21.04.2016

МАҲАЛЛА ФУҚАРОЛАР ЙИҒИНИ САЙЛОВИ

ва унинг ҳуқуқий асослари

Шаҳарча, қишлоқ ва овулларда, шунингдек, улар таркибидаги маҳаллаларда ҳамда шаҳарлардаги маҳаллаларда фуқароларнинг йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари бўлиб, улар икки ярим йил муддатга раисни (оқсоқолни) ва унинг маслаҳатчиларини сайлайди.

Ўзини ўзи бошқариш органларини сайлаш тартиби, фаолиятини ташкил этиш ҳамда ваколат доираси қонун билан белгиланади.

 

(Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 105-моддаси.)

 

Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг маҳалла институтини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу ҳақда гап кетганда, аввало маҳалланинг жамият бошқарувидаги ўрни ва мақоми конституция­вий даражада мустаҳкамланганини таъкидлаш ўринли бўлади.

Демократиянинг дунёда умумэътироф этилган энг муҳим тамойилларини ўзида мужассам этган маҳалла инс­титути истиқлол йилларида изчил ривожланмоқда. Унинг ҳуқуқ ва ваколатлари мунтазам равишда кенгайтирилиши натижасида маҳаллалар том маънода ўзини ўзи бошқариш органига айланди. Бугунги кунда маҳалла миллий давлатчилигимиз тизимида ҳақиқий шарқона демократик анъаналар ўчоғи сифатида намоён бўлмоқда. Бу эса «Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари» деган тамойилнинг рўёбга чиқишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ғоялари асосида «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги ҳамда «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги қонунлар янги таҳрирда қабул қилинди. Шу орқали маҳалла фаолиятининг ташкилий асослари янада такомиллаштирилди, вазифалари кўлами кенгайтирилди, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан ўзаро яқин муносабатлари таъминланди.

Эътироф этиш жоизки, «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги қонунда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар кўрсатиш, уларга қўйиладиган талаблар, шунингдек, фуқаролар йиғини раиси маслаҳатчиларининг миқдор таркибини белгилаш ва маслаҳатчилар лавозимларига номзодлар кўрсатиш тартибининг алоҳида бобда белгиланганлиги ушбу лавозимларга муносиб инсонларни танлаш ҳамда сайлашда катта аҳамиятга эга.

Масалан, Қонунда фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодлар кўрсатишнинг демократик тартиби жорий қилинган. Унга мувофиқ, фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодлар кўрсатиш тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикри инобатга олинган ҳолда ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади.

Ишчи гуруҳ фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодларга доир ҳужжатларни тайёрлайди ва туман ёки шаҳар ҳокими билан келишиш учун тегишли комиссияга сайловдан камида ўн кун олдин тақдим этади. Ҳужжатларга фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларнинг ўз номзоди кўрсатилишига ёзма розилиги илова қилинади.

Туман ёки шаҳар ҳокими фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) лавозимига тақдим этилган номзодларнинг ҳужжатларини кўриб чиқади ва ўзининг ушбу номзодлар бўйича асослантирилган хулосаларини кейинчалик ишчи гуруҳларга топшириш учун тегишли комиссияларга юборади.

Ишчи гуруҳ туман ёки шаҳар ҳокимининг хулосасини олганидан кейин фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига келишилган номзодлар ҳақидаги ахборотни сайловдан камида беш кун олдин фуқаролар йиғини биносига ва гузарларга осиб қўяди.

Шунингдек, қонунда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларга қўйиладиган талаблар ҳам белгиланган. Ушбу талабларга асосан, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлиши, қоида тариқасида, олий маълумотга эга бўлиши, бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши, ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларда ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибасига, шунингдек, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши керак.

Қонуннинг аҳамиятли жиҳатларидан бири, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) маслаҳатчиларининг маҳалла ҳаётида тутган ўрнидан келиб чиқиб, уларнинг миқдор таркибини белгилаш тартиби алоҳида нормада белгиланганида, десак, тўғри бўлади.

