07.05.2016

ЮРИДИК ЁРДАМ:

сифат ва самарадорлик

Адлия вазирлигида навбатдаги матбуот анжумани ўтказилди. Унда адлия органларининг фуқароларга юридик хизмат кўрсатиш борасидаги фаолияти, уни янада такомиллаштиришга қаратилган лойиҳалар хусусида атрофлича маълумот берилди.

Анжуманда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда нафақат давлат органлари, шунингдек, нодавлат ташкилотлар ҳам иштирок этмоқда. Улар ичида адвокатуранинг алоҳида ўрни бор.

Юртимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштириш, фуқароларга малакали юридик ёрдам олиш имкониятини яратиш, адвокатура соҳасини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш ва адвокатларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Соҳанинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, Республика адвокатлар палатаси ташкил топди. Ҳозир мамлакатимиз бўйича жами 4000 нафарга яқин адвокат фуқароларга юридик ёрдам кўрсатмоқда.

Жумладан, 2015 йил давомида адвокатлар томонидан жиноят, фуқаролик ва хўжалик процессида иштирок этиш ва юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида 165 минг­дан зиёд битим тузилган.

Кундалик ҳаётда ҳуқуқий масалаларнинг ечими юзасидан фуқаролар кўпроқ мурожаат қиладиган идоралар нотариат ва ФҲДЁ органларидир. Шунинг учун уларнинг масъулиятини кучайтиришга алоҳида эътибор берилаётир.

Хусусан, 2016 йилнинг 1 июлидан бошлаб нотариус лавозимига тайинлаш бўйича танлов ўтказишда тест синовлари жорий этилиши белгиланди. Унга кўра, нотариус лавозимига талабгорларнинг ижтимоий, ҳуқуқий ва иқтисодий, хорижий тиллар, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги билим даражасини аниқлаш мақсадида тест синовлари ўтказилади.

Шунингдек, Адлия вазирлиги ва ҳудудий адлия органларининг расмий веб-сайтларида нотариал ҳаракатлар учун давлат божи, пуллик хизмат ва герб йиғимлари қийматининг автоматлаштирилган ҳисоб-китобини амалга оширувчи элек­трон калькулятор дастури яратилди. «Адолат» нашриётида «Нотариал ҳаракатлардан намуналар» тўплами чоп этилди.

Охирги йилларда адлия органлари ва муассасаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан яна бири ФҲДЁ органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳисобланади. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойишига асосан ҳар йили ФҲДЁ органларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари дастури тасдиқланмоқда. Унга асосан 2013-2015 йиллар давомида республикамиз бўйича 41 янги ФҲДЁ органи биноси қурилди, 39 ФҲДЁ органи биноси эса капитал таъмирланди.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

 



DB query error.
Please try later.