09.05.2016

МОТАМСАРО ОНА

ҳайкали пойида кўнгилдан ўтган саволлар, фикрлар, нидолар...

Дунёда одамзот зиёрат қиладиган, бош эгиб, тиз чўкиб, ҳурмат бажо келтирадиган масканлар, ёдгорликлар, ҳайкаллар кўп. Бироқ оналарга қўйилган ҳайкаллар олдига келганда, ёшидан, кимлигидан қатъи назар, ҳар бир инсон юраги тубида кўмилган болаликнинг беғубор туйғулари тирилади, жўш уради, ўз онаси сиймоси кўз олдига келади, фарзандлик бурчи билан боғлиқ ҳис-туйғулар вужудини чулғайди.

Мамлакатимизнинг  бош майдони – «Мустақиллик» деган азиз ном билан аталадиган майдонда оналарга иккита ҳайкал ўрнатилган. Бири – майдоннинг тўрида – ўз фарзандини бағрига босиб, унга меҳр билан, катта орзу-ҳаваслар билан термулиб турган она ҳайкали. Ким бўлмасин, қайси юртдан қандай меҳмон келмасин, бу ҳайкал пойига гулдасталар қўйиб, худдики, ўз онасининг пойида тургандек бош эгади...

Майдон Эзгулик аркидан кираверишда иккинчи она ҳайкали – Мотамсаро она ҳайкали турибди. Онанинг мунгли сиймоси, оғир ўйга ботиб, ерга тикилган нигоҳига қараб, ҳар бир кишини юк босади, ғам босади, кўнглини оғриқли саволлар исканжага олади.

Она ҳайкали пойида мангу машъала ёниб турибди, машъала эмас, балки урушда ҳалок бўлган жангчининг  юраги ёниб турибди, уриб турибди... Мангу машъала... Мангу мотам тутишга маҳкум она.

У кимнинг онаси? Брест қалъаси ҳимояси учун бўлган қирғинбарот жангда сўнгги ўқи қолгунча жасорат кўрсатиб ҳалок бўлган жангчинингми?..

Украина фронтларида душманга қирон келтириб, жон берган мард жангчининг онасими? Ёки Белорусь ўрмонларида партизанларга қўшилиб, афсонавий қаҳрамонликлар кўрсатган ўғлоннинг онасими?..

Эҳтимол, фашистларни ер тишлатиб, Берлингача етиб бориб, Рейхстаг деворига исм-шарифини, юрти номини ғурур билан ўйиб ёзиб, энди соғ-омон уйга қайтаман, деб турган маҳал душман ўқига дуч келган, ёруғ орзулари, ниятлари ўзи билан кетган ғолиб жангчининг онасими?..

Ўйлаб-ўйлаб бир қарорга келасан, киши: Бу она Ўзбекистондан узоқ юртларда фашизм деган офатнинг  йўлини тўсган, кўксини қалқон қилиб, бу бало-қазони ўз она юртига йўлатмаган мард жангчининг онаси!

Россиянинг бепоён ҳудуди, Украина, Белорусь, Молдава, Болтиқбўйи мамлакатлари, узоқ Европа заминини фашизмдан озод қилишда қатнашиб, ҳалок бўлган 500 мингдан кўпроқ жангчининг онаси. Урушда ҳалок бўлган жамики ўзбекистонлик жанг­чилар онасига ўрнатилган ҳайкал бу!

Ҳар йили айни шу кунларда Мотамсаро она ҳайкали пойи гулларга тўлади. Мамлакатимизнинг барча вилоятларидан уруш қатнашчилари, ота-онаси ёки яқинларини урушда йўқотган оилалар вакиллари бу ерга ошиқишади, онага таъзим қилишади, ўтганларни эслашади.

Бу манзараларни кузатсангиз, юрак ёнади, кўнгил тилка-пора бўлади, кишини оғир ўй босади. Қаранг, юзларида ҳаётнинг оғир синовлари из қолдирган, кўксида жасоратларидан дарак берувчи медаллар ярақлаб турган қария қўлидаги бир дона чиннигулни ҳайкал пойига қўйди-да, бош эгиб туриб қолди. Шу тобда унинг кўнглидан нималар ўтаётганикин?.. Эҳтимол, «Онажон, мени кечиринг, ўғлингизни асраб қололмадим», деб узр сўраётгандир.

Сочлари оппоқ, озғиндан келган муштипар бир аёл қўлидаги гулдастани ҳайкал пойига қўйгач, жимгина бош эгиб ўтирди. Унинг кимлиги номаълум, кўнглидан қандай гап ўтаётгани ҳам. Эҳтимол, у «Онажон, мен ўша... бир ҳафтагина ўғлингиз билан бахтли яшаган келинингизман. Уни ҳамон кутиб яшаяпман...», деб илтижо қилаётгандир?..

Бир гуруҳ ёшлар келади, улар қўлида гулчамбар.   Улар урушни кўрмаган бўлса-да, кинофильмлардан, китоблардан билишади, фашизм, уруш инсоният бошига сол­ган кулфатларни. Уларнинг кўнгли нималар деб ўртанаётганикин? Эҳтимол, «Бувижон, сизнинг ўғлингиз қандай мард, жасур йигит бўлганини биз яхши биламиз. Биз ҳам сизнинг фарзандингиз бўламиз. Биз ҳам, керак  бўлса, Ватан учун жон фидо қилишга тайёрмиз», деб ваъда беришаётгандир... 

Мотамсаро она! У гапирмайди, сукут сақлаганича туради. Лекин ҳамма гап-сўзларни эшитади, кўнгиллардаги ҳис-туйғуларни ҳам сезади. У сукут сақлаб гапиради, сукут сақлаб йиғлайди, қон ютади. У урушда фарзандларидан, севган ёридан, жигарбандлари бўлган ака-укаларидан ажралган оналарнинг дарду аламлари, армонларини ўз кўксига олган онадир.

Бу она ҳайкали атрофида доимо оғир сукунат ҳукм­рон. Ушбу сукунат аро ўқлар овози эшитилади, замбаракларнинг, бомбаларнинг юракни ларзага солган ваҳимали овози эшитилади. «Ой бориб, омон қайтинглар», деган тилаклар эшитилади... «Жон болам, жоним болам, ўн гулидан бир гули очилмай кетган болам, куёвлик тўнини киёлмай кетган болам», деган йиғилар эшитилади.

Мотамсаро она ҳайкали олдида бош эгинг, кўзни юминг, бутун вужудингиз қулоққа айлансин. Шунда уруш даҳшатлари, кулфатлари кўз ўнгингизда намоён бўлади. Етим қолган болаларнинг ғамгин чеҳраларини кўрасиз. Ўн саккиз ёшида бева қолган минглаб гулдай келинчакларнинг унсиз йиғисини эшитасиз...

Шунда беихтиёо илоҳим, Юртимизга, тинч­лиги­мизга кўз тегмасин, деган улуғ ният кўнгилдан ўтади. Мотамсаро онанинг сўзларини эшитгандек бўласиз. «Урушнинг оти ўчсин, урушни лаънатланг, урушнинг олдини олинг. Болаларни асранг, оналарни асранг, Ватанни асранг... Ўзбекистонни асранг», деб илтижо қилмоқда у.

Бу сўзлар «Бизга тинчлик керак, омонлик керак», деган халқ онасининг сўзлари, даъвати, васияти. Оналар сўзи энг баланд сўз, оналар даъвати энг олий даъват, оналар васияти илоҳий васият!..

 

Сафар ОСТОНОВ 



DB query error.
Please try later.