19.04.2016

ФАРҒОНА УНИВЕРСИАДА РУҲИ БИЛАН ЯШАМОҚДА

 Фарғонада мамлакатимиз олий таълим муассасалари талабалари ўртасида «Универсиада — 2016»  мусобақаларининг финал босқичи бўлиб ўтади. Унда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан келган ўн тўртта терма жамоа спортнинг 15 тури, жумладан, волейбол, қўл тўпи, футбол, енгил атлетика, сузиш, шоҳмот, оғир атлетика, дзюдо, баскетбол, юнон-рум кураши, эркин кураш, бокс, таэквондо, теннис ва стол тенниси бўйича ғолиблик учун курашади.

Президентимиз таъкидлаганидек, ҳозирги кунда миллий спортимиз ифтихорига айланган Ришод Собиров, Аббос Атоев, Рустам Қосимжонов, Оқгул Омонмуродова, Светлана Радзивил, Дилшод Мансуров ва Саида Искандарова каби истеъдодли ёшларнинг спорт оламидаги ютуқлари учун айнан Универсиада мусобақалари парвоз майдони бўлиб хизмат қилган эди.

Фарғона шаҳрида мусобақалар ўтказиладиган 29 объектда, жумладан, Фарғона давлат университети,  Политехника институти, Олимпия захиралари спорт коллежида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Фарғона давлат университетида 3200 ўринли стадион, ёпиқ сузиш ҳавзаси, учта волейбол майдони ва енгил атлетика йўлаклари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу мақсадлар учун 18,4 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

— 132 талаба-спортчидан иборат терма жамоамиз мусобақадаги барча спорт тури бўйича майдонга тушади, — дейди Фарғона давлат университети жисмоний маданият факультети декани Қодир Жабборов. — Спортчи ва мураббийлар тайёргарлик машқларини мунтазам олиб боришяпти. Футбол жамоаси «Истиқлол» стадионида, волейболчилар Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиали спорт залида, оғир атлетикачилар «Нефтчи» спорт мажмуасида, сузувчилар Фарғона давлат университетининг янги сув спорти саройида, боксчилар Олимпия захиралари спорт коллежида машғулот ўтказишмоқда.

Мураббийларнинг юқори марраларни забт этишни режалаштираётгани бежиз эмас. Биринчидан, спортчилар учун қулай, замонавий шарт-шароит яратилиб, барча иншоотлар зарур спорт анжомлари билан тўлиқ таъминланган. Улар билан тажрибали мутахассислар шуғулланишмоқда. Иккинчидан, жамоада мамлакат, қитъа ҳамда жаҳон миқёсида ўтказилган мусобақаларда ғолиб бўлган спортчилар кўпчиликни ташкил этади. Улар орасида енгил атлетика бўйича мамлакат чемпиони Сардор Умаров, дзюдо бўйича ёшлар ўртасидаги Европа очиқ чемпионати ғолиби Муҳаммадлазиз Қаюмов, теннис бўйича халқаро мусобақалар ғолиби Сарвиноз Саидхўжаева, таэквондо бўйича кўп карра Ўзбекистон чемпиони, халқ­аро мусобақалар ғолиби Абубакир Расулов ҳам бор.

— Мен кўплаб мусобақаларда ғолибликни қўлга киритганман, — дейди Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреати Сарвиноз Саидхўжаева. — Халқаро майдонларда юртимиз байроғи баланд кўтарилиб, мадҳиямиз янграганида жонажон Ўзбекистоним, гўзал Фарғонам, қадрдон университетим кўз олдимга келади. Лекин Универсиадада ғолибликни қўлга киритишнинг гашти ўзгача. Бутун куч ва маҳоратимни фақат ғалаба учун сарфлайман.

 — Мен куни кеча Молдовада бўлиб ўтган халқаро мусобақадан қайтдим ва дарҳол Универсиада бўйича вилоят терма жамоаси сафида машғулотларга киришдим, — дейди стол тенниси устаси,  биринчи босқич талабаси Муқаддас Икромова. — Универсиада мамлакатимиздаги энг нуфузли мусобақалардан. Мақсадим — чемпионлик! Унга эришиш учун астойдил ҳаракат қиламан.    

