Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
05.05.2016

ҲЕЧ КИМ УНУТИЛМАЙДИ

Умумхалқ байрами — Хотира ва қадр­лаш куни бутун мамлакат миқёсида нишонланадиган кун тобора яқинлашмоқда. Президентимизнинг 1999 йил март­даги фармони асосида жорий қилинган ушбу айём йиллар ўтган сари мазмунан кенгайиб, нафақат Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган, балки кейинги йилларда вафот этган ватандош-жангчиларни хотирлаш, сафимизда юрган фахрийларнинг қадр-қимматини жойига қўйишга бағишланиб қолмасдан, барча мар­ҳумларни ёд этиш ва нуроний отахон-онахонларга эҳтиром кўрсатиш ҳаракатига айланиб бормоқда.

Ўзбекистон «Нуроний» жамғармаси Марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат УСМОНОВ билан суҳбатимиз шу мавзуга бағишланди.

— 9 май жаҳоннинг деярли барча давлатларида Ғалаба куни, бизнинг мамлакатимизда Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланади. Бунинг ўртасида қандай тафовут бор?

— Шакли, мазмун-моҳиятига қараганда тафовут йўқдай туюлади. Лекин чуқурроқ ўйлаб кўрилса, Хотира ва қадрлаш куни байрамининг қамрови, кўлами Ғалаба байрамидан кенгроқ, теранроқ, керак бўлса, инсонийроқдир. Мен бу ўринда иккаласини бир-бирига қарама-қарши қўймоқчи эмасман. Фақат бошқа бир фикрни айтмоқчиман. Ғалаба байрами номидан кўриниб турибдики, бу йигирманчи асрда инсоният бошига бемисл кулфат солган, миллион-миллион инсонларнинг умрига зомин бўлган мудҳиш куч — фашизмнинг янчиб ташлангани муносабати билан нишонланадиган айём.

Ушбу ғалабада бир ярим миллион фуқароси қатнашган ва ярим миллион ўғил-қизлари бағрига қайтиб келмаган ўзбек хал­қининг ҳам катта ҳиссаси бор. Жанг майдонларида ёвуз душманга қарши кўксини қалқон қилиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлган инсонлар шу Ватаннинг фарзандлари, шу халқнинг жигарбандлари эди. Демак, уларни эсга олиш, хотирасига ҳурмат кўрсатиш барча юртдошларимизнинг муқаддас бурчи. Шунинг учун ҳам бундан ўн етти йил муқаддам давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг ташаббуси билан байрамга ўзгача ном берилди. Фашизм устидан қозонилган ғалаба инсонийлик ва инсонпарварликнинг ёвузлик устидан ғалабаси билан уйғунлаштирилиб, Хотира ва қадрлаш кунига айлантирилди.

Байрам халқимизнинг боқий анъана ва қадриятларига мослаштирилди. Уруш майдонларида ҳалок бўлган Ўзбекистон фарзандларининг хотираси улуғланадиган кун айни бир пайтда ўзларининг ибратли ҳаёт йўли, панд-насиҳатлари билан ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган барча кексаларнинг ҳурмати жойига қўйилиб, уларга яна бир бор эҳтиром кўрсатиладиган тантанали маросимга айланди.

— Дарҳақиқат, бу борада жуда улкан ишлар амалга оширилди ва бу жараён давом этмоқда. Гарчи хал­қимиз бу ҳақда яхши билса-да, яна бир бор эслатиб ўтсангиз, мақсадга мувофиқ бўларди.

— Пойтахтимизнинг қоқ марказида бунёд этилган Хотира майдонига ташриф буюрган, Мотамсаро она ҳайкалини зиёрат қилган чет эллик меҳмонларнинг кўзида мен доимо ҳайрат ва ҳавас кўраман. Бу бежиз эмас. Собиқ тузум даврида урушдан қайтмаган жангчилар шарафига қўйилган ёдгорликларда «Исминг номаълум, жасоратинг абадий» деган битик бўларди. Ҳозир ҳам бу сўзлар кўпгина юртларда сақланиб қолган. Уни ўқиган кишининг дили ғашланарди. Наҳотки, навқирон ёшида жангга кетган ва душман ўқига учган инсоннинг кимлиги номаълум қолса, бу қанақа бедодлик, деган савол кўнгилни ўртарди.

Президентимиз раҳнамолигида мана шу адолатсизликка барҳам берилди. Бизнинг диёримизда «Ҳеч ким ва ҳеч нарса унутилмайди» деган олижаноб шиор асосида иш тутилди. Хотира майдонига Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган 450 минг нафар ўзбекистонлик жангчининг исми-шарифи зар­ҳал ҳарфлар билан битилди. Бу билан биз ўзбек халқи турли миллатга мансуб уруш қаҳрамонларининг бирортасини ҳам унутмаганини ва бундан кейин ҳам унутмаслигини намойиш этдик.

Ҳозирги кунда республикамизнинг барча вилоятлари, шаҳар ва туманларида Хотира майдони барпо этилган. Ушбу майдонларда ҳам урушдан қайтмаган юртдошларимизнинг номлари муҳрланган.

— Ярим миллионга яқин кишининг кимлигини аниқлаш албатта осон иш эмас, ушбу жараён ҳақида гапириб берсангиз.

— Бу хайрли иш аслида мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошланган эди. Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 50 йиллиги арафасида, яъни 1995 йилда МДҲ мамлакатлари орасида биринчи бўлиб Ўзбекис­тонда 34 жилдлик «Хотира» китоби нашр этилди ва унга 430 мингдан зиёд ҳалок бўлган ва бедарак кетган ватандош жангчилар номи киритилди. Жамғармамизнинг Марказий кенгаши ва унинг жойлардаги бўлимлари фаоллари саъй-ҳаракати билан яна 19315 нафар уруш қурбонларининг номи аниқланиб, «Хотира» китобининг қўшимча 35-36-жилдлари нашр этилди. «Хотира» китобининг тўлиқ тўплами республикамизнинг барча марказий идоралари, ҳокимликлар, ташкилот ва муассасалар, йирик корхоналар, олий, ўрта махсус ва умумтаълим даргоҳларига тарқатилди.

