07.05.2016

ЖАМОАТЧИЛИК ҚАБУЛХОНАСИ ФАОЛИЯТИ

изчил йўлга қўйилган ҳудудда партияга ишонч янада ортади

Сиёсий партияни аҳолига яқинлаштирадиган, нуфузини оширадиган энг асосий омил электорат манфаатини ҳимоя қилиш, ишончини қозонишдир. Шундай экан, жойлардаги муаммоларни ўрганиш, уларни ҳал этиш, фуқароларга ҳуқуқий маслаҳат беришда партиямиз Жамоатчилик қабулхоналари муҳим ўрин тутмоқда. Одамларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш учун ҳар бир партия кенгаши ва гуруҳлари масъулиятни янада кучайтириши талаб этилмоқда.

Жамоатчилик қабулхоналарининг жорий йил биринчи чорагидаги фаолияти таҳлили мурожаатларга ўз вақтида ечим топишда муайян натижаларга эришилаётганини кўрсатмоқда.

Минтақавий кенгашлар қошидаги 205 Жамоатчилик қабулхонасига ушбу даврда 2422 мурожаат келиб тушган, уларнинг ҳозиргача 74 фоизи ижобий ҳал этилган. Мурожаатларнинг асосий қис­ми, яъни 542 таси иш билан таъминлаш, 464 таси коммунал хизматлар, 269 таси эса моддий ёрдам кўрсатиш масалалари билан боғлиқ бўлди.

Мурожаатларда кўтарилган масалаларни ўрганиш ва ҳамкор ташкилотлар кўмагида ҳал этишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига партиямиздан сайланган депутатлар фаол иштирок этмоқда. Аксарият Жамоатчилик қабулхоналари ҳузурида ҳуқуқий маслаҳатхоналар ишлаб турибди. Бу фуқароларнинг ҳуқуқий билимини ошириш, уларни ўйлантирган масалалар бўйича малакали жавоб берилишига хизмат қилмоқда.

Навоий шаҳри Меъморлар кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Роҳила Саимова ишга жойлашишда амалий ёрдам сўраб, Навоий шаҳар кенгашига мурожаат қилган. Ушбу масала бўйича халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгаши депутати Фарҳод Қурбонов «Бахт текстиль» МЧЖ қўшма корхонасига сўров юборди. Тез орада масала ижобий ҳал этилиб, фуқаро ишга жойлашган.

Сергели туман кенгаши томонидан ташкил этилган кўчма Жамоатчилик қабулхонасига кам таъминланган, 1-гуруҳ ногирони Маҳбуба Боқижонова уйининг томи таъмирталаб экани ҳақида мурожаат қилган. Бу масала юзасидан халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Ҳайдар Бобохонов ва Сергели туман кенгаши раиси Шоира Хўжаева «Азия коммуналчи» ТЧШЖ раҳбариятига мурожаат қилиб, уни ижобий ҳал қилди.

Бундай мисолларни кўп­лаб келтириш мумкин, албатта. Муҳими, мурожаатлар ҳал этиляпти. Одамларнинг оғи­ри енгил бўляпти. Бу ўз нав­батида, партиямиз ташкилотлари, гуруҳлари электоратга, ҳаётга янада яқинлашиб бораётганидан далолат беради.

Лекин амалга оширилган самарали ишлар билан бир қаторда Жамоатчилик қа­булхоналари фаолиятида камчиликлар ҳам кўзга ташланиб қолмоқда. Жумладан, шу йилнинг биринчи чорагида Андижон, Тошкент вилоятларидаги айрим Жамоатчилик қабулхоналарига мурожаат тушмаган.

Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий, Сурхондарё, Фар­ғона, Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрининг айрим туманларида муро­жаат­ларни ҳал этиш масаласига етарли эътибор берил­маяпти.

Биз бир нарсани унутмаслигимиз керак. Жамоатчилик қабулхонаси фаолияти яхши ташкил этилган ҳудудда одамларнинг партияга ишончи янада мустаҳкамланади. Шу боис ишимизни чуқур таҳлил этиб, электорат манфаатини ҳимоя қилиш имкониятларидан самарали фойдаланишимиз зарур.

Жойлардан бир хил ёки бир-бирига ўхшаш, ўзаро боғлиқ мурожаатлар тушганда уларни тизимли ҳал этиш, бунда маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз гуруҳлари ваколатларидан унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.

Шуни ҳам айтиш керакки, аҳоли мурожаатларининг ўрганилиши электорат манфаатларига дахлдор қонун ҳужжатлари ижроси назорат-таҳлилини ҳам амалга ошириш имкониятини яратади. Демак, Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятининг ойлик, чораклик якунларини умумлаштириб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масалаларида таклифлар ишлаб чиқиш мумкин. Бу кейинчалик маҳаллий ижро ҳокимияти раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш жараёнларида, қолаверса, парламент эшитувларига тайёргарлик кўришда қўл келади.

Жамоатчилик қабулхоналарига бўлаётган ҳар бир мурожаат кимнингдир муаммоси, ўй-ташвиши билан боғлиқ. Кичик масалаларнинг ўз вақтида ва жойида ҳал этиш эса катта муаммолар келиб чиқишининг олдини олишга хизмат қилади.

 

Дурбек ХУДОЙҚУЛОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.



DB query error.
Please try later.