19.04.2016

ЭЛЕКТОРАТ МАНФААТЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ УЧУН

ташаббускорликни ошириш, масъулиятни кучайтириш талаб этилади

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, шу йилнинг 22-31 март кунлари ЎзХДП фракцияси аъзолари сайловчилар билан учрашувлар ўтказиб қайтди. Жойларда қонунлар ижросини чуқур ўрганишда, муҳим ижтимоий-ҳуқуқий масалалар бўйича фуқаролардан таклиф-мулоҳазалар олишда, депутатларнинг ташаббускорлигини оширишда ушбу учрашувлар муҳим аҳамиятга эгадир.

Сайловчилар, электорат вакиллари билан ўтказилган юзма-юз мулоқотлар Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари учун қай даражада самарали бўлди? Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида демократик қадриятларни изчил қарор топтириш, парламентнинг таъсир кучини ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги ислоҳотлар хусусида сайловчилар қандай фикрда?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари Ҳотамжон КЕТМОНОВ мазкур саволларимизга жавоб берди.

Фракциямиз аъзоларининг сайлов округларидаги фаолиятини кучайтириш биз учун энг муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Олий Мажлис пала­таларининг 2015 йил 23 январда бўлиб ўтган қўшма йиғилишида ­Президентимиз томонидан парламент, депутатлар олдига қўйилган долзарб вазифаларни бажаришимизда бу муҳим ўрин тутади. Шунинг учун сайловчилар билан учрашувларни ҳар томонлама самарали ўтказишга жиддий эътибор қаратиляпти.

Учрашувлардан олдин «ЎзХДП фракцияси аъзоларининг сайлов округларидаги фаолиятини ташкил этиш бўйича ҳаракат дастури» тасдиқланиб, аниқ вазифалар белгилаб олинди. Мазкур дастурга мувофиқ, фракциямиз аъзолари, аввало, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, парла­мент­нинг қонун ижодкорлиги фаолияти юзасидан сайловчиларга батафсил ахборот беришга, улардан таклифлар олишга ҳаракат қилишди.

Маълумки, ҳозир парламент қуйи палатасида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, қолаверса, қонунларнинг ижроси билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилаётганда ҳар бир фракция ўз позициясини эркин билдиряпти, айни пайтда, қизғин баҳс-мунозараларда уни қатъий туриб ҳимоя қиляпти. Шунингдек, фракциялар ўз электорати ман­фаат­лари билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий муаммо­ларни янада чуқур ўрганишга, таклифлар ишлаб чиқиб, уни қонунчиликда акс эттиришга жиддий эътибор қаратмоқда. Фракциямиз аъзоларининг сайлов округларидаги фаолия­ти самарали йўлга қўйилмасдан, бу борада аниқ натижаларга эришиш қийин, албатта.

Аҳоли вакиллари билан юртимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги энг муҳим масалалар бўйича очиқ мулоқот ўтказишга, расмий маърузалардан қочиб, кўпроқ фикр алмашишга ҳаракат қилдик. Натижада сайлов округларидаги фаолиятимиз аввалгиларига нисбатан самарали бўлди, учрашувларда сайловчилар фақат тингловчи бўлиб қолмасдан, ўз фикр-мулоҳазалари, савол ва таклифлари билан фаол иштирок этди. Яъни, баъзида кузатиладиган сунъий аудитория йиғиш ҳолларидан воз кечиб, маҳаллалар, корхона-ташкилотлардаги меҳнат жамоалари, сайловчилар орасига чуқурроқ кириб боришга, аҳоли вакилларига янада яқинроқ бўлишга интилдик.

Таҳлилларга кўра, депутатларимиз сайлов округларида сайловчилар билан 340 учрашув, давра суҳбати ва семинарлар ўтказишди. Уларда 33 мингга яқин сайловчи иштирок этди.

Учрашувларда ижтимоий кўмакка муҳтож кишиларни қўллаб-қувватлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада ошириш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қабул қилинган қонунлар қандай ишлаяпти? Жамиятимизда қандай қонунларга эҳтиёж сезилмоқда? Сайловчилар, хусусан, электорат вакиллари қандай муаммоларга дуч келяпти? Ҳар бир депутат ўз сайлов округи мисолида ушбу масалаларни ўрганди.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Жойларда бўлганимизда мамлакатимизда барча жабҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳаётий самаралар бераётганига, фуқаролар уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганига яна бор гувоҳ бўл­дик. Аҳолининг нафақат ижтимоий-иқтисодий, балки сиёсий фаоллиги, ҳаётга ва меҳнатга муносабати, ён-атрофда юз бераётган воқеаларга дахл­дорлик туйғуси, айниқса, ёш­ларимизнинг ўзига ва келажакка ишончи ортиб бораётганини кўзимиз билан кўрдик.

