09.05.2016

УРУШ КЎРГАН АЁЛЛАР

Уруш йиллари биздан қанча узоқлашса, унда иштирок этган, фронт ортида меҳнат қилган инсонлар хотирасини янада теранроқ ҳис қиламиз, уларнинг жасоратлари ҳақида улғайиб келаётган ёш авлодга ҳикоя қиламиз. Бугун биз фронтда жасорат кўрсатиб жанг қилган, фронт ортида матонат билан меҳнат қилган аёлларимиз ҳақида ҳикоя қилсак, ёшларга эртакдек туюлиши мумкин.

l Муқаддам Ашрапова Тошкентнинг «Жаркўча» маҳалласида туғилиб, вояга етди. Унинг отаси Саид Ашрафхон ўз даврининг уламоси, дунё кўрган, билимли инсон эди. У Муқаддамхонни тиббиёт инс­титутига ўқишга қўйганида, тез орада уруш бошланишини, якка-ю ягона қизи институтни битириб, ўз ихтиёри билан урушга кетишини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Лекин Муқаддамхон шу тақдирни танлади.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида Муқаддам Ашрапова фронтнинг қайноқ нуқталарида бўлиб, минглаб ярадор аскарлар ҳаётини сақлаб қолди. Урушдан эсон-омон қайтиб келиб, қадрдонлари билан дийдорлашиш бахтига муяссар бўлди, уларнинг дуосини олди. Тинч қурилиш йилларида Тошкент тиббиёт институти клиникасида жарроҳлик қилди, бўлажак шифокорларга сабоқ бериш билан бирга, илмий изланишлар олиб бориб, фан доктори даражасига эришди.

— Онам жуда ростгўй бўлиб, ҳақни ноҳақдан ажратишда ҳеч кимни аямасди, — дейди Муқаддам аянинг қизи Людмила Раҳматуллаева. — Тошкент шаҳрида уни танимаган, маслаҳатини олмаган инсон йўқ эди ҳисоби. Бемор уйга келса, уйда, шифохонага келса, ўша ерда уни текшириб, муолажага киришарди. Энг муҳими, беморга ака ёки укасидай, опа-синглисидай меҳрибонлик билан муом­ала қиларди.

Ҳозир ҳам ҳар байрамда фарзанду невара-эваралар йиғилишиб, онамнинг хотирасини ёд этамиз, ўша куни уйи­мизга онамнинг қўлида шифо топган инсонлар ҳам келиб, дуо қилишади, бундан кўнг­лимиз фахр-ғурурга тўлади.

l Иккинчи жаҳон урушида ўзбекистонлик санъаткорлар фронтда жанг қилаётган аскарлар ҳузурида концертлар уюштиришарди. Улар сафида Ўзбекистон халқ артисти Коммуна Исмоилова ҳам бор эди. Бир гуруҳ санъаткорлар 2-Украина фронти ҳудудидаги Кременчук шаҳрига боришганида, аскарлар фашистларга қарши жанг қилмоқда эди. Ўқлар визиллаб учар, бомбалар даҳшатли сурон билан гоҳ у ер, гоҳ бу ерда портларди. Ярадорлар ҳаддан кўп, ҳаммаси ўзи билан овора, юз-кўзлари чандиб ташланган, оғриқ зўридан оҳ-воҳ қилишарди.

Шунга қарамай, санъаткорлар уларга руҳий далда бериб, Ўзбекистондан олиб борган совға-саломларини тарқатишади. Кейин Коммуна Исмоилова секин қўшиқ бошлайди. Бирданига ҳамма ёққа жимлик чўкади, оҳ-воҳлар ҳам тинади.

Жонинг бўлай, ёринг бўлай,

Мангу вафодоринг бўлай.

Дори-дармонлар тутиб,

Ёнингда ҳамкоринг бўлай,

деб куйлаганида, ҳатто ярадор жангчилар хурсандчиликдан қичқириб юборишади, санъаткорларни олқишлашади. «Сизларнинг овозингизни эшитиб, она юртимизни кўр­гандек бўлдик, энди ўлмаймиз», — дейишарди улар. Ватан соғинчи шунчалар буюк, қўшиқнинг куч-қудрати шу қадар қудратли эди.

Санъаткорлар қўшиқ куйлаб бўлгач, ярадорлар билан суҳбатлашиб, ширин сўзлар билан уларга тасалли берарди. Коммуна Исмоилова ана шу тариқа юздан ортиқ жойда ташкил қилинган концертларда қатнашиб, жанг­чиларни ғалаба сари руҳлантирган буюк санъаткорлардан бири эди.

l Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Раҳимованинг оиласи ўтган асрнинг бошларида Астрахандан Туркистонга қулоқ сифатида сургун қилинган эди. Уларнинг оиласи шу тариқа Марғилондаги маҳаллалардан бирида қўним топди. Маҳалла аҳли ҳашар уюштириб, уларга уй қуриб беришди.

Оила бошлиғи Артём қўлигул уста эди, маҳалладошлари уни ўзбекчасига Артин ака, деб ҳурматлашарди. Артём устанинг тўрт қизи бор эди. Ота-она оғир хасталикка учраб, бевақт вафот этганлиги сабабли улар маҳалла аҳли меҳр ардоғида ўсиб улғайди. Артин аканинг катта қизи Амалия журналист эди, у Чўлпон асарларини рус тилига таржима қилди. Тамарахоним эса буюк санъаткор сифатида дунёга танилди. Гавҳархоним ва Лизахонимлар ҳам санъат йўлидан бориб, эл-юрт эъзозига мушарраф бўлишди.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида Гавҳар Раҳимова ўзига тенгдош бўлган Розия Каримова, Ойхон Ёқубова, Қумрихон Қодирова, Дилором Шерова, Меҳрихон Абдул­лаева каби кўплаб санъаткор аёллар билан фронт бригадаси тузиб, жангчиларга концертлар уюштириб, уларни ғалаба сари руҳлантирдилар.

Урушдан кейинги йилларда ҳам Гавҳар Раҳимова йигирма олти нафар сафдоши билан урушда қаҳрамонлик кўрсатган ўзбек қизларидан бири Зебо Fаниева номли жанговар ансамблни тузишди. Уруш кўрган бу аёллар фронт қўшиқларини куйлаб, ёш авлодга жанг хотираларидан сўзлаб беришарди.

Бу жасоратли аёллар ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтиб, ўзларидан яхши ном, унутилмас хотира қолдирди. Бу йўл жамики машаққат ва қувончлари билан улуғ хал­қимизнинг юрагига бориб уланади.

 

Гулчеҳра ЖАМИЛОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.



DB query error.
Please try later.