30.04.2016

ДАСТУРИЙ МАҚСАДЛАРГА ЭРИШИШ УЧУН

ҳамкорликни кучайтириш зарур

Термиз шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят кенгашининг пленумида ҳудудий партия ташкилотлари раҳбарлари, халқ депутатлари вилоят ва туман, шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари фаол иштирок этди.

Кун тартибидаги масалаларга доир маълумотлар аввалдан иштирокчиларга тарқатилган эди. Шу сабабли пленум муҳокамалар, таклиф ва мулоҳазалар билан бошланди.

Мунозараларда партия ташкилотлари ва гуруҳларининг аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси устидан депутатлик назоратини олиб бориш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

— Сиёсий партия аҳолининг маълум бир қатлами манфаати учун курашса, электорат эҳтиёжларини ифодаловчи дастурларнинг бажарилиши юзасидан жамоатчилик назоратини изчил олиб борса, одамлар ишончини қозонади, — деди вилоят партия кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Чори Жумақулов. — Бу жараён партиянинг барча ташкилий тузилмалари — ­бошланғич ташкилотлар, туман, шаҳар кенгашлари, депутатлик бирлашмалари томонидан таклифлар бериш, уларни амалга ошириш орқали олиб борилиши зарур.

Ўтган йили вилоятдаги пар­тия гуруҳларимиз ташаббуси билан 17 масала доимий комиссияларда, 21 масала сессияларда муҳокама этилди. Қабул қилинган қарорлар асосида бугунги кунда муайян натижаларга эришилмоқда. Албатта, муҳими қарорлар қабул қилиниши эмас, балки уларнинг ижроси таъминланишидир. Шундай экан, долзарб ижтимоий масалалар ечимига хизмат қиладиган қарорлар ижроси эътиборимиздан четда қолмаслиги керак.

— Жорий йилга мўлжалланган Ҳаракат дастуридаги вазифалар ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатидан келиб чиқиб белгиланганини алоҳида таъкидламоқчиман, — дейди ЎзХДП Термиз туман кенгаши раиси, халқ ­депутат­лари туман Кенгашидаги партия ­гуруҳи раҳбари Тўрабек ­Зоиров. — Уларни бажариш учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа  ҳамкор ташкилотлар билан ижтимоий шерикликни ривожлантириш талаб этилади. Айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, электорат вакилларининг хизмат кўрсатиш, оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчиликка доир ташаббусларини қўл­лаб-қувватлаш, томорқадан самарали фойдаланишни ташкил этиш масалаларидаги ҳамкорлик долзарб аҳамиятга эгадир. Шунинг учун электорат вакилларини ўйлантираётган муаммоларни ўрганиш ва уларга ечим топишда ижтимоий ҳамкор ташкилотлар таклифларидан фойдаланишни кенг йўлга қўйсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Ўрни келганда яна бир таклиф айтмоқчиман. Партиямиз Ҳаракат дастури ижроси бўйича тузилаётган ишчи гуруҳлари таркибига ижтимоий шерикларимиз вакилларини ҳам жалб қилиш лозим, деб ўйлайман.

Пленумда айрим партия ташкилотлари ва депутатлар фаолияти танқид қилинди. Факт­лар, рақамлар атрофлича таҳлил этилди.

Алоҳида қайд этилдики, партия дастурий мақсадларини тарғиб қилиш, оммавий-сиё­сий тадбирларни янада жонлантириш, электорат вакилларининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида муайян камчиликлар кўзга ташланмоқда.

Бошланғич партия ташкилотларида турли мавзуларда ўқувлар, давра суҳбатлари ташкил қилишга айрим туман партия кенгашлари масъулият билан ёндашмаяпти. Ўтказилаётган тадбирлар савиясини кўтариш, партиямиз ғоялари асосида уларни ­мазмунан бо­йитиш зарурлиги таъкидланди.

Очиқ, ошкора ва танқидий руҳда ўтган пленумда ҳар бир масала атрофлича кўриб чиқилди. Муаммоларни бартараф этиш, электорат манфаатлари ҳимоясини такомиллаштиришга қаратилган қарор қабул қилинди.

Пленумда бир гуруҳ фаолларга Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ва вилоят партия ташкилотининг эсдалик совғалари топширилди.

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.