03.05.2016

ТИНЧЛИК ТОНГИ

Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида «Фавворалар сайли» ўтказилди

Тинч мамлакатнинг яна бир тонги фавворалар қўшиғи, шодон одамларнинг қувонч-кулгулари, болаларнинг бахтиёр қийқириқлари билан бошланди.

Фавворалар қалбга сокинлик бағишлайди, кўнгилни ғуборлардан тозалайди. Тилда шеър туғилади, дилдан шодлик тошади.

Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент шаҳрида «Фавворалар сайли» ёшлар оммавий-маданий тадбирларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўтказилаётган шодиёналарда қатнашганлар «байрамларимиз яна биттага кўпайди, Президентимизга раҳмат» дейишмоқда.

Маълумотларга кўра, пойтахтимизда бугунги кунда элликдан зиёд фаввора бўлиб, уларнинг ўн бешга яқини мусиқага мос ҳаракатланади ва замонавий ёритиш тизимига эга.

— «Фавворалар сайли» бизнинг севимли байрамимизга айланди, — дейди Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреати, ЎзХДП фаоли Меҳриноз Аббосова. — Ҳар йили дўстларим билан пойтахтимиздаги фаввораларни айланамиз, ҳаётидан рози одамларни кўриб, кайфиятимиз кўтарилади. Бу каби сайиллар Ўзбекистоннинг тинч ва обод юрт эканлигининг, юртимизда бахтли одамлар яшашининг яна бир исботидир.

Тарихий асарларда ёзилишича, Амир Темур томонидан барпо этилган боғларда бетакрор фавворалар бўлган. Соҳибқирон салтанатига ташриф буюрган чет давлатларнинг элчилари фаввораларга ҳайрат билан тикилишган.

Бугун Самарқандда замонавий кўринишдаги фавворалар қурилмоқда. Сайил муносабати билан шаҳардаги фавворалар атрофида томошалар, рассомларнинг кўргазмалари намойиш этилди.

Самарқанд вилоят ҳокимлиги расмий сайтида берилган хабарга кўра, айни пайт­да вилоят бўйича 47 фаввора ишлаб турибди. Шундан 8 таси нурли мусиқали фаввора, 30 таси нурли фавворадир.

— Самарқанд азал-азалдан ўзининг такрорланмас архитектураси билан машҳур, — дейди халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Ўктам Саидмуродов. — Самарқанд­нинг боғ ва хиёбонларидаги фавворалар шаҳарда мўътадил ҳаво ҳароратини таъминлайди. Шуни алоҳида таъкидламоқчиман, бугунги кунда бундай фавворалар вилоятимизнинг Пастдарғом, Пайариқ, Ургут, Нуробод ва бошқа туманларида ҳам қурилган. Тўғрисини айтганда, Фавворалар сайли аллақачон халқимизнинг қалбидан муносиб ўрин эгаллади.

 

Ўз мухбиримиз.



DB query error.
Please try later.