Дарвоқе, Универсиада фақат спорт байрамигина эмас, гўзаллик, нафосат байрами ҳамдир. Бугун унинг мусобақалари ўтадиган, иштирокчилари яшайдиган барча манзиллар, уларни боғлайдиган йўллар, спортчилар дам оладиган масканлар ўзгача чирой очган.

Универсиада арафасида вилоят марказида кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, хиёбон ва кўчаларда гулзорлар ташкил этилди. Фарғона, Маърифат, Мураббийлар каби марказий кўчалар замонавий меъморчилик талаблари асосида таъмирланиб, қарийб 5 километрлик йўл реконструкция қилинди. Кўчаларга Универсиада ҳамда спортни тарғиб этувчи паннолар, шиорлар ўрнатилди.

Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш учун 1 миллиард 645 миллион сўм маблағ ажратилди. Республикамизнинг турли вилоятларидаги кўчатчилик корхоналари, ҳатто чет элдан ноёб ва манзарали дарахтлар ниҳоллари келтирилмоқда. Каштан, дуб, Қрим қарағайи, пальма, юкка, спирея, сирень, кипарис, япон сакураси, хитой гулдарахти экилган кўча ва хиёбонлар кўзни қувонтиради.

— «Универсиада — 2016» мусобақаларининг очилиш ва ёпилиш тантаналарига тайёргарлик қизғин давом этмоқда, — дейди вилоят Маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи Икром Жалилов. — Унда уч юздан ортиқ ёшлар, мамлакатимизнинг таниқли санъат усталари ҳамда фарғоналик истеъдод эгалари иштирок этмоқда. Бу тантаналар янги қурилган «Истиқлол» стадионида бўлиб ўтади. Бундан ташқари, мусобақа қатнашчилари учун ётоқхоналарда маданий-маърифий тадбирлар, таниқли актёр ва ёзувчилар  билан ижодий учрашувлар, Фарғона ва Марғилон шаҳарларидаги тарихий обидалар, музей, театрларга ташрифлар уюштириш режалаштирилган.

Маълумки, спорт мусобақалари очилишида ёқиладиган машъала Паркент туманидаги «Физика-Қуёш» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасининг материалшунослик институтида қуёш нурларидан ўт олдирилади. Айни кунларда Универсиада машъаласининг Паркентдан Фарғона шаҳригача келадиган йўл харитаси тузилди. Машъа­лани элтадиганлар орасида спортчи-ёшлар билан бир қаторда Фарғонанинг Данғара тумани, Қўқон шаҳри, Учкўприк, Боғдод, Риштон, Олтиариқ туманларида яшовчи таниқли кишилар, спорт ва меҳнат фахрийлари ҳам бор.

«Универсиада — 2016» мусобақалари штабида унинг ишини ёритиб борадиган оммавий ахборот воситалари ва уларнинг вакиллари аккредитациядан ўтказилмоқда. Универсиада Матбуот маркази эса  Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими билан ҳамкорликда матбуот анжуманлари уюштириб турибди. Шу ерда унинг веб-сайт гуруҳи ташкил этилган. Универсиадага тайёргарлик, унинг иштирокчилари, мусобақалар ўтадиган манзиллар ва бошқа маълумотларни www.universiada2016.uz веб-сайтидан оласиз. Мусобақа арафасида ва унинг тезкор натижалари саккиз хорижий тилда таржима қилиб бутун дунёга узатилади.

Бир сўз билан айтганда, бугун бутун  Фарғона ва фарғоналиклар Ўзбекистон талаба-ёшлари ҳаётидаги нав­батдаги улкан воқеа — гўзаллик ва спорт байрами бўлмиш «Универсиада — 2016» руҳи билан яшашмоқда.

 

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози»  мухбири.



DB query error.
Please try later.