Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
23.04.2016

ТИНЧЛИК, ТОТУВЛИК БАЙРАМИ

Андижонда Республика Байналмилал маданият маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, вилоят миллий маданий марказлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Кенгаш ҳамда бир қатор алоқадор идоралар ҳамкорлигида «Ўзбекистон – умумий уйимиз!» шиори остида анъанавий дўстлик фестивали ўтказилди.

Дастлаб Заҳириддин ­Муҳаммад Бобур номидаги Андижон вилоят театрида «Соғ­лом авлод тарбиясида миллатлараро тотувликнинг ўр­ни» мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Миллатлараро аҳиллик акс этган тасвирий санъат асарлари, либослар, ҳу­нар­мандчилик маҳсулотлари, миллий таомлар кўргазмаси ташкил этилди.

Тадбирда Андижон ви­лояти ҳокими Шуҳратбек ­Абдураҳмонов, Байналмилал маданият маркази директори Насриддин Муҳаммадиев, «Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси раиси Исфандиёр Латипов ва бошқалар юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, тинчлик ва барқарорлик, динлар­аро бағрикенглик, миллатлараро аҳил-иноқлик, ҳамжиҳатлик ҳақида фикр юритишди.

Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Шаҳзод Турсунов мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар қарор топганини қайд этди. Бугунги кунда вилоятда юздан ортиқ миллат вакили истиқомат қилади, бешта миллий маданий марказ самарали фаолият кўр­сатмоқда. Турли миллатлар ва элатларнинг миллий қадриятларини эъзозлаш, урф-одат, анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш учун барча шарт-шароит яратилган.

Байрам шукуҳи Хўжаобод туманининг «Ордай» маҳалласига кўчди.

— Турмуш ўртоғим Абад Мадияров шартнома асосида чегара қўшинларида хизмат қиляпти, — дейди қорақалпоқ фарзанди Гулистон Иракеева. — Ўзим 6-мактабда болаларга сабоқ бераман. Уйғур, қирғиз тилларини ўрганаяпман.

— Мана шундай тадбирларда Юртбошимизнинг кўп миллатли халқимиз — Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, деган фикрлари қанчалик ҳақиқат эканлиги яна бир бор намоён бўлади, — дейди Андижон шаҳридаги 21-мактаб ўқитувчиси Белла Обдирик. — Яҳудий миллатига мансубман, ўз­бекларнинг барча урф-одатларини биламан, ҳурмат қиламан. Маҳалладошларимизнинг тўй-маросимида доим биргамиз.

— Мен ўзбек маҳалласида туғилиб улғайдим, — дейди Андижон давлат университети талабаси Игор Петров. — Ўзбекистон — бизнинг жонажон Ватанимиз. Тинчлик барқарор бўлган мамлакат фуқароси эканимдан фахрланаман.

Андижон давлат университети ҳамда қишлоқ хўжалиги институтида давом этган ­фестиваль миллатлараро тотувлик ва дўстлик байрами тусини олди. Олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, талабалар иштирок этган тадбирларда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самараси, мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенг­лик таъминланаётгани, инсон қадр-қиммати улуғланаётгани алоҳида таъкидланди.

— Мен байналмилал оила вакилиман, — дейди мазкур университет тала­баси Лола Қўчқорова. — Отам — ўзбек, онам — ук­раин. Ҳар икки миллатнинг анъана ва удумларини ўрганиб улғайдим. Фестивалда славян халқи рақсини ижро этдим.

Фестиваль тантаналари 13 дан зиёд миллат вакиллари яшаётган Пахтаобод туманидаги маиший хизмат касб-ҳунар коллежида давом этди. Таниқли «Отуш» уйғур ашула ва рақс ансамбли ўзининг ўйноқи куй-қўшиқлари билан барчани хурсанд қилди.

Туман маданият ва истироҳат боғида ташкил этилган кўргазмали чиқишлар миллий маданий марказлар бадиий дасталарининг дастурларига уланди. Тадбир доирасида Андижон шаҳридаги Аҳмадбек ҳожи кўчасидаги муҳташам бинода «Дўстлик уйи»нинг тантанали очилиш ­ма­росими бўлиб ўтди.

Бобур номидаги хиёбоннинг бир тарафида оркестр садолари янграса, иккинчи томонида сурнай наволари дилларга сурур бағишлайди. Фаввора атрофида балалейка чалаётган Сергей Хворовга арман йигити Ашот ­Геворкян флейтаси билан жўр бўлди. Корейс, татар, уй­ғур, тожик қизлари ўз рақсларида дўстлик гулдастасини ифода этишди. Андижон шаҳридаги маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи озиқ-овқат технологияси йўна­лиши битирувчилари — ­Аҳмадали Усмонов, Мир­саид Қурбонов тайёрлаган таомлар, Андижон давлат университети қошидаги
4-академик лицей ўқувчилари — Ирина Скрябина,
Альбина Гельманова пиширган нон маҳсулотлари дастурхонга файз киритди.

Қардошликни, тинчликни улуғлаб келаётган турли миллат вакилларига, миллий маданий марказларга вилоят ҳокимлигининг диплом ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

 

Гулжаҳон ЖАББОРОВА,

журналист.



DB query error.
Please try later.