Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
09.05.2016

ХАЛҚИМИЗ ЖАСОРАТИ

минг йиллар давомида унутилмайди

Иккинчи жаҳон урушининг дастлабки кунлариданоқ мажбуран ўз уй-жойини ташлаб, ўзга юртларга кетаётган аҳоли учун Ўзбекистон иккинчи ватанга айланди. Юртимиз бу даврда бир миллиондан ортиқ аҳолини ўз бағрига олди. Шунингдек, мамлакатимиз ҳудудида уруш йилларида эвакуация қилинган ўнлаб корхоналар жойлаштирилди.

Эвакуация қилинган аҳоли билан ишлаш катта меҳнат талаб қиларди. Шу боис республикада эвакуация қилинганлар билан шуғулланувчи махсус ташкилот тузилди. Улар юртимизга кўчиб келган аҳолини жойлаштириш, озиқ-овқат билан таъминлаш, тиббий ёрдам кўрсатиш масалалари билан шуғулланди.

Архив маълумотларида келтирилишича, 1941 йилнинг ноябрь ойигача биргина Украинадан Ўзбекистонга 54 минг нафардан ортиқ киши кўчириб келтирилган. Ўзбекистонга энг кўп Россия, Белорусь, Молдавия ва Болтиқ­бўйи республикалари фуқаролари кўчиб келган. Улар мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларига жойлаштирилган.

1942 йил баҳорига келиб Ўзбекистонга келганлар сони 716 минг нафарни ташкил этди. Ўша пайтдаги манзарани рус ёзувчиси Константин Симонов қуйидагича тасвирлаган: «Кечаларнинг бирида бу майдонда (Тошкент вокзали майдони назарда тутилган) минглаб кишилар ерларда юмалаб ётарди. Эрталабга қадар бу кишилардан бирортаси майдонда қолмади: ўзбеклар барчани ўз уйларига киритдилар».

Ўша даврда яшаш учун мўлжалланмаган ерлар уй-жойларга айлантирилди. Кўчирилганларнинг асосий қисмига маҳаллий аҳолининг уйларидан жой ажратилди. Масалан, биргина ўша даврда 653 минг аҳолиси бўлган Андижон вилоятига 100 мингдан ортиқ аҳоли, шулардан 10 минг бола жойлаштирилди. Бу Андижонда ҳар бир 5 кишилик оила бир одамни қабул қилди, дегани эди. Ўша пайтда замон жуда оғир бўлганига қарамасдан, халқимиз эвакуация қилинган инсонлардан ўз меҳр-мурувватини аямади.

Ўзбекистонга кўчирилган 200 мингдан ортиқ болага халқимиз томонидан кўрсатилган меҳр-оқибатни, дарҳақиқат, тарихий жасорат сифатида эътироф этиш лозим. Чунки ҳар бир оила қабул қилинган болага ўз фарзандидек муносабатда бўлиб, тарбиясидан тортиб, соғлиғигача эътибор қаратди. Бу халқимизга хос бўлган фидойилик, инсонпарварлик, бағрикенгликнинг амалдаги кўриниши ҳисобланади.

Уруш йилларида Ўзбекистонга юзлаб Болалар уйлари (Меҳрибонлик уйлари) кўчиртирилди. Бу муассасаларга корхоналар ва хўжаликлар томонидан иқтисодий ёрдам бериб турилди.

Иккинчи жаҳон уруши ҳақида сўз кетганда, унинг энг оғир юки хотин-қизлар зиммасига тушганини алоҳида таъкидлаш лозим. Қийин ва қалтис даврда аёлларнинг нозик елкаси мураккаб вазифаларни кўтаришга мажбур бўлди. Бу борада, айниқса, ўзбекистонлик хотин-қизлар алоҳида жасорат кўрсатишди.

Улар бу йилларда оғир техникаларни ишлатди, тракторларни бошқарди, темир йўл, қурилиш майдонларида фаоллик кўрсатди. Саноат корхоналарида ўқ, қурол-яроғ ишлаб чиқаришда меҳнат қилди. Аёлларнинг фронт ортида туриб қилган матонатли меҳнатини фашизм устидан ғалабага қўшган муносиб ҳиссаси, деб баҳолаш мумкин.

1941 йилнинг иккинчи ярмида Наманган вилоятидаги корхоналарда 230 аёл турли касбларни ўрганиб, механик, электр созловчи, ҳайдовчилик қила бошлашди.

1942 йил охирига келиб республика темир йўлларида қарийб 9 минг нафар аёл турли оғир ишларга жалб этилган. Биргина Самарқанд темир йўл станцияларида 1942 йил бошларида 127 хотин-қиз хизмат қилди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида аёллар ҳатто кончилик касбини ҳам эгаллашди. Умуман олганда, Ўзбекистон ишлаб чиқариш саноатида аёллар ҳал қилувчи кучга айланди.

1941 йил август-сентябрь ойларида Ўзбекистондаги машина-трактор станциялари ва механизаторлар мактаблари қошида очилган трактор ҳайдовчилари тайёрловчи курслар тингловчиларининг 80 фоизини хотин-қизлар ташкил этган эди. Масалан, бу курсни 1941 йилда тамомлаганларнинг 12 минг нафардан ортиғи аёллар эди.

Биргина Самарқанд вилоятидаги механизаторлар тайёрловчи курсларни 1943 йилда 3,9 минг тингловчи битирган бўлиб, уларнинг 85 фоизини аёллар ташкил этган.

Бу йилларда Ўзбекистон аёлларини бригадир, хўжалик раиси ёки ўринбосари этиб та­йинлашга катта урғу берилди. Чунки асосий ишчи кучини ташкил этган хотин-қизларни бошқаришда бу тадбир қўл келарди. Тарихий маълумотларга кўра, 1943 йил охирига келиб, ўзбекистонлик хотин-қизларнинг 3500 га яқини колхоз раиси ўринбосари, 12 минг­га яқини бригадир, 448 мингдан ортиғи звено бошлиғи бўлиб ишлаган.

Урушнинг сўнгги йилларида ҳам хотин-қизларнинг саноат ишлаб чиқариши ва транспорт соҳасидаги улуши ортиб борди. Агар 1940 йилда пахта тозалаш саноатига 30 фоиз хотин-қиз жалб этилган бўлса, 1945 йилда бу 70 фоизни ташкил этди. Озиқ-овқат саноатида мазкур кўрсаткич 43 фоиздан 62 фоизга, темир йўл транспортида 17 фоизга ортди.

Бундай тарихий далиллар халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушидаги иштироки, фронт ортида кўрсатган мислсиз жасорати ҳақида сўзлайди. Ҳар қандай оғир шароитда ҳам матонат билан курашган, инсоний фазилатларини йўқотмаган, етимларни қучоқ очиб кутиб олган халқимизнинг бу жасорати минг йиллар давомида келажак авлод томонидан ҳурмат билан тилга олинади.      

 

Нодира МУСТАФАЕВА,

ЎзР ФА Тарих институти катта илмий ходими, тарих фанлари номзоди.



DB query error.
Please try later.