05.05.2016

ҲАРАКАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИ:

партия гуруҳлари фаоллашди, аммо...

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида белгиланган вазифалар электорат манфаатлари ҳимоясида муҳим ўрин тутади. Шунинг учун халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларидан унинг ижросига алоҳида эътибор қаратиш талаб этилмоқда.

Жорий йилга мўлжалланган Ҳаракат дастурида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ долзарб масалаларни партия гуруҳларимизда ўрганиш, доимий комиссиялар ва сессиялар муҳокамасига олиб чиқиш белгиланган. Уларнинг бажарилиши жойларда аҳолини ўйлантираётган муам­моларни бартараф этишда долзарб аҳамият касб этади. Хўш, бу борада жорий йилда қандай натижаларга эришилмоқда?

ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири Акмал Турсунбоев билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.

— Ҳаракат дастури ижроси ҳақида гап кетганда, аввало, депутатларимиз анча фаоллик кўрсатишаётганини таъкидлаш зарур. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган турли масалалар чуқур ўрганилиб, уларнинг ечими назоратга олинмоқда.

Жорий йилнинг биринчи чорагида Ҳаракат дастури асосида 58 масала маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз гуруҳларида, 21 масала доимий комиссияларда муҳокама қилиниб, 13 масала сессияга киритилди. Бунда электорат манфаатлари ҳимоясига, хусусан, бандлик дастури ижроси, битирувчиларни ишга жойлаштириш, қонун ва қарорлар ижросини ўрганиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Мисол учун, жорий йилнинг биринчи чорагида Ҳаракат дастури доирасида аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар 9 ҳудудда тегишли тартибда ўрганилди. Уларнинг 5 таси ЎзХДП гуруҳлари, 1 таси доимий комиссияда атрофлича муҳокама қилинди. Шунинг­дек, мазкур масала халқ депутатлари Кўнғирот, Тўрақўрғон, Сариосиё туман Кенгашлари сессияларига киритилди, қабул қилинган қарорлар ижроси устидан назорат йўлга қўйилди.

Шу ўринда бир гап айтмоқчиман. Аҳолини иш билан таъминлаш, бандлик дастури ижросида партиямиз депутатлик бирлашмаларининг вазифаси фақат назорат ўрнатишдан иборат бўлмоқда, дейиш нотўғри. Чунки иш ўринлари яратиш жараёнларида барча депутатларимиз бевосита фаол иштирок этяпти. Эндиликда бу борадаги ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларга кўпроқ эътибор қаратиш керак, деб ўйлайман.

— Партиямиз Ҳаракат дастурида соғ­лиқни сақлаш соҳаси билан боғлиқ кўплаб вазифалар белгиланган. Ушбу йўналишда қандай ишлар олиб борилмоқда?

— Бу борада партиямиз гуруҳлари ташаббуси билан туман, шаҳарлар бўйича 12 масала ўрганилди. Оилавий поликлиникаларни замонавий тиббий-диагностика асбоб- ускуналари билан жиҳозлаш, туғма ва ирсий касалликларни профилактика қилиш, қишлоқ врачлик пунктларининг моддий техник базасини яхшилаш, шунингдек, дори воситалари ҳамда фармацевтик фаолият билан боғлиқ масалалар депутатлар диққат марказида бўлди. Назорат-таҳлил натижалари халқ депутатлари Бухоро шаҳар ва Қоракўл туман Кенгашлари сессияларида, 6 партия гуруҳи ҳамда 4 доимий комиссия йиғилишларида муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, Ҳаракат дастурига биноан пенсия ва нафақа пулларининг тайинланиши, ёш оилаларга имтиёзли ипотека кредитлари асосида уй-жойлар ажратилиши, моддий ёрдамларнинг манзиллилигини ўрганиш ва ижтимоий ҳимояни кучайтириш йўналишларида муайян ишлар олиб борилди. Ички йўлларни таъмирлаш, коммунал хизматлар сифатини яхшилаш масалалари босқичма-босқич ўрганилмоқда.

— Ҳаракат дастури ижросини тўлиқ таъминлаш, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фаолиятини кучайтириш учун қайси жиҳатларга кўпроқ эътибор қаратиш керак, деб ўйлайсиз?

— Ҳаракат дастурида кўзда тутилган вазифалар ижросига ҳамма жойда ҳам бир хил муносабатда бўлинаётгани йўқ. Баъзи ҳолларда ижтимоий масалалар чуқур ўрганилиб, атрофлича муҳокама қилинмаётир. Айрим депутатларимиз йиғилишларда номига иштирок этиш ёки ҳисобот топшириш билан чекланиб қолмоқда. Ваҳоланки, қонунчилигимизга кўра, депутатнинг асосий вазифаси одамларни ўйлантираётган муаммоларни ўрганиш, уларни бартараф этиш, шу орқали ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ҳисса қўшиш ҳисобланади.

Бироқ кўп жойларда депутатлик ва жамоатчилик назоратини олиб боришда суст­кашликка йўл қўйилаяпти, айрим масалалар эса фақат партия гуруҳларида кўриб чиқилиши билан чекланиляпти. Бунинг асосий сабабларидан бири партия гуруҳлари ва ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик яхши йўлга қўйилмаганида, деб биламан.

Мисол учун, шу йилнинг ўтган 3 ойидаги кўрсаткичларни олайлик. 14 масала фақатгина партия гуруҳларида муҳокама қилиниб, улардан бирортаси ҳам доимий комиссия ёки сессияга олиб чиқилмади.

Пайариқ, Бойсун туманларида Ҳаракат дастурида белгиланган масалалар режалаштирилган вақтда ўрганилмади. Сирдарё вилоят Кенгашидаги партия гуруҳимиз эътиборсизлиги натижасида жисмоний имконияти чекланган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги масала очиқ қолиб кетди.

Айни пайтда партия гуруҳлари аъзоларининг масъулия­тини кучайтириш, ҳудудий партия кенгашларининг депутатлар билан ишлаш кўникмасини янада мус­таҳкамлаш чоралари кўрилмоқда.

Ҳаракат дастури ижроси партиямиз Сайловолди дастурини амалга оширишда асосий восита ҳисобланади. Унда белгиланган вазифалар ижроси таъминланиши сайловчилар ишончи қозонилишига хизмат қилади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.