03.05.2016

АЁЛ БАХТЛИ БЎЛСА,

оила, жамият бахтли бўлади

Президентимиз ҳар доим аёлларнинг оғирини енгил қилиш, оилада ва жамиятда уларнинг мав­қеини мустаҳкамлаш давлат ва жамиятимиз олдида турган энг муҳим вазифалардан бири эканини уқтиради. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки ҳар қандай оила, мамлакат бахти аёлларининг бахти билангина тўкис кўринади.

Шунинг учун Ўзбекистон ХДП «Фаол аёллар» қаноти хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, жамиятда муносиб ўрин топишига кўмаклашиш мақсадларини кўзлаб, изчил фаолият юритиб келмоқда, муайян ташаббусларни илгари сурмоқда. Боиси, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан фаол аёл ўз истеъдоди, қобилиятини намоён этади, оиласи фаровонлиги учун меҳнат қилади, танлаган соҳаси ривожига ҳисса қўшади.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзоларининг 195 минг нафарга яқинини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Биргина ушбу мисолнинг ўзи ҳам жамиятимизда аёлларнинг сиёсий-ҳуқуқий фаоллиги юксалиб бораётганини кўрсатади.

ЎзХДП Марказий Кенгаши томонидан хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларда етакчилик қобилиятини ривожлантириш масалаларига бағишлаб амалий семинар ташкил этилгани, унда интерактив усулларда машғулотлар ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик.

Хўш, тадбир иштирокчиларда қандай таассурот қолдирди? Умуман, партиямиз фаол аёллари семинардан нима ўрганди? Қанот фаолиятини кучайтиришда бундай тадбирларнинг аҳамияти қандай?

Гулчеҳра АЗИЗОВА, ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши сектори мудири:

— Ушбу семинар фаол аёлларимиз учун тажриба алмашиш, қанот фаолиятини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлайман.

Семинарда қанот етакчилари ва фаолларининг сиёсий билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш, сиёсатчи аёлларнинг партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари билан ҳамкорлигини тизимли йўлга қўйиш масалаларига эътибор қаратилди.

Машғулотлар интерактив усулларда ўтгани барчага маъқул келди. «Фаол аёллар» қаноти фаолиятини кучайтириш бўйича ўзаро фикр алмашилди, янги таклифлар билдирилди.

«Фаол аёллар» қаноти тадбирларини режалаштириш ва ўтказиш тартиби», «Хотин-қизларга оид муаммоларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва бартараф этиш йўллари», «Партия гуруҳлари билан ҳамкорликда иш олиб бориш механизм­лари» каби мавзуларда машғулотлар ўтказилди. Қатнашчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда, ўз таклифларини ишлаб чиқишди.

Рихси БЕКБЎТАЕВА, ЎзХДП Чирчиқ шаҳар кенгаши «Фаол аёллар» қаноти етакчиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутати:

— Қанот аъзолари билан ишлаш, уларни доимий ташаббускорликка ундаш ўз-ўзидан амалга ошадиган жараён эмас, албатта. Бунинг учун биз ҳар доим тажриба алмашиб туришимиз керак. Семинар айни шу жиҳатдан ҳам фойдали бўлди, деб ҳисоблайман. У етакчилар учун сиёсий ва касбий малака оширишда ўзига хос мактаб вазифасини ўтади. Хотин-қизларнинг қизиқиш ва имконият­ларини тўғри йўналтириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоялаш бўйича кўплаб маълумотларга эга бўлдим. Менимча, амалий семинарларни ҳар бир ҳудудда бугунгидек расмий эмас, ўзаро мулоқот тарзида юқори савияда ташкил этишимиз керак.

Депутатлар ҳамкорлигида хотин-қизларни ўйлантираётган муаммоларни ўрганиб боришимизда, уларнинг ечими бўйича ташаббус кўрсатишимизда ҳаётий таклиф-мулоҳазалар жуда асқотади.

Гавҳар ШОДИЕВА, ЎзХДП Бўка туман кенгаши «Фаол аёллар» қаноти етакчиси:

– Ҳеч кимга сир эмас, қишлоқ жойларда хотин-қизларнинг турмуш шароитини янада яхшилаш билан боғлиқ масалалар учраб туради. Ҳамкор, мутасадди ташкилотлар уларни ҳал қилиш чораларини кўрмоқда, албатта. Лекин бу жараёнда самарали омил аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигида, энг муҳими, уларнинг замонга қараб фикрлашида, деб биламан. Бу борада асосий масъулият сиёсий партиялар фаоллари, яъни, бизнинг зиммамизда эканини унутмаслигимиз керак.

Шу боис партиямиз тизимида хотин-қизлар фаоллигини оширишга бағишланган тадбирлар таъсирчанлиги ва изчиллигига алоҳида эътибор қаратишимиз талаб этилади. Семинар давомида мазкур йўналишда нималарга аҳамият беришимиз кераклиги ҳақида зарур маълумотларга эга бўлдим. Уларни амалиётда қўллашга ҳаракат қиламан.

Машғулотларда гуруҳларга бўлинган ҳолда ишладик. Биз аёллар билан юзма-юз, эркин суҳбатлар уюштириш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ташаббусларни кучайтириш керак, деган таклифни илгари сурдик.

Менимча, тадбир қандай ўтиши аввало, мавзуга боғлиқ. Мавзу танлашда одамларни ўйлантираётган масалалар биринчи ўринда туриши лозим. Ижтимоий лойиҳаларни ҳамкор ташкилотлар билан бирга ўтказиш, бундай тадбирларга кўпни кўрган одамлар, тажрибали мутахассисларни таклиф этиш мақсадга мувофиқ бўлади. Шунинг­дек, тадбирлар давомида кўпроқ иштирокчиларга сўз бериш, саволлар бериш зарур. Бу аёлларнинг фикрлаш доираси кенгайишида муҳим ўрин тутади.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.