Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
19.04.2016

ИРЛАНДИЯ: СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР ЎРТАСИДАГИ РАҚОБАТ КУЧАЙМОҚДА

Жорий йил 26 февраль куни Ирландия Республикаси парламентининг қуйи палатаси — Дойл Эрен учун сайлов бўлиб ўтди. Парламентга мамлакатдаги 40 сайлов округидан 157 нафар депутат сайланди. Бу қуйи палатага ўтказилган 32-сайлов ҳисобланади. Сайлов натижаларига кўра, бирор-бир партия мутлақ кўпчилик ўринни қўлга кирита олмади.

Ирландия сайлов тизимига эътибор қаратадиган бўлсак, кўплаб ўзига хос жиҳатлар кўзга ташланади. Хусусан, депутатлар пропорционал тизим асосида сайланади. Мамлакатда ташкил этиладиган 40 округдан бир неча номзод сайланиши мумкин. Мисол учун, ўтган сайловларда айрим округлардан бештагача номзод депутатликка сайланди.

Ушбу сайловда қуйи палата депутатлиги учун 551 киши номзодини қўйди. Масалан, Фин Гэл партиясидан энг кўп — 88 номзод кўрсатилди.

Сайловда фақатгина мамлакат ҳудудида муқим истиқомат қилаётган, Ирландия Республикаси фуқаролигига эга бўлган шахслар иштирок этиши белгиланган.

Сайловолди кампаниясига расмий равишда 3 февралда рухсат берилган бўлиб, у 25 февралга қадар давом этди. Ирландия қонунчилигига биноан сайлов куни ташвиқот қилишга рухсат этилмайди. Сайлов кампа­ния­си давомида барча сиёсий партияларнинг оммавий ахборот воситаларида чиқиши учун бир хил шарт-шароит яратилади.

Ўтган сайловда 76 депутатлик ўрни билан етакчилик қилган Фин Гэл партияси жорий сайловда 50 ўринга эга бўлди. Мазкур партияга 2002 йилдан буён Энда Кенни етакчилик қилиб келмоқда. Ўзига хос тарихга эга бўлган ушбу партия 1933 йилда ташкил этилган. Партия асосан консерватизм ва либерализм ғояларини илгари суради. Шунингдек, мамлакатдаги тинчлик ва осойишталикни сақлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, янги иш ўринлари яратиш масалалари партия сайлов­олди дастурида алоҳида кўрсатилган.

Мазкур партиянинг кўп­лаб тузилмалари мамлакат миқёсида фаолият олиб боради. Хусусан, партиянинг ёшлар қаноти Ирландияда катта обрўга эга. Ёшлар қаноти 1976 йилда ташкил этилган. Партиянинг 30 ёшгача бўлган аъзолари ушбу тузилма фаолиятида иштирок этади. Партия ғояларини тарғиб этади, айниқса, сайловолди кампания­ларида фаол қатнашади. Ушбу қанот фаолиятида иштирок этган ёшлар ке­йинчалик партия тизими, умуман, мамлакатдаги муҳим сиёсий жараёнларнинг доимий иштирокчисига айланади.

Ҳозир партиянинг 35 минг нафардан ортиқ аъзоси мавжуд. Унинг штаб-квартираси Дублин шаҳрида жойлашган.

Ирландия Республикасидаги йирик сиёсий партиялардан яна бири — бу Фианна Файл ҳисобланади. Ушбу сиёсий партия ҳам узоқ тарихга эга бўлиб, 1926 йилда ташкил этилган. Унинг етакчиси Майкл Мартиндир.

Партия олдинги сайловда парламентда 20 депутатлик ўрнини эгаллаган бўлса, бу галги сайловда ўз мавқеини анча мустаҳкамлаб олди. Энди уларнинг 44 депутати парламентда фаолият олиб боради.

Мамлакатдаги илғор пар­тиялардан яна бири Шинн Фейн ҳисобланади. Мазкур сиёсий куч 1905 йилда ташкил топган. Партия аъзолари сони ва мамлакатдаги нуфузи жиҳатидан юқоридаги рақобатчиларидан қолишмайди.

Социал ғоя тарафдорлари қарашларини ўзида ифода этган партия сайлов натижаларига кўра, 23 депутатлик ўрнига эга бўлди.

Мазкур сиёсий партиянинг сайловолди дастурида аҳолининг кам таъминланган қатлами, меҳнат муҳожирлари, жисмоний имкония­ти чекланган кишилар манфаатларини муҳофаза қи­лиш, давлат бюджетининг асосий қисмини ижтимоий соҳага йўналтириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда бепул тиббий хизматни кенгайтириш каби масалалар асосий ўринни эгаллайди.

Умуман олганда, Ирландия Республикасида 15 дан ортиқ сиёсий партиялар аҳолининг турли қатламлари манфаатлари йўлида курашади. Сайлов натижалари эса фуқаролар уларнинг ғояларини қанчалик қўллаб-қувватлаётганини кўрсатди.

 

Интернет маълумотлари асосида

Нурали ОРИПОВ тайёрлади.



DB query error.
Please try later.