03.05.2016

ХОТИРА ЧИРОҒИ ҲЕЧ ҚАЧОН ЎЧМАЙДИ

Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан қатор ташкилотлар ҳамкорлигида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида турли тадбирлар, учрашувлар ҳамда маърифий кечалар ўтказилмоқда. Ушбу тадбирларда Ватанимиз озодлиги, шаъну шарафи йўлида жонини фидо қилган юртдошларимиз хотираси ёдга олинмоқда, бугун ҳаёт бўлганларига чуқур ҳурмат, эҳтиром кўрсатилмоқда.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтида ўтказилган давра суҳбатида хотира ва қадрлаш тушунчасининг маъно-мазмуни ҳақида фикрлар билдирилди. Эл-юрт тинчлиги, Ватан ҳимояси, халқимизнинг орзу-истаклари йўлида мардлик, жасорат кўрсатганлар, уларнинг фидокорона меҳнати ва қаҳрамонликлари ҳеч қачон унутилмаслиги таъкидланди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Тошкент вилоят ва шаҳар партия кенгашлари фаоллари мавзу юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоев юртимизда инсон қадр топиб, унинг манфаатлари муносиб ҳимоя қилинаётгани, ижтимоий ислоҳотлар натижасида фуқароларнинг турмуш шароити яхшиланиб, шукроналик ва келажакка ишонч туйғулари мустаҳкамланаётганига алоҳида эътибор қаратди. Ҳар йили Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланаётганини, бу ёшлар маънавиятини юксалтиришда муҳим ҳаётий аҳамият касб этишини таъкидлади.

Дарҳақиқат, тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, унинг бардавомлигини таъминлаш ҳар биримиздан огоҳлик, фидойиликни талаб этади. Тадбирда ана шу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Президентимизнинг жорий йил 18 апрелда қабул қилинган «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги Фармони аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтилди.

— Партиямиз фаолиятида аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатлами, хусусан, кексалар манфаатларини таъминлаш муҳим ўрин тутади, — деди Олий Мажлис Қонунчилик платасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Рустам КОМИЛОВ. — Шунинг учун Хотира ва қадр­лаш куни муносабати билан жойларда қатор тадбирлар ташкил этилмоқда. Унда алоҳида парваришга муҳтож фахрийларимизнинг уйларига бориб, уларнинг ҳолидан хабар олиняпти. Кези келганда айтиш керакки, кексаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган Президент қарор ва фармонлари, бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги пар­тия гуруҳларимиз томонидан мунтазам ўрганиб борилмоқда. Таҳлил натижалари тегишли тартибда кўриб чиқилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланмоқда. Фарзандлари, набиралари қуршовида кексалик гаштини сураётган нуронийлар, уруш қатнашчилари юз-кўзидаги шукроналикни ҳеч нарса билан ўлчаб, қиёслаб бўлмайди, албатта. Биз уларни нафақат байрам кунлари, балки ҳар доим ардоқлаб, бошимизга кўтариб яшашга бурчлимиз.

— Мен 78 ёшдаман, Худога шукур, ҳали тетикман, — деди Ўзбекистон Республикаси фахрийларини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси вакили Мукаррам Муҳитдинова. — Юртимизда кексалаларга юксак эҳтиром кўрсатиляпти, уларнинг кўнглини кўтариш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун кўплаб хайрли, савоб ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда жамғармамиз қатор ташкилотлар, жумладан, Ўзбекистон Халқ демократик партия­си билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келяпти. Бу ҳамкорликни янада ривожлантиришимиз лозим, деб ўйлайман. Ёши улуғ инсонлар ҳамиша ўзларини жамиятга керакли деб ҳис этса, уларнинг умрига умр, ёшига ёш қўшилаверади. Тез-тез ёшлар билан учрашувлар ташкил қилиб турамиз, суҳбатларда ўтмишнинг аянчли хотиралари, бугунги дориломон кунлар ҳақида гапириб берамиз. Ёш авлодга ҳаёт сабоқларини ўргатиш, фарзандларимиз қалбига одамийлик, меҳр-оқибат туйғуларини чуқур сингдириш олдимизда турган энг муҳим вазифалардан саналади. Демак, икки авлод учрашувлари, фахрийлар ва ёшлар иштирокидаги тадбирларни мунтазам ўтказиб бориш, мақсадга мувофиқ бўлади.

Тадбирда, шунингдек, «Маҳалла зиёси» Республика ўқув услубий маркази бош мутахассиси Баҳодир Суюнов, Саломатлик ва тиббий статистика институти услубчи-врачи Насиба Акромова ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сўзга чиқишди. Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ижтимоий шериклик муносабатларини кучайтириш масалаларига алоҳида урғу берилди.

Билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида «Хотира боқийдир, қадр муқаддас» шиори остида партия тизимида ўн кунлик лойиҳа ўтказилишига келишиб олинди. Ушбу лойиҳа асосида минтақавий кенгашлар томонидан қатор тадбирлар ўтказилади.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.