21.04.2016

ҚЎРИҚЛАШ ХИЗМАТИ

такомиллашмоқда

Ўзбекистон Республикаси ИИВ «Қўриқлаш» бирлашмаси томонидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда республика ички ишлар органлари ҳузуридаги қўриқлаш бўлинмалари фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Қайд этилдики, хизмат ўз фаолият­и­­ни тўлиқ хўжалик ҳисобида юритади ва корхона, ташкилот ҳамда фуқароларга кўрсатилаётган қўриқлаш хизмати эвазига тушаётган маблағлар ҳисобидан таъминланади.

Бугунги кунда қўриқлаш бўлинмаларида 177 техник қўриқлаш пункти фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан жами 14000 дан ортиқ объект ёки жами қўриқдаги объектларнинг 61 фоизи қўриқланади. Бундан ташқари, Техник қўриқлаш пункт­лари қўриғида 8,8 мингдан ортиқ фуқаро хонадони ҳам бор.

Шу йилнинг уч ойи давомида бир минг етти юздан ортиқ объект ва бир минг икки юзга яқин хонадон янгидан Техник қўриқлаш пунктлар қўриғига олинди.

Бир неча йиллик ўрганишлар, синовлар асосида иқлим шароитимизга мос келадиган техник қўриқлаш ускуна ва технологиялар танлаб олинди. Ҳозир хизматга ушбу тармоқларни жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Натижада шиша-толали алоқа тармоқларининг барча имкониятларидан тўлиқ фойдаланилади. Хусусан, қўриқлаш хизмати интернет тармоғи, рақамли, модемли телефон тармоқлари, GSM уяли алоқа каналлари ҳамда ултра-қисқа тўлқинли радио тармоқлари орқали ишлайди.

Фуқаро хонадонлари қўриғи масаласи ҳам долзарб. Бир хонадонни бир ой давомида Техник қўриқлаш пунктлари ёрдамида қўриқлаш учун олинадиган ҳақ ҳозир 17277 сўм. Ушбу ҳақ хонадон эгаси ўз мулкини 379500 сўмга баҳолаганда олинади. Хонадон соҳиби ўз мулкини қимматроқ баҳоласа, қўриқлаш ҳақи ўша сумманинг бир фоизи миқдорида белгиланади. Мулкнинг нархини баҳолашни бир вақтнинг ўзида суғурта суммасини белгилаш ҳам деб қабул қилиш мумкин. Яъни, мулкдор ўз хонадонидаги мулкни қанча суммага баҳоласа, қўриқлаш хизмати ўз айби билан ўғрилик содир этилишига йўл қўйган тақдирда мулк баҳоланган суммани тўлиқ ўз ҳисобидан тўлайди.

Бир хонадонни сигнализация билан жиҳозлаш (сигнализация жиҳозлари, ускуналари ва ўрнатиш хизматларини қўшиб ҳисоблаганда) 35-45 минг сўмдан бошланади. Хонадон эгасининг хоҳишига кўра, қўриқлаш жиҳозларининг туридан келиб чиқиб, ўрнатиш нархи ҳам ўзгариши мумкин.

Қўриқлашнинг яна бир хизмати — «ташвиш» тугмаси хизмат туридан кассалар, банклар, кўнгилочар муассасаларда самарали фойдаланилмоқда.

Қисқаси, қўриқлаш хизматига замонавий технологиялар жорий қилиниши моддий-товар бойликларнинг ишончли ҳимоясини таъминламоқда.

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: