ўзига жуда мафтун этди. Қадимий қўшиқлар эса чиндан ҳам ёқимли ва ҳузурбахш. Мен кўп йиллардан буён қурувчилик билан шуғулланаман, юртингиздаги улкан бунёдкорликларни юқори баҳолайман.

«Нурли наволар» республика фестивали доирасида тасвирий ва амалий санъатга қизиқувчи ёшлар кўргазмалари, каштачиликнинг энг гўзал намуналари намо­йиши ҳам тадбирга ўзгача кўрк бағишлади.

Фестивалда ўз ҳудуди қадриятларини кўз-кўз қилиб, ғурурланиб намойиш этаё­т­ган жамоалар чиқишларини кузатар экансиз, уларга қўшилиб куйлагингиз келади. Ҳатто, фестивалда томошабин сифа­тида қатнашган, қачонлардир урушнинг оғир кунларини бошидан кечирган отахону онахонларнинг кўзларида севинч ёшлари, дилларида шукрона туйғулари жўш урди.

Фестивалда биринчи ўринни хоразмлик Рўзимбой бахши Нормаматов қўлга киритди. Иккинчи ўрин Навоий вилоятидан Сунғат Жумаханов ва Хоразм вилояти вакили Достон Нормаматовга насиб этди. Сурхондарё вилоятидан Абдуназар Поёнов, қашқадарёлик Баҳром Раҳимов, Жиззах вилояти вакили Нишонбой Ўрозовлар учинчи ўринга сазовор бўлди. 

Фольклор-этнографик халқ ансамбллари орасида Қорақалпоғистон Республикасининг «Шуъла» ва Навоий вилоятининг «Нуржаҳон» жамоалари биринчи ўринга сазовор бўлди. Иккинчи ўринни Хоразм вилоятининг «Хоразм» ва «Мерос» жамоалари эгаллади. Учинчи ўрин Қашқадарё вилоятининг «Ризвонгул», Самарқанд вилоятининг «Беш­қарсак» ва Фарғона вилоятининг «Қўқон ёр-ёри» жамоаларига насиб этди. 

Маданият тадбирининг иккинчи куни Хатирчи туманида «Бахшилар юрт­ни куйлайди» фестивали билан давом этди.

Тадбирда республикамизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 22 нафар бахши ўз терма, достон ва лапарлари билан иштирокчиларга хушнудлик улашди.

Фестивалда республика Маданият ва спорт ишлари вазири Баҳодир Аҳмедов ва Навоий вилояти ҳокими Эркин Турдимов иштирок этишди, халқимизнинг қадим санъатини асраб-авайлаб, тар­ғиб этиб келаётгани учун қатнашчиларга ўз миннатдорчиликларини билдиришди.

 

Илҳом САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.