26.04.2016

ПАРТИЯ ТАШКИЛОТЛАРИ ВА ДЕПУТАТЛАР

изчил ҳамкорлик қилиши лозим

ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши пленуми бўлиб ўтадиган бинога кираверишда депутатлар ва бир гуруҳ ёшларнинг суҳбатига гувоҳ бўлдик...

— Мен пленумда шунчаки қатнашгани келмадим. ­«Истиқбол» ёшлар қаноти партиянинг таянчи ҳисобланади. Сафимиздаги ёшлар қанчалик ташаббускор ва фаол бўлса, партия янгиланиб, янада кучайиб бораверади. Шу боис пленумда фаолиятимизни ривожлантиришга доир таклифларимни билдирмоқчиман, — деди ЎзХДП Тошкент шаҳар «Ёш сиёсатчилар» клуби координатори Улуғбек Алиқулов.

— Фаолиятим давомида шунга иқрор бўлдимки, сиё­сий партия, депутат ҳаётий масалаларни қанча кўп кўтарса, ташаббускор бўлса, мавқеи шунчалик юқори бўлади. Одамлар амалий ишларга қараб баҳо беради. Партиямизнинг тарафдорлари тобора кўпайиб бораётгани ҳам унинг амалий ишлари билан боғлиқ. Шу боис партиямиз дастурий мақсадлари рўёбга чиқиши учун бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз керак, дея фикрини давом ­эттирди Тошкент шаҳар ­Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси ­Жасур Қулмуҳаммедов.

Пленум бошланди. Дастлаб партия кенгашлари ва гуруҳининг ўтган йилдаги фаолияти таҳлил этилди.

Тошкент шаҳар партия кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Ҳайдар Бобохоновнинг ҳисоботи тингланди.

Қайд этилдики, ўтган йили шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи томонидан 11 масала партия гуруҳида, 2 масала доимий комиссия йиғилишида муҳокама қи­линди. 2 масала сессияга олиб чиқилди. Хусусан, «Яшнобод туманида она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни вояга етказиш ишларининг бориши тўғрисида»ги, «Миробод ва Олмазор туманларида иссиқлик энергияси самарадорлигини ошириш, уй-жой биноларида иссиқлик энергияси таъминотини белгиланган меъёрлар ва стан­дарт­лар даражасига етказиш, табиий газ ва электр энергиясидан фойдаланишнинг ҳолати тўғрисида»ги масалалар бўйича депутатлик назорати ўрнатилди. Шунингдек, Яккасарой туманида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассислигига кўра иш билан таъминлаш жараёнлари, Юнус­обод туманида ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш, кам таъминланган оилаларга имтиёзли кредит олишда кўмак бериш тўғрисидаги масалалар ўрганилди.

Бундан ташқари, ўтган йили электоратни ўйлантираётган масалалар юзасидан мутасадди ташкилотлар раҳбарларига 84 депутатлик сўрови юборилди. Уларнинг аксариятига тегишли тартибда жавоб олинди.

Пленумда партия ташкилотлари ва гуруҳи олдида турган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича қатор таклифлар билдирилди. Хусусан, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши ­депутати Муқаддас Раҳматуллаева партия гуруҳи манзилли ижтимоий ҳимоя масалалари билан боғлиқ қарорлар ижроси устидан қатъий депутатлик назорати ўрнатишда бошланғич ташкилотлар имкониятларидан самарали фойдаланиш таклифи билан чиқди.

— Назорат-таҳлил тартибида ўрганиладиган ҳар бир масала учун, албатта, ишчи гуруҳи тузилиши ҳамда унинг иш режаси бўлиши, мутасадди ташкилотларнинг ҳисоботларини эшитиш мунтазам равишда олиб борилиши керак, — деди у.

— Тўғри масалани кўтардингиз, — деди Чилонзор туман партия кенгаши ­раиси ­Рашид ­Муҳитдинов. — ­Шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, электорат манфаатларини ҳимоя қи­лиш кўп жиҳатдан жамоатчилик ва депутатлик назорати кучайиши билан боғлиқ. Гап шу ҳақда кетганда, бир таклиф айтмоқчиман. Доимий комиссиялар ва сессиялар қарорлари ижроси устидан мунтазам ва талабчанлик билан назорат олиб бориш керак. Масалан, битта долзарб масала сессия муҳокамасига олиб чиқилди. Энди шу масала юзасидан қабул қилинган қарор қандай ижро этилмоқда, бу борада аҳолининг муносабати қандай? Шу каби саволларга жавоб топиш учун электорат вакиллари билан учрашувларни изчил йўлга қўйиш керак, деб ўйлайман.

Давлат дастуридан келиб чиқиб...

Пленумда «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросида барча бирдек масъул экани, кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш бўйича маҳалла ва бошқа жамоат тузилмалари билан ҳамкорликни янада кучайтириш кераклиги таъкидланди.

Давлат дастури ижроси бўйича депутатлик, жамоатчилик назоратини кучайтириш йўлида партиямиз ташкилотлари томонидан олиб борилаётган ишларга тан­қидий ёндошиб, тегишли хулосалар чиқариб олишимиз керак бўлади. Бунда шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳимиз ижтимоий масалаларни ҳал этиш бўйича қандай фаолият кўрсатаётганига алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Кўриб чиқилган барча масалалар, билдирилган таклифлар асосида пленумда асосий вазифалар белгилаб олинди.

Жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли манфаатларини ҳимоя қи­лиш, ижтимоий-сиёсий тадбирлар таъсирчанлигини ошириш, партия кенгашлари, депутатлар ва бош­лан­ғич ташкилотлар ҳамкорлигини изчил кучайтириб бориш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.