30.04.2016

ПАРЛАМЕНТ НАЗОРАТИ

қонун устуворлиги таъминланишининг муҳим омили

Дилмурод САЪДУЛЛАЕВ,Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Президентимиз томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концеп­ция­си ғоялари юртимизда ҳар томонлама профессионал парламентни шакллантиришда муҳим ўрин тутмоқда.

Ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан парламент назоратининг кучайтирилиши билан давлат ҳокимияти субъ­ект­лари ўртасида манфаатлар мувозанати таъминланмоқда. Масалан, парламентга Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш, шунингдек, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг долзарб масалалари юзасидан унинг ҳисоботини эшитиш ва муҳокама қи­лиш ҳуқуқи берилди. Энг муҳими, бу каби меъёрлар қонун ижодкорлиги сифатини жиддий равишда ошириш, демократияни қарор топтиришда парламентнинг ро­ли куча­йиши учун кенг йўл очиб бермоқда.

Маълумки, парламент халқнинг юқори вакиллик органи ҳисобланади. Шунинг учун парламент давлат ҳокимияти органлари, мансабдор шахслар фаолияти устидан муайян назоратни амалга ошириши зарур. Бу қонун устуворлигини таъминлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мансабдор шахс­ларнинг масъулиятини оширишда катта аҳамиятга эга, албатта.

Жорий йил 12 апрелда матбуотда эълон қилинган «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонун бу борада узоқни кўзлаб амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг муҳим мантиқий давоми, амалий натижаси бўлди, десак муболаға бўлмайди. Мазкур қонун, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида турли тадбирлар, давра суҳбатлари, шу­нинг­дек, оммавий ахборот воситаларида кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Ўй­лашимизча, бу жараён янада изчил тус олиши фуқароларнинг парламент ислоҳотлари аҳамияти ва зарурати ҳақидаги тасаввурини бойитишга хизмат қилади.

Шу ўринда Қонуннинг айрим жиҳатларига тўхталиб ўтсак. Унда партиялар фракцияларининг давлат ­ҳокимияти ва бош­қаруви органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш масалалари акс этган. Бу фракцияларнинг қабул қилинаётган қонунлар, муҳим ижтимоий-сиё­сий, иқтисодий давлат дастурларининг ижросини сўзсиз таъминлаш борасидаги фаолияти кучайишига хизмат қилади, деб ўйлайман.

Хусусан, Қонунда сиёсий партия фракцияларининг Давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижроси боришини кўриб чиқиш, Ҳисоб палатасининг ҳисоботини дастлабки тарзда муҳокама қилиш ҳуқуқлари белгиланган. Шунингдек, фракцияларга Ҳукумат аъзоларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиш, парламент сўровини юбориш тўғрисида таклиф киритиш ҳуқуқи кафолатланган. Ушбу меъёрлар Ўзбекистон Халқ демократик пар­тияси фракцияси учун принципиал аҳамиятга эга масала ҳисобланади.

Оддий бир мисол. Яқинда фракциямиз йиғилишида Ҳисоб палатасининг ҳисоботи кўриб чиқилди. Палата фаолияти таҳлили натижалари ижтимоий соҳага йўналтирилаётган бюджет маблағларининг қанчалик самарали ишлатилаётгани ҳақида холис хулоса чиқариб олишга, тегишли тавсиялар берилишига асос бўлди. Бу партиямиз дастурий мақсадлари рўёбга чиқишида муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, аҳоли бандлигини таъминлаш, иш ўринлари ташкил этиш ва бошқа ижтимоий масалаларнинг изчил ўрганилиши электорат манфаатлари ҳимоясига хизмат қилади.

Қонунда Қонунчилик палатаси, Сенат мажлисларида Ҳукумат аъзоларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиш механизми белгиланган. Эшитиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси, Сенат қарор қабул қилади ва унда ҳукумат аъзоларининг фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар берилиши мумкин. Парламент назоратининг бу шакли қонунларнинг иж­ро ҳокимияти томонидан қай даражада амалга оширилаётганини ўр­ганиш, тегишли тартибда баҳо бериш, шу билан бир қаторда, яна қандай қонунчилик ташаббуслари зарурлигини ўрганишга ҳуқуқий ша­роит яратади.



DB query error.
Please try later.