21.04.2016

ДАВЛАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИДА

партия ташкилотлари ва гуруҳлари фаол иштирок этиши зарур

Ўзбекистон Халқ демократик партия­си Қашқадарё вилоят кенгашининг пленуми бўлиб ўтди. Унда «Соғ­лом она ва бола йили» Давлат дастуридан ­келиб чиқадиган вазифалар муҳокама қилинди. Пленумда партия ташкилотлари раҳбарлари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, «Истиқбол» ва «Фаол аёллар» қаноти фаоллари, илғор бошланғич ташкилотлар етакчилари иштирок этди.

Пленумдан бир неча кун бурун Чироқчи туман марказий шифохонаси иши билан танишгани борган эдим. Ҳамроҳим Республика Маънавият тарғибот маркази Чироқчи туман бўлими раҳбари, партиямиз фаоли ­Шоназар Жовлиев шундай деб қолди:

— Туман Кенгашига партиямиздан сайланган депутатлар яқинда вилоят кенгашининг пленуми ўтишини айтиб қолишди. Унда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, бу борадаги долзарб вазифалар бажарилишига ҳисса қўшиш масаласи кўрилар экан. Мен сизни нега марказий шифохонага бошлаб келдим? Шунинг учунки, икки йил олдин бу ерда катта маблағ эвазига замонавий касалхона қурилди. Умуман олганда, шаҳар ва қишлоқларда бу борада бўлаётган ўзгаришлар давлатимиз она ва бола саломатлиги учун барча шароитларни яратиб бераётганини яққол кўрсатиб турибди. Биз ҳам бу ишдан четда турмаслигимиз керак, албатта. Хўш, бу борада қандай ҳаракатлар талаб этилади?

Биринчи навбатда, оилаларда тиббий маданиятни ошириш учун жон куйдириш керак, деб ҳисоблайман. Халқ депутатлари туман Кенгашидаги депутатларимиз аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга кўмак бериш ишларини доимий назоратга олиши лозим.

Ростини айтиш керак, пленумда ЎзХДП вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари ­вилоят Кенгашидаги партия ­гуруҳи раҳбари Олим ­Равшановнинг маърузасида Шоназар Жовлиев айтган кўп масалалар қамраб олинди.

— Давлат дастурини амалга ошириш ҳар биримиздан катта масъулият талаб этади. Шунинг учун ҳам партиямиз Ҳаракат дас­турида бу борада аниқ вазифалар белгилаб берилди. Уларни самарали бажариш учун партия ташкилотлари ва гуруҳлари ҳамкорлигини кучайтириш, ижро бўйича мунтазам мониторинг олиб бориш зарур бўлади. Хатолардан кўз юммаслик лозим. 2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури ижросида айрим партия ташкилотлари суст­кашликка йўл қўймоқда.

Ҳозир халқ депутатлари вилоят Кенгашида 22 нафар депутатдан иборат партиямиз гуруҳи фаолият юритмоқда. Туманлар ва Қарши шаҳар Кенгашларига партиямиздан 147 нафар депутат сайланган. Бу — маҳаллий ҳокимият вакиллик идоралари депутатларининг 36 фоизини ташкил этади. Кўриниб турибдики, катта куч ва имкониятларга эгамиз. Демак, олдимизда турган вазифаларимиз ҳам кенг ва масъулиятли. Давлат дастурини амалга оширишга муносиб ҳисса қўшиш учун тарғибот ишларини янги босқичга кўтариш лозим. Жойларда қилинаётган ишлар устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини изчил йўлга қўймоғимиз керак.

Вилоят партия ташкилоти етакчиси «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури ижросида партия ташкилотлари иштирокини таҳлил қилди. Ўтган йили партия кенгашлари томонидан ҳамкорликда кўплаб тадбирлар ўтказилди. Муаммоли масалалар юзасидан депутатлик сўровлари юборилди. Турли лойиҳалар доирасида кам таъминланган оилалар, ногиронлар, ишсиз юрган фуқаролар ҳаёти ўрганилиб, ёрдам уюштирилди.

Шуниси эътиборлики, ўтган йили кўплаб ёшлар партия сафига ўтишди. Ҳозир вилоятда 845 бошланғич партия ташкилоти 36 минг аъзони бирлаштириб турибди. Жамоатчилик қабулхоналарига тушаётган мурожаатларни ижобий ечишга катта эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили фуқаролардан 641 мурожаат тушган бўлса, уларда кўтарилган масалаларнинг 80 фоизи ҳал этилди.

