21.04.2016

АССАЛОМ, БЎЙЛАРИ БАЛАНД КЕЛАЖАК!

Талабалик — инсон умрининг ҳал қилувчи палласи. Шу йиллар мобайнида олинган билим келажакка замин яратади. Мен талабаман. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида таълим олаётган бахтли тенгдошларим сафидаман. Яқинда университетимиз янги биносининг тантанали очилиш маросими бўлди. Бу тарихий воқеанинг бевосита гувоҳи, яратилган шароитлардан баҳраманд бўлаётган ёшларнинг бири сифатида янги қиёфадаги университетимни, бу ердаги ўқитувчи ва талабаларнинг қалбидаги фахр-ифтихор, миннатдорлик туйғуларини албатта ёзишим керак, деган ўй мени тинч қўймади.

Отам ўзининг талабалик даврини эслаганда, кўз олдига қоп-қора доска, ясси парта, қоронғи ва диққинафас хона келишини айтарди. Киши ақлини шоширадиган даражадаги ҳозирги имкониятлар уларнинг тушига ҳам кирмаган. Бувим эса университетнинг янги биносида тушган ­суратларимни кўриб, кўзига ёш олди... «Сизларнинг билим олишларинг учун шундай биноларни қуриб берган, ёшларга, айниқса, қизларга меҳр ва ғамхўрлик кўрсатаётган Юртбошимиз омон бўлсин, юртимизга, тинчлигимизга кўз тегмасин», деб дуо қилди.

Ўзбекистон тараққиётнинг ойдин йўлига аллақачон чиқиб олди. Бу юксалишларни давом эттириш, дунёнинг ривожланган давлатлари қаторидан муносиб ўрин эгаллаш учун чет тилларини, айниқса, инглиз тилини мукаммал билишимиз жуда муҳим. Албатта, бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг замонавий қиёфаси мисолида ҳам мамлакатимизда таълим соҳасига, жумладан, чет тилларини ўрганишга кўрсатилаётган юксак эътибор ифодасини кўрамиз.

Президентимизнинг Чет тилларини ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорларига асосан университетимиз давр талабларига тўлиқ мос равишда қайтадан бунёд этилди.

— Ўқув биноларининг қайта қурилиши ва жиҳозланиши учун давлат бюджетидан катта маблағ ажратилди, — дейди университетнинг молия ва иқтисод ишлари бўйича проректори Суюн Абдуллаев. — Хорижий тил ва адабиёти (инглиз тили) йўналишларидаги факультетлар учун 2200 ўринли янги ўқув-маъмурий бинолари барпо этилди. Шунингдек, 1000 ўринли ўқув бинолари, таржима назарияси ва амалиёти факультети ҳамда Чет тилларини ўқитишнинг инновацион методикаларини ривожлантириш Республика илмий амалий маркази учун 650 ўринли алоҳида ўқув биноси, 660 ўринли 2 талабалар турар жойи қайта реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Очиқ ва ёпиқ спорт мажмуалари, ахборот-ресурс маркази, 372 ўринли фаоллар зали, чет эллик талабалар учун замонавий типдаги меҳмонхона қуриб битказилди. Халқаро журналистика факультети талабалари учун замонавий махсус медиа хоналар ташкил этилди. Эндиликда яратилган имкониятлардан қай даражада самарали фойдаланиш асосан ўқитувчи ва талабаларга боғлиқ.

Яхши эслайман, 1948 йилда Тошкент давлат чет тиллари педагогика институти очилиб, у эски мактаб биносида фаолият бошлаган, — дейди филология фанлари номзоди, доцент Аббос Ирисқулов. — Талабалик даврим 1957-1962 йилларга тўғри келган. Паст­қам, кўримсиз бинодаги тор хоналарда стуллар етишмаганидан, тик турган ҳолда маъруза эшитганмиз. Бунинг устига инглиз тили фанидан ўқитувчилар етишмасди. Дарслик, қўлланма, луғатларни-ку айтмай қўяқолай, инглиз тилига оид бирор китобни ўқиш учун то навбат етиб келгунча ўқув йилининг ярми ўтиб кетарди. Дарслар зерикарли, бир қолипга солинган эди. У пайтда фақат таржима ва грамматика методидан фойдаланилган.

