28.04.2016

«МЕН БОЛАЛАРНИ ЯХШИ КЎРАМАН»

Атоқли шоир Турсунбой Адашбоев билан суҳбат

«Дўстлик» ордени соҳиби, Ёзувчилар уюшмаси болалар шеърияти кенгаши аъзоси Турсунбой Адашбоевнинг кичкинтойлар учун 25 дан ортиқ шеърий тўпламлари ва кўплаб таржима асарлари чоп этилган. Ижодкорнинг асарлари рус, қозоқ, қирғиз, тожик ва латиш тилларига ўгирилган.

Шоир билан суҳбатимиз бадиий адабиётнинг болалар маънавий камолотидаги аҳамиятидан бошланди.

— Севимли болалар шоири Анвар Обиджон: «Боланинг бир қўлига шеър, бир қўлига нон беринг!» деган эди. Жуда топиб айтилган гап, — дейди Турсунбой Адашбоев. — Нон табаррук, шеър-да, табаррук! Агар яхши шеър бўлса. Нон болани вояга етказса, шеър унинг маънавиятини юксалтиради. Китоб ўқиётган бола қуёшдан баҳра олаётган ниҳолга ўхшайди. Чунки китоб — барча эзгуликларнинг боши, маърифат ва зиё манбаи.

Китоб ўқиш ва унга завқ-шавқ уйғотиш кўпроқ ота-она, тарбиячи, ўқитувчи-педагогларга боғлиқ бўлади. Чунки масаланинг мушкуллиги шундаки, бола ўзи қизиққан китобни ўқигиси келади ва бунда албатта биринчи навбатда ота-она ёрдамга келиши керак. Лекин бу ерда бошқа нарса ҳам бор: болани буюртма билан ёки зўрма-зўраки ёзилган асарлардан муҳофаза қилиш керак. Худди ана шу нарса унинг кўнглини китоб­дан совутиши мумкин.

Китобхонлик бутун дунёда тараққиёт ва маънавиятнинг асосий манбаи бўлиб келган. Телевидение ёки компьютер орқали болага «едирилаётган» тасвирлар унинг тасаввур ва тафаккурини бойитмайди, аксинча, қашшоқлаштиради. Китоб эса мулоҳазага, мушоҳадага, яратувчанликка ундайди.

— Боланинг дунёни англашида ижодкорнинг иштироки қай даражада, деб ҳисоблайсиз?

— Боланинг дунёни англаши ва таниши тадрижий равишда кечади, берган саволига ота-онасидан жўяли жавоб олиши унинг дунёқарашини кенгайтиради. Болага атроф-муҳитда юз бераётган воқеа ва ҳодисаларни, табиат қонунларини поғонама-поғона ўргатиб боришда шоир ва ёзувчилар, мусаввирлар асарларидан фойдаланиш жуда муҳим. Чунки рангтасвир ва бадиий сўз болани дунёнинг ҳайратомуз сир-синоатларидан баҳраманд қилади.

Натижада бола шахсияти ривожланиб, унда ўзлигини англаш жараёни бошланади. Ёши улғайган сайин болада реалистик асарларга қизиқиш ошади. У бу китоблар туфайли ўтмиш ва ҳозирги давр билан танишади. Булар эса болага маънавий ва ахлоқий таъсир кўрсатади.

— Сиз қўлига умид билан қалам тутган, болалар адабиётига кириб келаётган ижодкорларни тўғри ўзанга йўналтирасиз. Шунинг учун ҳам бир қатор болалар шоирлари сизни ўзига устоз деб билади.

— Бунинг сабаби бор. Катта дарёдан сув ичган одам бош­қаларни кўлмакка бошламайди. 1958 йилнинг апрель ойида Миртемир домла «Манас» эпосини таржима қилиш ниятида ижодий сафар қилганларида икки ҳафта у кишига ҳамроҳлик қилганман. Болаларга аталган машқларимни ўқиб кўрган устоз кичкинтойларнинг улкан, ўта талабчан шоири Қудрат Ҳикмат билан таништирган. Ҳар икки устозим мени қўллаб-қувватламаганда, адабиётнинг оддий мухлиси бўлиб юраверардим.