Пленумда, шунингдек, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари фаолияти кўриб чиқилди. Жорий йилнинг ўтган даврида Ҳаракат дастурида белгиланган 18 масаланинг 10 таси доимий комиссиялар йиғилишида муҳокама қилиниб, қарорлар ижроси назоратга олинди. Масалан, Китоб туманида ёш оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларни имтиёзли ипотека кредитлари билан таъминлаш тўғрисидаги, Яккабоғ туманида транспорт ва коммуникация инфратузилмаларини шакллантириш тўғрисидаги, Косон туманида эса ижтимоий нафақалар ва пенсиялар тайинланишига оид масалалар кўриб чиқилган.

Акром АКБАРОВ, Врачлар ассоциацияси Қашқадарё вилоят бўлими раҳбари, вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Яқинда Чироқчи туманидаги «Шўрқудуқ» қишлоқ фуқаролар йиғинида сайловчилар вакиллари билан учрашдим. Унда муҳим бир масала кўтарилди. «Шўрқудуқ» қишлоғидаги қишлоқ врачлик пункти «Умакай», «Сарсон», «Қўчқорбулоқ» қишлоқлари аҳолисига ҳам хизмат кўрсатади. Оралиқ масофа 20-30 километргача етади. Бу тарзда тиббий хизмат кўрсатиш осон эмас, албатта. Ҳозир тегишли ташкилотлар билан ушбу масала атрофлича ўрганилмоқда.

Пленумда «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури ижросига муносиб ҳисса қўшиш ҳақида қатор таклифлар айтилди. Мен шифокорман, шунинг учун тиббиёт соҳасидаги долзарб масалалар бўйича таклифларимни бермоқчиман. Биринчидан, туман марказларидан узоқ қишлоқлар аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, оналар ва болалар саломатлигини сақлаш борасида аниқ тадбирларни амалга ошириш лозим. Иккинчидан, оналар соғлом бола кўриши учун балоғатга етмаган қизларни эрта турмушга узатишга йўл қўймаслик, қайнона-келин муносабатлари, оиланинг ўрни ва бошқа мавзуларда тарғибот ишларини кучайтириш, тиббий маданиятни юксалтириш талаб этилади.

Султон ҲАМРОЕВ, ЎзХДП Касби туман кенгаши раиси:

— Яқинда «Муғлон» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида кўчма Жамоатчилик қабулхонасини ташкил этдик. Рости, бу кўпчиликнинг эътиборини тортди. Қабулда олис қишлоқлардаги ҳомиладор аёлларни тиббий кўрикдан ўтказиш, оилавий ҳамширалар ишини ташкил этиш, янги туғилган гўдакларнинг соғ­лиғидан хабардор бўлиш борасида айрим муаммолар ­борлиги тилга олинди. Биз бу масалани туман тиббиёт бирлашмасидаги бошланғич ташкилот йиғилишида муҳокама қилдик. Етакчи, жарроҳ Рустам ­Эшқулов масалани ижобий ҳал этиш учун имкониятлар етарли эканини айт­ди. Аҳволни ўнглаш юзасидан тадбирлар белгиланди. Уларнинг ижросини назорат қилиб боряпмиз.

Яна шуни айтиш керакки, ушбу масала халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи ва маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш доимий комиссиясида ҳам муҳокама қилинди. Келгусида уни туман Кенгаши сессиясига киритишни мўлжаллаяпмиз. Умуман, депутатларимиздан аниқ ишлаш талаб қилинмоқда.

Бу йил 13 нафар депутатимиз томонидан 39 корхона ва ташкилот раҳбарларига депутатлик сўровлари юборилди. Уларда кўтарилган масалалар назоратга олинган. Давлат дастурида оилани мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берилган. Шунинг учун биз ҳозир ҳамкорлар ёрдамида 30 нафар хотин-қизни турли касблар бўйича ўқитишни ташкил қилдик. Жорий йилда туманимизда 5200 дан ортиқ янги иш ўрни очилиши режалаштирилган. Биз, айниқса, коллеж битирувчиларини ишга жойлаштиришга катта эътибор қаратяпмиз.

Саломат ТУРСУНОВА, «Нишон тонги» газетаси муҳаррири, халқ депутатлари Нишон туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:

 — Пленумда партия ташкилотлари ва депутатлар ҳамкорлиги масаласига урғу берилди. Бу — ҳаёт талаби. Энг муҳим вазифалар қишлоқлар, чекка ҳудудлардаги ҳолатга қараб белгиланиши лозим, деб ўйлайман. «Каптарли» қишлоғида сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувда ўқувчилар 12 километрдан мактабга пиёда қатнаётгани айтилган эди. Тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари билан чиқдим. Бу масала юзасидан 2017 йилда амалий ишлар бошланадиган, бошлан­ғич синфлар учун мактаб филиали қуриладиган бўлди. Туман Кенгашидаги партия гуруҳимизда 8 нафар депутат ҳамжиҳат фаолият олиб бормоқда. Бугун биз фақат ишлаш кераклигини, амалий натижа муҳимлигини юракдан ҳис қиляпмиз.

Пленумда, шунингдек, пар­тиямиз фаоли, Олий Мажлис Сенати аъзоси Суюн Абдиев, «ЎзХДПнинг энг фаол аёли» кўрик-танлови республика бос­қичи иштирокчиси Лазиза Аллаярова сўзга чиқиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Хуллас, пленум қизғин баҳс-мунозаралар, савол-жавоблар асосида ўтди. Мен Республика Маънавият тарғибот маркази Чироқчи туман бўлими раҳбари, партиямиз фаоли Шоназар ­Жовлиевга таассуротларимни айтишга қарор қилдим...

ПАРТИЯ ГУРУҲЛАРИ ФАОЛЛИГИ

ижтимоий масалалар ечим топишида муҳим ўрин тутади

Нукус шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика кенгашининг пленуми бўлиб ўтди.

Унда партия ташкилотлари ва маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳларининг дастурий вазифаларни бажаришдаги фаоллигини ошириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ишларни янада такомиллаштириш бўйича фикр алмашилди.

Пленумда сўзга чиққанлар асосан жойлардаги ижтимоий муаммолар, уларнинг ечимида депутатлар иштирокини кучайтириш масалалари ҳақидаги таклифларга эътибор қаратишди.

Қуватбой ҚУРБАНБАЕВ, ЎзХДП Қорақалпоғистон Республика кенгаши раиси:

— Ўтган йили халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари томонидан электорат манфаатлари билан боғлиқ 22 масала атрофлича кўриб чиқилди. Шундан 15 масала тегишли доимий комиссияларга, 6 таси эса сессияга олиб чиқилди. Қабул қилинган қарорлар ижроси назоратга олинди. Бу борада ­Беруний, Амударё, Тўрткўл, Қўнғирот, Кегайли ва Нукус туман Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари фаолияти самарали бўлди. Аксинча, Тахтакўпир, Мўйноқ туман партия ташкилотлари ва гуруҳлари Ҳаракат дастури ижросини таъминлашда камчиликларга йўл қўйди.

Жорий йилда аҳолини ўйлантираётган ижтимоий масалалар юзасидан амалий ишларимизни янада кўпайтиришга эришмоғимиз лозим. Хусусан, партиямиз дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, алоҳида қўллаб-қувватлаш ва ёрдамга муҳтож кишилар ман­фаатларини ҳимоя қилиш, пенсия ва ижтимоий нафақаларнинг тўғри тақсимланиши устидан депутатлик ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳоли банд­лигини таъминлаш, коммунал хизматлар сифатини яхшилаш ишларига алоҳида эътибор билан қарашимиз зарур. Ҳудудларда ушбу йўналишлардаги ҳолатни чуқур ўрганиб, доимий комиссия ва сессиялар муҳокамасига киритиш учун пишиқ-пухта таклифлар тайёрлаш талаб этилади.

Электорат манфаатлари билан боғлиқ масалани ўрганиб, доимий комиссия ёки сессия муҳокамасига киритиш билан чекланмаслигимиз керак. Бу ўринда қабул қилинган қарорларнинг жойлардаги ижросини таъминлаш, сусткашликка йўл қўяётган мутасадди ташкилотлар фаолияти устидан депутатлик ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатиш чораларини кўришимиз лозим.

Пленумда ўтган йили туман ва шаҳар кенгашлари қошидаги Жамоатчилик қабулхоналарига 350 га яқин мурожаат тушгани, уларнинг аксарияти депутатлар, ҳамкор ташкилотлар ёрдами билан ижобий ҳал этилгани таъкидланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси фаолиятини такомиллаштириш, туман, шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари билан ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича фракция аъзоси Халилла Ешимбетов ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Назира МАТЯКУБОВА, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши бўлим мудири:

— Бугунги демократик ислоҳотлар фаолиятимизни танқидий муҳокама этиб, партиямизнинг жамиятдаги ўрни ва ролини янада кучайтириш лозимлигини кўрсатмоқда. Бу борада, айниқса, партия фаоллари ва депутатлар электорат манфаатларини тизимли равишда ўрганиб, таҳлил этиб бориши ҳамда аниқ ташаббуслар билан чиқиши муҳим аҳамиятга эга.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари фаолиятининг таҳлили натижалари депутатлик сўрови инс­титути имкониятларидан янада кенг фойдаланиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари бажарилиши юзасидан мансабдор шахслар ҳисоботларини эшитишни изчил ташкил қилиш борасида камчиликлар борлигини кўрсатмоқда. Бу, албатта, сессиялар муҳокамасига долзарб ижтимоий масалаларни олиб чиқиш жараёнларига салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳамжиҳатликда амалий натижалар учун ҳаракат қилишимиз, курашмоғимиз лозим.

Пленумда, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқор­ғи Кенгесидаги партия фракция аъзолари, туман, шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари раҳбарлари, «Фаол аёллар», «Истиқбол» ёшлар қанотлари етакчилари сўзга чиқиб, «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросида фаол иштирок этиш бўйича таклифларини беришди.

Қайд этилдики, Давлат дастури ижроси йўлида илгари суриладиган ташуббуслар электорат манфаатлари ҳимоясини таъминлашга, партиямизнинг жамиятдаги нуфузини оширишга хизмат қилади.

Кун тартибидаги ҳар бир масалага танқидий-таҳлилий ёндашилди. Шу асосда тегишли қарор қабул қилинди.

Пленум якунида 15 нафар ёш йигит-қизга Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг аъзолик гувоҳномалари топширилди.

ТАКЛИФЛАР, ТАШАББУСЛАР

электорат манфаатларига хизмат қилсин

ЎзХДП Самарқанд вилоят кенгашининг пленуми ҳам фикр-мулоҳазалар, таклифларга бой тарзда ўтди.

Сўзга чиққанлар асосий эътиборни шунчаки ҳисобот беришга эмас, жойлардаги муаммолар, уларнинг ечимида депутатлар иштироки қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги таклифларга қаратишди.

Дастлаб ЎзХДП вилоят кенгаши раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Бўрибой Бўронов «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросида партия ташкилотларининг иштирокини янада кенгайтириш тўғрисида маъруза қилди.

— Мамлакатимизда оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, оналарга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, баркамол авлодни тарбиялаш, оила институтини мустаҳкамлашда давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда, — деди маърузачи. — Бу аҳоли, айниқса, давлат ва жамият томонидан алоҳида қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд фуқаролар, партия­миз электорати вакилларининг турмуш даражаси юксалишида муҳим ўрин тутади. Шу боис «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ишларда партия ташкилотлари, депутатлар иштирокини кучайтириш муҳим вазифалардан бири. Оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича жойларда олиб борилаётган ишлар устидан депутатлик назоратини кучайтиришимиз талаб этилади.

Пленумда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳининг 2015 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи эшитилди.

— Ўтган йил мобайнида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларимиз томонидан 40 масала партия гуруҳлари йиғилишларида кўриб чиқилган бўлса, 13 масала сессияларда муҳокама этилиб, улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди, — деди халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Ўктам Саидмуродов. — Айниқса, Нарпай, Пастдар­ғом, Пахтачи, Тайлоқ, Ургут туманларидаги партия гуруҳлари Ҳаракат дастури ижроси бўйича самарали натижаларга эришди. Шу ўринда таъкидлаш керакки, депутатларимиз халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияси ҳамда доимий комиссияларда кўрилган ҳар бир масала юзасидан электоратимиз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, ўз муносабатларини билдиришмоқда. Партия гуруҳларимиз аъзолари ушбу масалага алоҳида эътибор бериши лозим, деб ўйлайман.

Зайнаб БЕРДИЕВА, халқ депутатлари Самар­қанд вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Депутатлик гуруҳлари ва партия кенгашларининг ҳамкорликда ишлаши, жойлардаги муаммоларни биргаликда ўрганиши, уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар бериши энг муҳим вазифалардан биридир. Хўш, буни самарали амалга ошириш учун нима қилишимиз керак? Ана шу савол атрофида партия ташкилотлари етакчилари, депутатлар томонидан турли фикр-мулоҳазалар билдириляпти. Уларнинг ҳар бири ўз асосига эга, албатта. Лекин, менинг фикримча, депутат энг аввал халқ ичига кириб бориши, ижтимоий масалалар бўйича биринчи навбатда сайловчилар фикрини ўрганиши, шунга қараб ҳаракат қилиши зарур.

Лола БУЛАКОВА, ЎзХДП Иштихон туман кенгаши раиси:

— Фаолиятимизнинг барча йўналишини таҳлил қилиб, хулоса чиқаришимиз керак. Бугун бошланғич партия ташкилотларимиз ишини кўнгилдагидек, деб бўлмайди. Туман, шаҳар партия кенгашлари фаолиятини эса айнан бошланғич ташкилотларсиз тасаввур этиш қийин. Вилоят партия кенгаши ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги гуруҳимиз томонидан туман ва шаҳар кенгашларида, айниқса, йирик бошланғич ташкилотларда муҳим мавзуларда давра суҳбатлари кўпроқ ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Пленумда, шунингдек, ЎзХДП Булунғур туман кенгашидан Мамашариф Неъматов, «Фаол аёллар» қаноти етакчиси Дилбар Имомова, партиямиз фаоли Ўктам Ҳожиев сўзга чиқди ва кўрилган масалалар бўйича мулоҳазаларини билдирди. Муҳокамалар якунида тегишли қарор қабул қилинди.

 

Юнус УЗОҚОВ,

Мнажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

Абдурасул САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.