23.04.2016

ДЕПУТАТЛИК СЎРОВИ ИНСТИТУТИ

парламент назоратини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади

Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси, юридик фанлар номзоди Шавкат НАЗАРОВ билан суҳбат:

Юртимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнлари изчил давом этмоқда. Айниқса, мамлакатни ривожлантиришнинг энг муҳим стратегик масалаларини ҳал қилишда парламентнинг ўрни ва аҳамияти тобора ошиб бормоқда. Айтингчи, бугунги кунда парламент назоратининг қайси шакллари кўпроқ самара беради?

— Бугун ривожланган демократик давлатлар тажрибасидан кўриш мумкинки, демократик ислоҳотларнинг сифати, самараси кўп жиҳатдан миллий парламентнинг иштироки даражасига боғлиқ.

Президентимизнинг 2010 йил 27 январдаги «Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамия­ти барпо этиш — устувор мақсадимиздир» номли маърузасида парламент назорати ҳақида сўз юритилган. Унга кўра, парламентимиз ва маҳаллий вакиллик органлари — Кенгашлар олдида турган ғоят муҳим вазифа — бу қабул қилинган қонунларнинг ижро этувчи ҳокимият, яъни ҳукумат томонидан марказда, ҳокимликлар томонидан эса жойларда қандай бажарилаётгани устидан қатъий парламент назоратини, депутатлик назоратини ўрнатишдан иборатдир.

Шу жиҳатдан парламент­нинг давлат ҳокимияти бош­қарувини демократлаштириш жараёнидаги ролини оширишга қаратилган ислоҳотлар, бу борада қонунчиликка киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур йўналишдаги ислоҳотлар Конституциямизга, халқаро ҳуқуқ нормаларига, қолаверса, тараққий этган хорижий мамлакатларнинг қонунчилик амалиётига тўлиқ мос келади, деб ҳисоблаш учун етарли асосларимиз бор.

Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб фикрлайдиган бўлсак, парламент назоратининг кўплаб турлари, хусусан, депутатлик сўрови инс­титути бу жараёнда ўзига хос ўринга эга. Таъкидлаш керакки, парламент назоратини амалга ошириш бўйича катта тажрибага эга хорижий мамлакатлар ама­лиё­тини ўрганиш, таҳлил қилишнинг аҳамияти беқиёс. Бу мамлакатимизда парламент ва депутат сўрови инс­титут­ла­рининг самарадорлигини ошириш имконини беради.

Миллий қонунчилигимизда депутатлик сўрови институтининг асослари бир неч­а қонун ҳужжатларида мус­таҳкамлаб қўйилган. Хусусан, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги ҳамда яқинда қабул қилинган «Парламент назорати тўғрисида»ги қонунларда депутатлик сўровининг тартиби, амалга ошириш механизмлари кўрсатилган.

— Депутатлик сўрови қандай тартибда юборилади? Бу борадаги дунё тажрибаси ҳақида тўх­талсангиз.

— Депутат сўрови — бу парламент аъзоси, депутатлар гуруҳи, парламент қўмиталарининг ҳукуматга, вазирларга ва бошқа юқори мансабдор шахсларга тутган ­сиёсий йўли ёки бирон-бир аниқ масала бўйича мурожаати ҳисобланади. Хориж амалиётида парламент назоратининг айнан парламент ва депутат сўрови шакли кенг қўлланилади.

Бугунги кунда бутун дунё парламентлари тажрибасида депутатлик сўровининг икки хили, яъни интерпелляция ва савол кўриниши шаклланган.

Хорижий мамлакатлар амалиётига кўра, интерпелляция — бу давлат миқёсидаги жуда муҳим ва муаммоли масалалар юзасидан депутатлик сўрови бўлиб, «катта аҳамиятли расмий талаб, сўров» маъносини англатади.

Бунда жараён сўровга белгиланган муддатда жавоб олиниши ёки олинмаслигидан қатъий назар, парламент палатасида муҳокама этилиши, баъзи ҳолларда эса танбеҳ бериш тўғрисида қарор қабул қилиниши билан якунланади.

Шуни ҳам айтиш керакки, қатор хорижий мамлакатлар парламент қонунчилигида депутатга тўғридан-тўғри давлат органлари ва бошқа органлари, мансабдор шахс­ларга расмий талаб, сўров билан мурожаат қилиш ҳуқуқи берилмаган.