1960 йилнинг августида Миртемир домланинг таклифи билан Дўрмонда ёш ижодкорлар кенгашида иштирок этганман. Шу ерда Тўра Сулаймон, Йўлдош Сулаймон, Сафар Барноев ва Ҳабиб Раҳмат билан дўстлашдим. Болаларнинг севимли шоири Қудрат Ҳикмат семинар раҳбари бўлган эди ўшанда. Болалар адабиётининг ўша кездаги таниқли вакиллари Ҳаким Назир, Қуддус Муҳаммадий, Шукур Саъдулла, Толиб Йўлдош ва Пўлат Мўмин билан яқиндан танишганман. Ўшанда Толиб Йўлдош ва Қудрат Ҳикматнинг болалар шеърияти бўйича билдирган фикр­лари, ўринли мулоҳазалари жуда катта ибрат бўлган.

Семинардан олган хулосам, устозларнинг берган маслаҳатлари шундан иборат бўлдики, болалар учун ёзилган шеърлар қисқа бў­ғинли, лўнда, қувноқ, воқеабанд ва янги қофияларга тўйинтирилган бўлиши керак. 60-йилларда дастлабки шеърларим «Гулхан» журналида чоп этилиши мен учун ҳақиқий байрам бўлган эди. Талабалик чоғимдаёқ «Камолнинг олмаси» номли биринчи китобим босилиб чиққан.

— Бугунги ўзбек болалар адабиёти, унинг дунё болалар адабиётида тутган ўрни ҳақида тўхталсангиз...

— Ўзбек болалар адабиёти фахри бўлган, асарлари ҳар бир ўзбек хонадонига кириб борган Носир Фозилов, Худойберди Тўх­табоев, Миразиз Аъзам, Эркин Малик, Анвар Обиджон, Ҳабиб Раҳмат сингари ижодкорлар ортидан Кавсар Турди­ева, Маъмур Қаҳҳор, Дилшод Ражаб, Қўзи Исмоил, Эрпўлат Бахт каби пишиқ-пухта ёзадиган, болаларга маъқул бўлган асарлари билан кўзга кўринган авлод етишиб чиқди.

«Дўрмон» ижод уйида ўтказилаётган семинарлар кичкинтойларнинг катта адабиётига кириб келаётган иқтидорли ёшларни кашф этаяпти. Бу албатта жуда қувонарлидир.

Болаларга атаб шеър ёзиш, асар яратиш, бошқа тилдан таржима қилиш ҳар қандай ижодкорнинг ҳам қўлидан келаверадиган иш эмас. Ҳар бир ёзилган асар болаларда китобхонликка, мутолаага иштиёқ уйғотиши керак, деб ҳисоблайман.

Жаҳон халқлари болалар адабиётининг энг машҳур намояндалари — Шарл Перро, Даниел Дефо, Жонатан Свифт, ака-ука Гриммлар, Ханс Кристиан Андерсен, Лев Толстой, Корней Чуковский, Агата Крис­ти сингари жуда кўплаб ижодкорларнинг асарлари она тилимизга таржима қилинган. Лекин бизнинг дунё болалар ёзувчиларига тенглашадиган, ҳатто қайси жиҳатлари биландир устун турадиган Худойберди Тўхтабоев, Анвар Обиджон сингари адибларимизнинг асарларини қойилмақом қилиб ўгирадиган ўз таржимонларимизни етиштириб чиқаришимиз керак, деб ўйлайман. Чунки бу асарларни бор латофати билан намоён қилиш учун таржимон халқнинг руҳини, қадриятларини билмоғи керак.

Бугунги адабий жараёнда ўзбек адабиётининг энг сара намуналарини жаҳон тилларига таржима қилиш ишлари ривожланяпти, сафимизга истеъдодли ёш таржимонлар келиб қўшилаётир. Ёзувчилар уюшмаси томонидан бу борада изчил иш олиб бориляпти. Ўйлайманки, ҳадемай ўзбек болалар адабиёти намуналарини хорижий тилларга таржима қилиш ҳам йўлига тушади.

Суҳбатимиз сўнггида бир гапни айтмоқчиман: мен бола­ларни яхши кўраман...

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нуруллоҳ ДОСТОН

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.