26.04.2016

I LOVE UZBEKISTAN

мактабларимизда инглиз тилини ўрганаётган болалар бу гапни баралла айтмоқда

Миллий матбуот марказида Халқ таълими вазирлиги томонидан чет тилларини ўқитишнинг долзарб масалаларига бағишланган анжуман ўтказилди.

Мазкур тадбир доирасида 4-синф ўқувчилари учун яратилган «Kid’s english» дарс­лик мажмуасининг тажриба-синов жараёни билан яқиндан танишиш мақсадида оммавий ахборот воситалари ходимлари Чилонзор туманидаги 90-умумтаълим мактабига ташриф буюришди.

— Мактабимизда 1060 нафар ўқувчи таҳсил олади, — дейди 90-умумтаълим мактаби директори Марҳамат Аҳмедова. — Уларга саккиз нафар инглиз тили фани ўқитувчиси дарс беради. Ҳар ойда ўқувчиларнинг хорижий тилни ўрганиш даражасини мониторинг қилиб борамиз. Мактабимиз туманда инглиз тили фани бўйича таянч муассаса бўлгани учун ҳар жума куни бу ерга бошқа мактаблардан ўқитувчилар келиб, малака оширади. Инглиз тили хонаси лингафон, 18 компью­тер, проектор ва DVD билан жиҳозланган.

Ушбу мактабнинг 3-синф ўқувчиси Исмоил Зоҳидовга мен ўзбек тилида савол бердим. У инглиз тилида жавоб қайтаради.

— Исминг нима?

— My name is Ismail Zahidov.

Ўзинг ҳақингда гапириб бер.

— I was born in Tashkent. I love my mom, dad and all the teachers. And I love my country. I love Uzbekistan!

Дарвоқе, бугунги кунда республикамиздаги 9692 умумтаълим мактабларининг барчасида чет тиллари (инг­лиз тили 8543 мактабда 3,01 миллион нафар, немис тили 1589 мактабда 316 минг нафар, француз тили 1076 мактабда 216 минг нафар, бош­қа тиллар 27 мактабда 6300 нафар ўқувчига ўргатилмоқда.

Жорий ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 1-синфларида 631,2 минг, 2-синфларда 583,5 минг нафар, 3-синфларда 539,3 минг нафар ўқувчи чет тилини ўрганмоқда, — дейди Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов.Халқаро экспертлар билан ҳамкорликда узлуксиз таълим тизими учун умумевропа талаблари (CEFR) асосида бошланғич синфларда (1-4 синф) ҳафтасига икки соат чет тили ўқитишни назарда тутган янги ўқув режаси ишлаб чиқилди ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланди.

Мазкур давлат таълим стандарти ҳамда ўқув дастури асосида 1 ва 4-синфлар учун дарслик мажмуалари (дарслик, ўқитувчи китоби, машқ дафтари ва DVD диск) яратилиб чоп этилди ва ўқувчиларга бепул етказиб берилди. 5-9-синфларга дарс бераётган ўқитувчилар учун чет тиллари бўйича методик қўлланмалар янги стандарт асосида қайта яратилиб, нашр қилинди.

Тадбирда таъкидланганидек, мазкур дарслик мажмуалари маҳаллий муаллифлар томонидан хорижлик кон­сультант­лар ёрдамида мактаб ёшидаги болаларнинг психологик ва ёш хусусиятларини инобатга олган ҳолда яратилди. Ушбу янги авлод дарс­лик-мажмуалар бевосита Тошкент­даги Британия кенгаши, Гёте институти ва Франция элчихонаси билан ҳамкорликда хорижий экспертлар томонидан текширувдан ўтказилиб, такомиллаштирилмоқда.

Шу ўринда айтиш керакки, 2016 йилнинг 11 январидан 20 мартига қадар 4-синф­лар учун чет тилларидан яратилган дарслик мажмуалари инглиз тилидан 75, немис тилидан 28 ва француз тилидан 28 таянч мактабларида тажриба-синовдан ўтказилди.

— 4-синф ўқувчилари учун «Kids’ English-4» дарслик мажмуаси тажриба-синовлардан муваффақиятли ўтди, — дейди дарслик муаллифи Лутфулла Жўраев.Тажриба-синов ҳамда амалиёт натижалари, хорижий экс­пертлар, тилшунослар тав­сия­си асосида чет тиллари бўйича 4-синф учун дарслик мажмуалари янада такомиллаштирилди.

Бошланғич синфларда чет тилларини ўқитиш учун 17222 чет тили хоналари тайёрланди ва уларнинг барчаси DVD-магнитола, ўқув-кўргазмали қуроллар, луғат ва адабиётлар билан таъминланди, — дейди Улуғбек Иноятов. — 2014 йилда 2457 бошланғич синф­ларга ноутбуклар, проектор ва бош­қа техник воситалар етказилган бўлса, 2015 йилда 4193 бошлан­ғич ва 1500 5-9-синф­лар учун жиҳозлар етказиб берилди. Шунингдек, умумтаълим мактабларининг 5-9 синф чет тиллари кабинетлари учун жами 2 985 тўплам (2013 йилда 1485 синф тўплам, 2014 йилда 1500 синф тўплам) компью­тер техникалари тақдим этилди.

Айни пайтда мамлакатимиз умумтаълим мактабларида 23 390 нафар инглиз тили, 3300 нафар немис тили ва 2283 нафар француз тили ўқитувчилари фаолият кўр­сатмоқда.

Матбуот анжуманида 42 нафар йилнинг энг яхши инг­лиз тили ўқитувчилари Буюк Британиянинг «St.Mark & St.John» университетида малака ошириб қайтгани маълум қилинди.

 

Темур АЪЗАМ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.