26.04.2016

ҲАР БИР ИНСОН ИНТЕЛЛЕКТУАЛ МУЛК ҲУҚУҚИГА ЭГА

Халқаро интеллектуал мулк куни муносабати билан Ўзбекистон Интеллектуал мулк агентлигининг «Мулкий ҳуқуқларни бошқарувчи ташкилотларни назорат қилиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш» бўлими мудири Ўктам Ибрагимов билан суҳбат.

— Интеллектуал мулк объектлари нималардан иборат ва уларнинг дахлсизлиги ҳақида тўхталсангиз?

— Илмий, адабий ва бадиий фаолият натижалари, ихтиролар, саноат намуналари, фойдали моделлар, товар белгилари (инновация технологиялари, илмий-техника ва саноат ишланмалари), селекция ютуқлари, бадиий-конструкторлик ва бош­қалар, ижодиёт ишлари интеллектуал мулк объектлари ҳисобланади.

Халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда, миллий қонунчилигимизда ҳам интеллектуал мулк объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуқлар энг муҳим фуқаролик ҳуқуқлари сифатида тан олинади. Ҳар бир инсон ўзи муаллифи ҳисобланган илмий, адабий, бадиий ва фаолият натижаси бўлган бош­қа интеллектуал мулк объектларига нисбатан маънавий ва моддий манфаатларининг муҳофаза қилиниши ҳуқуқига эгадир.

— Бу борада халқаро ташкилотлар билан алоқалар йўлга қўйилганми?

— Бугунги кунда интеллектуал мулк соҳаси ҳар бир мамлакат иқтисодиётининг муҳим қисмига айланмоқда. Шунинг учун интеллектуал мулк муҳофазасини янада такомиллаштириш устувор вазифалардан ҳисобланади. Бунда интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза қилиш мақсадида ягона давлат сиё­сатини олиб бориш ва амалга ошириш муҳим ўрин тутади. Ана шу маънода агентлигимиз Бутунжаҳон Интеллектуал мулк ташкилоти, Европа ва Евроосиё патент идоралари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

 Ҳозир ҳар қандай давлатнинг қонун ҳужжатларида интеллектуал мулк объект­лари муҳофазасига қаратилган меъёрлар мавжуд. Миллий қонунчилигимиз ҳам бундан мустасно эмас. «Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулк агентлигини ташкил этиш тўғрисида»ги Қарор қабул қилинганидан кейин, бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Интеллектуал мулк соҳасидаги қоида ва атамаларни бир хилда қўллаш, юридик ва жисмоний шахсларни ортиқча молиявий харажатлардан халос этиш, интеллектуал мулк объектлари эгаларининг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш усуллари кенгайтирилди, бу борадаги механизмлар халқ­аро андозаларга мослаштирилди.

— Интеллектуал мулкка эгалик ҳуқуқини муҳофаза қилишда шаффофлик ва ошкораликни таъминлашга қай даражада эътибор қаратилмоқда?

— Интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш учун Агент­ликнинг ҳар ойда «Расмий ахборотнома»си, йиллик ҳисоботлар, ахборот, услубий ва маълумотнома материаллари, «Интеллект-инфо» илмий-амалий журнали чоп этилмоқда. Жойларда тегишли идора ва ташкилотлар ходимлари иштирокида тушунтириш ишлари, семинарлар, давра суҳбатлари, амалий машғулотлар ўтказилмоқда.

Агентлик ташкил этилганидан буён ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, товар белгилари, электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурлар, селекция ютуқлари, ҳуқуқий эгаларини топди. Интеллектуал мулк объектлари бўйича тегишли давлат реестр­ларида агентлик томонидан рўйхатга олинган барча интеллектуал мулк объектлари тўғрисида маълумотлар мавжуд.

Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, контрафакт маҳсулотлар айланишига қарши курашни кучайтириш мақсадида агентлик ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда рейдлар, текширувлар ўтказмоқда, тегишли мониторинг ишлари (жумладан, интернетда) ҳам амалга оширилиши таъминланаётир. Мазкур тадбирлар натижасида контрафакт маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар ва тарқа­тувчилар аниқланиб, уларга нисбатан чоралар кўриш учун тегишли идораларга маълумот юборилмоқда.

Ҳозирги пайтда патент ҳужжатларининг давлат фонди ва интеллектуал мулк­нинг расман рўйхатдан ўтказилган объектлари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш, сақлаш ва улардан фойдаланиш учун шарт-шароит яратиш фаолиятимизнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.

Интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш бўйича хал­қ­аро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мамлакатимизда давлат ва хўжалик бош­қариш органлари, тадбиркорлик субъектлари учун интеллектуал мулк соҳаси бўйича кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини муттасил ошириб бориш — буларнинг ҳаммаси агентлик фаолиятининг негизини ташкил қилади.

 

Суҳбатдош:

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.