28.04.2016

МЕҲНАТ МУҲОФАЗАСИ

ишчи-ходимларнинг ҳаёти, соғлиғи билан боғлиқ долзарб масала

Феруза ЭШМАТОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Дунё жамоатчилиги эътиборини кучайтириш мақсадида 28 апрель «Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни» деб эълон қилинган. Бу меҳнат хавфсизлигини таъминланиши, иш жараёнида ҳар томонлама мақбул шароит яратиш, меҳнат муҳофазасини кучайтириш билан боғлиқ илғор ёндашувлар ҳаётга татбиқ этилишида муҳим аҳамият касб этади.

Шуни айтиш керакки, сўнгги йилларда меҳнат хавфсизлиги билан шуғулланадиган халқаро ташкилотларнинг меъёрий ҳужжатлари ҳамда кўплаб давлатлар қонунчилигига тегишли ўзгартишлар киритилиб, қатор янги талаб ва стандартлар жорий қилинди. Халқаро меҳнат ташкилотининг маълумотларига қараганда, дунё бўйича ҳар йили меҳнат фаолияти билан боғлиқ бўлган сабабларга кўра, 160 миллионга яқин кишининг касб касалликларига чалиниши кузатилмоқда. Дунёда жами ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг умумий сони 270 миллионга етганлиги бу борадаги муаммоларнинг ўта долзарблигини кўрсатиб турибди.

Кўпгина давлатларнинг соҳага оид қонунчилигида корхона ва ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича хавфсизликни бош­қаришни ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, давлат бош­қаруви органлари ва жамоат ташкилотларининг меҳнатни муҳофаза қилишдаги мажбуриятлари ҳамда ҳуқуқларини белгиловчи нормалар, бу борада назоратни ташкил қилиш талаблари акс эттирилган. Айрим ривожланган давлатларнинг қонунчилигида ёшлар ва катта ёшли ишчи-ходимлар бўйича меҳнат хавфсизлиги қоидалари алоҳида мустаҳкамланган. Бу тизимда янги ёндашувлар юзага келаётганини англатади.

Бир қатор давлатларда меҳнатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларига нафақат бюджет маблағларини, шу билан бирга, корхона ва мансабдор шахсларга қўлланилган жарималар, алоҳида тузилган шартномалардан тушган маблағларни ҳам йўналтириш амалиёти мавжуд.

Бир сўз билан айтганда, халқаро ҳуқуқий талабларга мувофиқ, дунё давлатларининг соҳага тегишли қонунчилиги меҳнат муҳофазасини таъминлаш нуқтаи назаридан такомиллашиб бормоқда.

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида бу масалага алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, 1993 йилда «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган. Бугунги кунда ушбу қонунни бозор иқтисодиётининг замонавий талабларига, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш тамойилларига мослаштириш вазифаси юзага келган. Шу билан бирга, мамлакатимизда «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги, «Саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги, «Радиация хавф­сизлиги», «Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги (янги таҳрирда), «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги қонунларнинг қабул қилинганлиги «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунни янада такомиллаштириш заруратини юзага келтирган эди.

Шулардан келиб чиққан ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан мазкур Қонуннинг янги таҳрири қабул қилиниб, Сенатга юборилди. Унда соҳадаги ҳуқуқий асосларни такомиллаштиришга, республика, тармоқ ва ҳудудлар даражасида меҳнат муҳофазасини тўғри ташкил қилишга, иш берувчилар билан бирга, ходимларнинг ҳам масъулиятини оширишга эътибор берилди. Мазкур қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда меҳнатни муҳофаза этишга оид муносабатларнинг мустаҳкамланишига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига ижобий таъсир кўрсатади.

Бир сўз билан айтганда, меҳнат муҳофазаси инсон ҳаёти хавфсизлигини, корхона-ташкилотлар ривожини таъминловчи муҳим омиллардан ҳисобланади. Бу борада қонунчиликнинг мустаҳкам бўлиши, зарур тадбирларнинг тўғри ташкил қилиниши касб касалликлари, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга хизмат қилади.



DB query error.
Please try later.