Дарвоқе, 1992 йилда Республика рус тили ва адабиёти институти ҳамда Чет тиллари педогогика институтлари бирлаштирилиб, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига асос солинди. Мустақиллик шарофати билан барча соҳалар қатори чет тилларини ўқитиш ва ўрганиш тизими тубдан янгиланди, жуда тез суръатларда ривожланди. Ўтган йили мамлакатимизга келган АҚШнинг Вашинг­тон университети профессори жаноб Кодрмен талабаларимизнинг инглиз тилида бемалол суҳбатлашаётганини кўриб «Кўп давлатларга борганман, лекин очиғи, инглиз тилини бу қадар мукаммал ўзлаштирган ёшларни кам кўрганман» деган эди.

— Президентимизнинг чет тилларини ўрганишни такомиллаштириш тўғрисидаги қароридан сўнг давлат таълим сатандартлари мазкур қарор талабларига асосан қайта ишлаб чиқилди, янги самарали методлар яратилди, — дейди Республика Инновацион илмий-амалий маркази бўлим бошлиғи Нозлия Нормуродова. — Чет тилларини ўрганишга ихтисослашган таълим муассасаларида биринчи кундан мулоқот маҳоратини ўргатиш услуби йўлга қўйилиб, маҳорат интеграция­си методи асосида тинглаш, гапириш, ўқиш, ёзишни ўргатиш жараёнлари бир вақтнинг ўзида баробар олиб борилмоқда. Мамлакатимизда хорижий тилларни билишни халқаро даражага тенглаштириш мақсадида Умумевропа стандарти, яъни CEFR (Common europian framework of Reference) тизими жорий этилди. Хорижлик ҳамкорларимиз билан биргаликда бошланғич синф ўқувчилари учун дарсликлар, лицей-коллеж ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари учун CEFR тизими талабларига мос келадиган ўқув-услубий қўлланмалар ва дарсликлар мультимедиа воситалари (аудио, видео, диск) ресурси яратилди. Ҳозир халқаро баҳолаш стандартларига мос келадиган миллий тест тизимини яратиш борасида англиялик мутахассис Кристин Смарк билан биргаликда иш олиб бормоқдамиз.

Университетимизда нуфузли хориж олийгоҳларида малака ошириб қайтган ёш, изланувчан, билимли ўқитувчиларимиз ҳам талайгина.

Айни вақтда университетимизда Англиянинг Британия кенгаши (Britsh council), Оxford, Westministr, Rеding каби нуфузли университетлар билан алоқа ўрнатилган, — дейди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ўқитувчиси Яйра Абдураимова. — Бундан таш­қари, АҚШ, Франция, Германия, Испания, Жанубий Корея, Япония, Хитой, Сингапур, Малайзия, Индонезия давлатларидаги университетлар билан тажриба алмашиш юзасидан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Ўзим 2004 йилда АҚШда, 2013 йилда Анг­лияда малака ошириб қайтганман. Америкадаги университетларга бундан 11 йил аввал биринчи марта борганимда, замонавий ўқув бинолари ва жиҳозларига ҳавасим келганди. 2015 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида АҚШ­нинг Вашингтон, Оклоҳома, Калифорния ва Нью-Йорк шаҳарларидаги университетларда бўлиб қайт­дик. Агар солиштирадиган бўлсак, бугунги кунда бизда яратилган шароитлар ҳам АҚШдагидан кам эмас. Хорижий давлатлардан келган ҳамкасб­ларимиз янги қуриб битказилган университетимиз биносини кўрганида бизга ҳавас билан қарашди. Чунки у ерда университет қурилишига давлат бюджетидан маблағ ажратилмайди. Талабаларнинг ўқув шартномаси учун тўлов пуллари ҳам анча қиммат...

Ёши улуғ кишиларнинг, устозларнинг ҳаётларидан келтирган жонли мисолларини эшитиб, кеча ким эдигу, бугун ким бўлдик, деган саволга жавоб топгандек бўл­дим. Мустақиллик йилларида рўй бераётган асрларга тенг ўзгаришларни нафақат ўзимиз, балки бутун дунё ҳамжамияти эътироф этяпти.

Мен улуғвор кўринишдаги университетимнинг янги биносига назар ташларканман, унинг тимсолида бўйлари баланд келажакни, қадди тик Ўзбекистонни кўрдим. Ва беихтиёр бувимнинг қулоғимга ўрнашиб қолган дуоларини такрорлай бошладим: Президентимиз омон бўлсин, юртимизга, тинчлигимизга кўз тегмасин...

 

Меҳриноз АББОСОВА,

ЎзДЖТУ талабаси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, ЎзХДП фаоли.



DB query error.
Please try later.