Қонунга асосан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) маслаҳатчиларининг миқдор таркиби ҳовлилар, уйлар, кўчалардан ҳамда шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ва овуллардаги маҳаллалардан фуқароларнинг вакиллиги инобатга олинган ҳолда фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан белгиланади. Шунингдек, фуқаролар йиғини раиси маслаҳатчилари лавозимларига номзодлар тегишли ҳудудда доимий яшайдиган фуқароларнинг фикрлари инобатга олинган ҳолда ишчи гуруҳ томонидан кўрсатилади.

Ушбу қоида белгиланиши маҳаллада истиқомат қилаётган фуқароларнинг келгусида фуқаролар йиғини раиси маслаҳатчилари билан баҳамжиҳат бўлиши ва ўзаро ишонч мустаҳкамланишига хизмат қилади.

«Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг энг муҳим жиҳатларидан яна бири фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ўтмаган ёки ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги қоиданинг мустаҳкамланганидадир.

Масалан, қонунда белгиланганидек, агар фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайловида тегишли рўйхатга киритилган фуқароларнинг ярмидан камроғи иштирок этган бўлса, сайлов ўтмаган деб топилади. Сайлов фуқаролар вакилларининг йиғилишларида ўтказилган тақдирда, агар йиғилишда ҳовлилар, уйлар, кўчалардан ҳамда шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар маҳаллаларидан фуқаролар вакилларининг учдан икки қисмидан ками иштирок этган бўлса, сайлов ўтмаган деб топилади.

Сайлов давомида ёки овозларни санаб чиқишда йўл қўйилиб, овоз бериш якунларига таъсир қилган қоидабузарликлар туфайли сайлов суд томонидан ҳа­қиқий эмас, деб топилиши мумкин.

Шунингдек, қонунда сайловда такрорий овоз бериш билан боғлиқ қоидалар ҳам мустаҳкамланган. Унга мувофиқ, агар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ёки унинг маслаҳатчилари лавозимига икки нафардан ортиқ номзод кўрсатилган ва улардан биронтаси ҳам сайланмаган бўлса, фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) энг кўп овоз олган икки номзод бўйича такрорий овоз беришни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади. Такрорий овоз бериш қонун талабларига риоя этилган ҳолда ўтказилади. Бунда овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг овозини бошқа номзодга нисбатан кўпроқ олган номзод фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ёки унинг маслаҳатчилари лавозимига сайланган ҳисобланади.

Қонунга мувофиқ, агар аввалги сайлов ўтмаган ёки ҳақиқий эмас деб топилган бўлса, такрорий овоз бериш фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ёки унинг маслаҳатчилари сайланганлигини аниқлаш имконини бермаса; фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ёки унинг маслаҳатчилари лавозимига кўпи билан икки нафар номзод кўрсатилган ҳамда улардан биронтаси ҳам сайланмаган бўлса, такрорий сайлов ўтказилади. Такрорий сайлов ушбу Қонун талабларига асосан бир ойлик муддатдан кечиктирмасдан ўтказилади.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасига мувофиқ, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд ор­қали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади. Ушбу конституциявий нормадан келиб чиқиб, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови натижалари бўйича қабул қилинган қарор устидан судга шикоят қилиниши мумкин. Қонунда бу ҳақдаги қоида алоҳида белгиланган.

Ушбу меъёр фуқароларнинг нафақат сайлов ҳуқуқлари суд орқали ҳимоя қилинишини таъминлайди, балки қонун ижроси устидан суд назоратини амалга оширишга хизмат қилади.

Умуман олганда, жорий йилнинг май-июнь ойларида бўлиб ўтадиган фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг масалаҳатчилари сайловида иштирок этиш орқали фуқароларимиз ўзлари истиқомат қилаётган маҳалла раислигига кўпни кўрган, ҳаётнинг пасту баландини тушунадиган инсонлар сайланишига ҳисса қўшади, Конс­титуцияда белгилаб берилган сайлов ҳуқуқидан фойдаланади.

 

Абдуманноб РАҲИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг катта эксперти, юридик фанлар номзоди.



DB query error.
Please try later.