16.04.2016

ДОЛЗАРБ ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАНДИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Президентимизнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси ­мажлисидаги маърузасидан келиб чиқиб, фракция олдида турган долзарб вазифалар муҳокама этилди. Фракция аъзолари маърузада келтирилган ҳар бир масалани таҳлил қилишга, керакли хулосалар чиқаришга алоҳида эътибор қаратди.

Йиғилишни фракция раҳбари Ҳотамжон ­Кетмонов олиб борди ва маъруза қилди:

— Давлатимиз раҳбарининг «Бош мақсадимиз – мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, олиб бораётган ислоҳотларни, иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларни изчил давом эттириш, хусусий мулкчилик, кичик бизнес ва тадбиркорликка янада кенг йўл очиб бериш ҳисобидан олдинга юришдир» номли маърузасида илгари сурилган вазифалар фаолиятимизнинг устувор йўналишларини белгилаб олишда муҳим асос бўлди, — деди фракция раҳбари. — Маърузада ялпи ички маҳсулотимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 2000 йилдаги 31 фоиздан бугунги кунда 56,7 фоизга етгани ёки 1,8 баробар ошгани алоҳида таъкидланди. Дарҳақиқат, мазкур соҳанинг юқори суръатлар билан барқарор ўсиши биз учун устувор йўналиш бўлган — аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини ишга жойлаштиришда долзарб аҳамият касб этмоқда. Ўтган йили мамлакатимизда ташкил қилинган 980 мингдан ортиқ иш ўринларининг 60 фоиздан зиёди қишлоқ жойларига тўғри келгани, коллежларнинг 480 мингдан ортиқ битирувчиси иш билан таъминлангани барчамизга маълум. Биз учун яна бир аