19.04.2016

ПАРТИЯ ГУРУҲЛАРИ ФАОЛИЯТИ ҚОНИҚАРЛИМИ?

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Наманган вилоят кенгашининг пленумида иштирокчилар ана шу савол атрофида фикр алмашишди.

Пленумда «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастуридан келиб чиқиб, вилоят партия ташкилоти олдида турган устувор вазифалар кўриб чиқилди.

— Маълумки, «Соғ­лом она ва бола йили» Давлат дастурида юртимизда оила, оналик ва болаликни ҳимоя қи­лиш, қишлоқ жойларда яшаётган аҳоли учун ижтимоий-маиший шарт-шароит яратиш, хизматлар кўрсатиш ва сервис даражасини юксалтириш бўйича муҳим вазифалар белгиланган, — деди вилоят партия кенгаши ­раиси ­Дилором Абдураҳимова. — Эътиборли жиҳати, партиямизнинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат дас­туридаги мақсадлар ҳам айнан ушбу йўналишлардаги масалалар билан ҳамоҳанг. Демак, Давлат дастурида қамраб олинган вазифалар электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилишда катта аҳамиятга эга. Шу боис, Давлат дастури ижросида партия ташкилотлари иштирокини таъминлаш, шунинг­дек, электорат манфаатларини ҳимоя қилишда депутатлик бирлашмаларининг фаолиятини кучайтириш олдимизда турган энг муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Тўғри, партия кенгашлари бошланғич тузилмалар, ҳамкор ташкилотлар билан жойларда турли тадбирлар ўтказмоқда. Нисбатан олганда ўтказилаётган тадбирлар ўзига хос, таъсирли усулларда олиб бориляпти. Партия сафи ёшлар, хотин-қизлар ҳисобига ўсмоқда. Аммо реал олиб қаралганда, бугунги тезкор ривожланиш жараёнида ­фаолиятимизни янада кучайтиришимиз керак, деб ўйлайман. Партия гуруҳлари депутатлик назорати ва сўрови институтидан самарали фойдаланиши талаб этилмоқда.

Маърузачи партия ташкилотлари ва депутатлар фаолияти таҳлилига алоҳида эътибор берди. Партия электорати манфаатлари учун долзарб масалаларни доимий комиссиялар йиғилишларида кўриб чиқиш билан чекланилгани, уларни сессиялар кун тартибига киритишда сусткашликка йўл қўйилгани айтиб ўтилди. Халқ депутатлари Минг­булоқ, Наманган, Норин ва Янгиқўр­ғон туман Кенгашларидаги партия гуруҳлари фаолияти танқидий баҳоланди.

2015 йил давомида электорат манфаатлари билан боғлиқ 40 масала партия гуруҳларида, 13 масала доимий комиссияларда муҳокама қилинди. ЎзХДП гуруҳлари ташаббуси билан 10 масала халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сессияларида кўриб чиқилган. Жорий йилда бу кўрсаткични янада ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, пленумда вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Зиёвиддин Мансуров, Ўзбекистон Қаҳрамони, вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси ­Халчахон Мирзаева, халқ депутатлари ­вилоят Кенгаши депутати Нафиса ­Мамасолиева, Наманган туман партия кенгаши раиси Умиджон Солиев, «Истиқбол» ёшлар қаноти фаоли Аброр Собиров, «ЎзХДПнинг энг фаол аёли» кўрик-танлови республика бос­қичи иштирокчиси Адиба ­Абдураҳмонова, вилоят Кенгашининг ­Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Баҳодир Каримов кун тартибидаги масала бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Музокаралардан сўнг пленум бошлан­ғич партия ташкилотлари фаолиятини замон талабига мослаштириш, тарғибот ишлари таъсирчанлигини ошириш, депутатлар ташаббускорлигини кучайтириш масалалари юзасидан қарор қабул қилди.

Пленум якунида бир гуруҳ ёшларга Ўзбекистон Халқ демократик партиясига аъзолик гувоҳномалари топширилди.

 

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.