Мамлакатимиз қонунчилигида эса парламент назорати, депутатлик сўрови инс­титутининг ҳу­қуқий асослари, уларни амалга ошириш механизмлари тобора такомиллашиб бормоқда.

Тараққий этган демократик давлатлар қо­нунчилигида депутатлик сўрови билан боғлиқ қандай нормалар мавжуд?

— Аксарият хорижий мамлакатларда парламент ва ҳукумат ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган ва бу ҳолат уларнинг конституция­ларида ўз аксини топган.

Масалан, Хитой Халқ Республикаси Конституция­сига асосан Умумхитой халқ вакиллари мажлиси депутатлари ва доимий қўмита таркибидаги шахсларга сессиялар ва мажлислар даврида давлат кенгашига ёки вазирликларга сўров билан мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Шунингдек, Умумхитой халқ вакиллари мажлиси ва доимий қўмита муайян масалалар бўйича суриштирув ўтказиш мақсадида комис­сия­лар тузишга ҳақли экани белгиланган.

Италия республикаси Конституциясига кўра, ҳукумат аъзолари палаталар мажлисларида иштирок этишга ҳақли бўлиб, сўров бўлган тақдирда мажлисларда қатнашишга мажбурдирлар.

Японияда парламент назоратининг асосий шакли интерпелляция бўлиб, уни вакиллар палатасининг хоҳлаган депутати палата раиси орқали бериши мумкин. Депутат сўров юбориш бўйича палата раисининг рад жавобидан норози бўлса, палатанинг ялпи мажлисида қарор устидан арз қилишга ҳақли. Интерпелляцияга жавоб олти кунлик муддатда оғзаки ёки ёзма шаклда берилиши шарт.

Германия давлатининг асосий қонунида ҳам мазкур институтга доир нормалар мавжуд. Хусусан, ушбу давлат Конституциясига мувофиқ Бундестаг — парламент ва унинг қўмиталари федерал ҳукумат аъзоларидан ўз мажлисида қатнашишни талаб қилишга ҳақли. Шунингдек, Бундестаг регламентига асосан фракциялардан бири ёки мажлисда қатнашаётган депутатларнинг беш фоизи талабига биноан Бундестаг федерал ҳукумат аъзосини чақиртириш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Албатта, мамлакатимизда парламент ислоҳотлари, бу борадаги қонунчилик тобора такомиллашиб боряпти ва мазкур жараён изчил давом этади. Шундан келиб чиқиб, парламент назорати, хусусан, унинг асосий шаклларидан бири бўлган депутатлик сўрови институти самарадорлигини ошириш учун қонунчилигимиздаги қайси масалаларга эътибор қаратиш керак, деб ўйлайсиз?

— Бу ҳақда гапиришдан олдин Президентимиз илгари сурган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ғоялари асосида парламент фаолияти билан боғлиқ қонунчиликда юқори натижаларга эришилганини таъкидлаш зарур.

Энди бевосита саволингизга келадиган бўлсак, депутатлик сўрови институти самарадорлигини ошириш учун, фикримча, қонунчилигимиздаги «парламент сўровига ёзма жавоб Қонунчилик палатаси, Сенатнинг мажлисида раислик қилувчи томонидан ўқиб эшиттирилади, ёзма жавобнинг нусхалари палата мажлисида ўқиб эшиттирилгунига қадар олдиндан депутатларга, сенаторларга юборилади» мазмунидаги меъёрни янада ривожлантириш лозим. Чунки мазкур ҳолатда ёзма жавоб юзасидан бирор савол вужудга келганда қандай йўл тутилиши аниқ кўрсатилмаган.

Қонунчиликка кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари Қонунчилик палатаси депутати, Сенатор сўровига, агар бошқа муддат белгиланган бўлмаса, сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай ёзма жавоб юбориши лозим. Бу ўринда бир савол туғилади. Яъни, агар сўровга жавоб вақтида юборилмаса, бунинг ҳуқуқий натижаси қандай бўлади? Ушбу масалага ҳам аниқлик киритиш муҳим аҳамиятга эга, деб ўйлайман.

Хулоса қилиб айтганда, депутатлик сўрови институти ривожланиши парламент назоратини кучайтиришга, ҳокимиятлар бўлинишининг конституциявий тамойилини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.