Шуларга таяниб, сайловчилар, электорат вакиллари билан учрашувларимиз фикр-мулоҳазалар, таклиф ва мунозараларга бой бўлди, дейиш учун барча асослар етарли.

— Демак, учрашувларда муҳим ижтимоий масалалар ҳам кўтарилган, кўплаб мурожаатлар бўлган? Уларни ҳал қилиш бўйича фракция қандай чора-тадбирлар кўряпти?

— Учрашувларда сайловчилар мамлакатимиз ҳаёти, келгуси тараққиётига дахлдор мавзуларда фикр-мулоҳазалар билдириш билан бирга, ўзларини ўйлантириб келаётган масалаларда ҳам мурожаат қилишди. Фракциямиз йиғилишида улар атрофлича муҳокама этилди. Депутатларнинг таклифларидан келиб чиқиб, зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Сайловчилар, электорат вакилларининг 900 дан ортиқ савол ва мурожаатларига фракциямиз аъзолари алоҳида эътибор қаратмоқда. Мурожаат ва саволларнинг 260 таси фан, таълим, маданият ва спорт, 64 таси пенсия ва ижтимоий нафақалар, 82 таси бандликка кўмаклашиш, 51 таси соғлиқни сақлаш, 108 таси уй-жой, коммунал хизматларга оид бўлди. Шунингдек, транспорт, қурилиш, алоқа, қонунчилик ва суд-ҳуқуқ, иқтисодиёт, молия, солиқ, банклар фаолияти, коммуникация ва йўл қурилиши, қишлоқ хўжалиги соҳалари бўйича ҳам сайловчилардан кўплаб мурожаат тушди.

Учрашувлар давомида 420 мурожаат маҳаллий Кенгашлар депутатлари, ҳокимликлар ва ҳамкор ташкилотлар ёрдамида жойида ҳал этилди. 190 га яқин мурожаат маҳаллий давлат органларига, 40 дан ортиқ мурожаат эса тааллуқлилиги бўйича республика ташкилотларига юбориладиган бўлди ва улар фракциямиз аъзолари томонидан назоратга олинди.

Мана шу мурожаатларнинг йўналиши, характери фракциямизга қандай ижтимоий масалалар бўйича парламент ва депутатлик назоратини кучайтириш кераклиги ҳақида хулоса чиқариш имконини беради.

Одамларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш зарур, албатта. Лекин бу ўринда энг муҳим вазифа фуқаролар мурожаатлари замиридаги, электорат вакилларини ўйлантираётган муаммоларга тизимли равишда ечим топиш, депутатлик ва парламент назорати орқали уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш ҳисобланади.

Кези келганда яна бир жиҳатга тўхталиб ўтиш зарур, деб ўйлайман. Парламентнинг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил йўналишларидаги фаолиятини такомиллаштириш, айниқса, қонунлар ижросини назорат қилиш бўйича парламент ҳамда жамоатчилик назоратини изчил йўлга қўйиш долзарб аҳамият касб этади. Бу борада мавжуд механизмлар, берилган ваколатлар, яратилган имкониятлардан самарали фойдаланишимиз, маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан ҳамкорликни кучайтиришимиз талаб этилади.

Депутатларнинг сайлов округларидаги фаолияти доимий равишда такомиллашиб бориши қонунлар ижроси таъминланиши, ижро ҳокимияти масъулияти ­кучайиши, шунингдек, ижтимоий масалалар самарали ечим топишига ижобий таъсир кўрсатади. Халқчил, ҳаётий қонунлар қабул қилиш, аҳолини ўйлантираётган масалаларни парламентда муҳокама этиш ва мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ стратегик вазифаларни белгилашда бу муҳим ўрин тутади.

Депутатлар сайловчилар билан мунтазам алоқада бўлиб туриши биринчи навбатда депутатнинг ўзига, сиёсий партияга жуда зарур. Айнан бевосита ­мулоқот депутатни, сиёсий партия­ни реал ҳаётга яқинлаштиради, ижти­моий-иқтисодий муаммолар ва уларнинг сабабларини чуқур ўрганиш имкониятини кенгайтиради.

— Аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини эгаллаган мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш партиямиз учун принципиал масала ҳисобланади. Шунинг учун фракциямиз иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури ижроси устидан парламент назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Парламент назорати Дастурни такомиллаштиришга, унинг ижросига қандай таъсир қиляпти?

Аввало шуни айтиш керакки, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ёшларни иш билан таъминлаш бўйича изчил чора-тадбирлар белгиланмоқда. Ҳо­кимликлар, мутасадди ташкилотлар битирувчиларни ишга жойлаштириш имкониятларидан унумли фойдаланмоқда.

Корхона-ташкилотларда бўлганимизда, меҳнат жамоалари билан учрашганимизда «ёшларни қўллаб-қувватлашимиз, ишлаб, ҳаётда ўз йўлини топиб олиши учун уларга ҳар томонлама йўл-йўриқ кўрсатишимиз керак», деган якдил муносабат шаклланаётганига гувоҳ бўлдик. Албатта, ­Президентимиз томонидан ёш­ларга кўрсатилаётган юксак эътибор, ғамхўрлик бу борада асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дас­турини такомиллаштиришда, унинг ижросини изчил йўлга қўйишда парламент назорати жараёнида ишлаб чиқилаётган таклиф ва тавсиялар, депутатлар томонидан билдирилаётган фикр-мулоҳазалар ҳам ўзига хос ўрин тутяпти.

Маълумки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия­миз фракцияси бир неча йиллардан буён бандлик дастури ижроси, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини эгаллаган мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш масалаларида парламент эшитувлари ўтказилишида ташаббускор бўлиб келяпти. Бу эшитувлар ижро ҳокимияти, яъни ҳукумат, ҳокимликлар ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг масъ­улия­тини оширишга хизмат қиляпти.

Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар мазмун-моҳиятига мос тарзда қонунчилигимиз ҳам такомиллашиб бораётганини таъкидлаб ўтиш жоиз. Ёшлар, битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича тузилган уч томонлама шартномалар бажарилишини таъминлаш, бу борада юзага келаётган турли англашилмовчилик ва сансоларликларнинг олдини олиш мақсадида Меҳнат кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, битирувчиларни синов муддатисиз ишга олиш, бир йилгача ишдан бўшатмаслик қоида тариқасида белгиланди. Бу ёш мутахассисларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иш ўрганиши учун уларга етарли вақт ва имконият берилишида муҳим ўрин тутмоқда.

Шу билан бирга, парламент назорати жараёнида ишлаб чиқилган таклифлар ўтган йиллар давомида Дастурни янада такомиллаштиришга ҳам асос бўлмоқда. Хусусан, партиямиз фракцияси таклифлари асосида коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласи Дас­турдан алоҳида қисм сифатида ўрин олди.

Бандликни таъминлаш соҳасида қонунчиликни ривожлантириш, келгусида қабул қилинадиган дас­турлар ва уларнинг ижро механизмини такомиллаштириш муҳим масала, деб ҳисоблаймиз. Фракциямиз ташаббуси билан 2015 йилда Дастур ижроси бўйича ўтказилган парламент эшитуви вақтида ҳам ҳукуматга бир қатор тавсиялар берилди.

Шу асосда жорий йилга мўлжалланган Дастурда туман, шаҳар ҳокимликлари ҳузурида иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг мақсадли пара­метр­ларини сўзсиз бажариш юзасидан мувофиқлаштирилган ишларни ташкил этиш бўйича доимий ишловчи ҳудудий комиссияларнинг фаолия­тини кучайтириш чоралари кўзда тутилди. Бу касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш бўйича тақдим этилаётган маълумотлар ҳа­қиқатга қанчалик тўғри келишини танқидий ўрганиб чиқиш ва ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлаймиз.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, фракциямиз партиямиз дастурий мақсадларини амалга ошириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш учун қонуний ваколатлардан, парламент назорати имкониятларидан самарали фойдаланишга интилмоқда. Сайловчилар, аҳоли ва электорат вакилларининг фикр-мулоҳазалари, турли ижтимоий масалалардаги мурожаатлари эса бизни янада масъулиятли бўлишга, янги ҳаётий ташаббуслар билан чиқишга ундайди.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.