30.04.2016

ЎЗБЕКИСТОН – РОССИЯ

ўзаро изчил ҳамкорлик мамлакатларимиз халқлари манфаатларига хизмат қилмоқда

Президентимиз Ислом Каримовнинг Россия ­Федерацияси Президенти Владимир Путин таклифига биноан ушбу мамлакатга қилган расмий ташрифи, унда давлат раҳбарлари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар жаҳон ҳамжамияти, етакчи сиёсатшунослар, депутатлар, олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари томонидан қизғин кутиб олинди.

Феруза ЭШМАТОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси:

Аввало, шуни алоҳида қайд этиш жоизки, Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкам шарт­номавий-ҳуқуқий асосга эга. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар 2004 йил 16 июнда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома, 2005 йил 14 ноябрда имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома доирасида изчил ривожланиб бормоқда.

Бугун биз Россия ­Федерацияси билан БМТ, ШҲТ, МДҲ каби халқ­аро тузилмалар ­доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз.  Президентимизнинг ушбу ташрифи икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Ташриф давомида минтақавий ва халқ­аро аҳамиятга молик долзарб масалалар, жумладан, Афғонистон ­муаммоси, терроризм, экс­тремизм, нар­­­кот­рафик, уюшган ­жи­ноятчиликка қарши ­курашиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Албатта, бугун дун­ё­нинг турли бурчакларида содир бўлаётган урушлар, низо ва зиддиятларни ҳал этиш ҳамда бундай ҳолатларнинг олдини олишда минтақадаги давлатларнинг ўзаро ҳамфикр, ҳамкор бўлиши ўта долзарбдир.

Учрашувда эътибор қаратилган яна бир муҳим жиҳат Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги доирасида амалга оширилаётган ишлари бўл­ди. Мамлакатимизнинг ташкилот ишини янада фаоллаштириш, мин­тақавий ҳамкорликни ривожлантириш, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга йўналтирилган саъй-ҳаракатлари алоҳида эътироф этилди.

Давлатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантириш, мамлакатларимизнинг изчил тараққий этишига қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Миркамол ҒУЛОМОВ, «Ғуломов Миркамол» фермер хўжалиги раҳбари, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Президентимизнинг Россия ­Федерациясига ташрифини телевидение орқали кўрдик, тафсилотларини матбуотда ўқидик. Дарҳақиқат, бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасида мус­таҳкам ҳамкорлик ўрнатилган. Буни барча соҳаларда кўришимиз мумкин.

Маълумки, Россияда юртимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаб юқори. Ўзбекистон бу соҳада улкан салоҳиятга эга. Чунки қишлоқ хўжалиги, мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларимиз доим харидоргир, чет эллик истеъмолчиларни ўзига жалб қилиб келган.

Музокарада мамлакатимизда етиштирилган мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини кўпайтириш ва турини кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Демак, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг ривожланиши тадбиркор ва фермерлар фаолиятини кенгайтиришга ҳам ёрдам беради. Албатта, биз сифатли маҳсулот етиштириб, уни ўзаро келишувлар ва шартномалар асосида россияликларга вақтида етказиб беришимиз лозим бўлади.

Ҳақиқатан ҳам, буларнинг барчаси товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт ва транзит соҳасидаги алоқаларни янада кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эгадир.

Барно САНАҚУЛОВА, иқтисод фанлари номзоди, ЎзХДП экспертлар гуруҳи аъзоси:

— Ушбу ташриф икки мамлакатнинг иқтисодий ривожланишида муҳимдир. Чунки, Ўзбекистон — Россия муносабатларида савдо-иқтисодий ҳамкорлик асосий ўрин тутади. 2013-2017 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик дастури, 2015-2019 йилларда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришнинг асосий йўналишларига оид ҳукуматлараро битимга мувофиқ бу соҳадаги алоқалар изчил тараққий этмоқда. 

Россия Ўзбекистоннинг таш­қи савдо шериклари орасида муҳим ўрин тутади. Мамлакатлар иқтисодиётнинг муҳим йўналишларида савдо алоқаларини ўрнатган. Мисол учун, Ўзбекистон Россияга енгил автомашиналар, пахта толаси, трикотаж, мева-сабзавотлар, қора ва рангли металлар, турли хизматларни экспорт қилади. Россия эса иқтисодиётимизга керак бўлган технологик ускуналар, турли транспорт воситалари, кимё ва қоғоз саноати товарлари, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беради. 

Ўзбекистонда россиялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда тузилган 900 дан ортиқ қўшма корхона фаолият юритмоқда. Мамлакатимизда Россиянинг 85 фирма ва компанияси ваколатхонаси очилган. Ўзаро товар ­айирбошлаш ҳажми изчил ўсиб бормоқда. Жорий йилнинг ­биринчи чорагида бу борадаги кўрсаткич 7,9 фоизга ошган.

Агар эътибор қаратадиган бўлсак, Ўзбекистон ҳам, ­Россия ҳам ёқилғи-энергетика соҳасида улкан салоҳиятга эга. Бу мазкур йўналишдаги ҳамкорлик ривожига хизмат қилмоқда. Россиянинг «Лукойл» ва «Газпром» нефть-газ компания­лари мамлакатимиздаги углеводород конларини қидириш ва ўзлаштиришда фаол иштирок этмоқда. Шу йил 19 апрель куни Бухоро вилоятида «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси билан «Лукойл» компанияси ҳамкорлигида Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши бошланди.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси таркибига йилига 8,1 миллиард куб метр табиий газни қайта ишлаш қувватига эга завод, шунингдек, 114 қазиш қудуғи, 11 махсус майдон ва 4 йиғув пунктини ўз ичига олган табиий газни тўплаш тизими киради. Бундан ташқари, 370 километр газ қувури, 160 километр автомобиль йўли қуриш режалаштирилган. Мажмуа ва инфратузилма объектларида 7 мингга яқин киши иш билан таъминланади.

Кўриниб турибдики, бундай йўналишлардаги ҳамкорлик мамлакатлар иқтисодий қудратининг янада ошишига хизмат қилади.

 

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.