Марҳумлар хотирасини улуғлаш йўлида қилинган ушбу ишлардан халқимиз жуда миннатдор албатта. Чунки уруш заҳмати юртимиздаги бирорта оилани четлаб ўтмагани, кимлардир отаси, ака-укаси, тоғаси-жияни, амакисидан жудо бўлгани ҳақиқат. «Хотира» китоби эса бебаҳо ёднома бўлди. Энди суҳбатимизни қадрлаш мавзусига қаратсак...

— Диёримизда азалдан меҳр-оқибат, қадр-қиммат деган тушунчалар муқаддас саналиб келади. Айниқса, эл-юртнинг бахти-саодати, тинч­лиги ва фаровонлиги йўлида хизмат кўрсатган кишиларнинг иззати юқори қўйилади. Бу борада уруш қатнашчиларининг ўрни беқиёс, уларни қанчалик эъзозласак ҳам оз. Чунки улар ажал нафаси кезиб юрган жанггоҳлардан соғ-омон қайтибгина қолмасдан уруш туфайли вайрон бўлган хўжаликни тиклаш, халқнинг турмушини ўнглаш йўлида жонкуярлик намунасини кўрсатди.

Пахта далаларида, яйловларда, саноат корхоналари ва қурилишларда, яъни ишлаб чиқаришнинг барча жабҳаларида тер тўкди. Чўлларни ўзлаштириш, янги шаҳар ва қишлоқлар бунёд этишга бошчилик қилдилар.

Фронт ортида меҳнат қилган кишиларнинг хизмати ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Бу инсонларнинг ҳозир орамизда юрганлари тўқсондан ошиб, юзни қоралаб қолишди. Лекин шу табаррук ёшда ҳам қўл қовуштириб ўтирганлари йўқ. Ёш авлод билан учрашиб, ўзларининг ибратомуз хотиралари, насиҳатлари билан уларни истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга баҳоли қудрат ҳисса қўшишмоқда. Ҳурриятни, тинч­лик ва хотиржамликни, миллатлараро тотувликни асраш ва мустаҳкамлашга даъват қилиб келишмокда.

Давлатимиз, жамиятимиз ҳам ўз навбатида уларнинг қадрини жойига қўймоқда. Ҳар йили 9 май арафасида уруш қатнашчилари ва ногиронларини пул мукофоти билан тақдирлаш анъанага айланган. Хусусан, бу йилги мукофотнинг миқдори 800 000 сўм қилиб белгиланди. Ҳозирги пайтда барча вилоятлар, шаҳарлар ва туманларда ушбу мукофотни тантанали ҳамда байрамона вазиятда топшириш учун тайёргарлик кўрилмоқда.

Бундан ташқари, истиқлол йилларида уруш қатнашчиларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уй-жой шароитини яхшилаш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини кўтариш борасида қилинган хайрли тадбирларни санаб тугатиш қийин.

Биргина ўтган — Кексаларни эъзозлаш йилида қилинган ишларнинг ўзи ҳам таҳсинга лойиқдир.

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 14 апрелдаги фармонига мувофиқ ўтган йилнинг 1 майидан бошлаб 100 ёшга тўлган ва ундан ошган шахсларнинг пенсиясига ҳар ойда энг кам иш ҳақининг юз фоизи миқдорида устама тўлаб борилмоқда.

Уруш қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийлари учун коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича ойлик компенсация белгиланган. Ўтган йилнинг ўзида 614 минг­дан ортиқ фахрийга 3 мил­лиард сўмдан зиёд маблағ ушбу мақсадлар учун тўлаб берилди.

Соғлиқни сақлаш, Меҳнат вазирликлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва «Нуроний» жам­ғармасининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, пенсионер ва ногиронларнинг шифохоналар ва санаторий-курортларда соғ­лиғини тиклаш борасида изчил иш олиб борилмоқда.

Жумладан, касаба уюшмалари тизимидаги 15 санаторийда 66 нафар уруш ва меҳнат фахрийси, 2 минг нафар ишловчи кекса касаба уюшмалари томонидан бепул, 3037 нафар пенсионер фарзандларининг иш жойлари орқали имтиёзли асосда, 5033 нафар меҳнат фахрийси жамоа шартномалари орқали бепул соғломлаштирилди.

Ҳар йили Хотира ва қадрлаш куни арафасида «Дори-дармон» акциядорлик компанияси томонидан тайёрланган дори қутилар байрам табрикномалари билан бирга уруш қатнашчилари, ёлғиз пенсионерлар ва ногиронларга жамғармамизнинг жойлардаги бўлимлари томонидан бепул етказиб берилиши ҳам яхши анъанага айланган. Бугунги кунда ҳам 7000 дан зиёд, ичига 20 хил дори-дармон солинган дори қутилар тайёрлаб қўйилган.

Жойлардаги ҳокимликлар ҳам режа асосида уруш қатнашчиларини, уруш орти меҳнат фахрийларини йўқ­лаш ва уларга совға-саломлар улашиш тадоригини кўришмоқда. Шу тарзда Хотира ва қадр­лаш кунида фахрийларнинг ҳурмати яна бир бор жойига қўйилади. Эл-юрт учун қилган меҳнатлари қадр­ланади.

        

«Ўзбекистон овози» мухбири

Бахтиёр РИЗАЕВ

суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: