28.04.2016

АМИР ТЕМУР — БУЮК ДАВЛАТ АСОСЧИСИ

Ўзбекистон хорижий давлатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари Кенгаши томонидан Темурийлар тарихи давлат музейи билан ҳамкорликда давра суҳбати ўтказилди.

Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 680 йиллигига бағишланган тадбирда тарихчи олимлар, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган дипломатик ваколатхоналар вакиллари, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги вакили иштирок этди.

— Амир Темур ҳақида сўз айтиш шарафли бўлиш билан бирга ўта масъулиятли вазифа ҳисобланади, — дейди Ўзбекистон хорижий давлатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари Кенгаши раиси Минҳожиддин Мирзо. — Бу зот ҳақида гапирар эканмиз, аввало унинг буюк шахс эканини алоҳида таъкидлаймиз. Фахрли томони шундаки, бу баҳони унга тарихнинг ўзи берган.

Истиқлол туфайли Амир Темур олдидаги фарзандлик бурчимизни ўташ имконига эга бўлдик. Соҳибқирон бобомизга Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабзда ҳайкал ўрнатилди. Бу буюк зот ҳақидаги асл ҳақиқат тикланиб, адолат қарор топди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Амир Темур шахсини идрок этиш — тарихни идрок этиш демакдир. Амир Темурни анг­лаш — ўзлигимизни англаш демакдир. Амир Темурни улуғлаш — тарих қаърига чуқур илдиз отган томирларимизга, маданиятимизга, қудратимизга асосланиб, буюк келажагимизни, ишончимизни мустаҳкамлаш демакдир.

— 1996 йилда ЮНЕСКО томонидан Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги кенг нишонланган эди, — дейди ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Криста Пиккат. — Ўша йили ЮНЕСКОнинг Париждаги ваколатхонасида буюк давлат арбобига бағишланган кўргазма бўлиб ўтган ва унда бир қатор нуфузли шахслар қатнашган эди. Амир Темурни нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда севиб, ардоқлашади, десам хато қилмаган бўламан. Ҳозир мен Темурийлар тарихи давлат музейини яна бир марта томоша қилдим. Соҳибқироннинг шахсини тўла англаш, фаолиятига баҳо бериш учун музейдаги экспонатларни бир неча марта кўзда кечириш кам, деб ўйлайман.

 

Темур АЪЗАМ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.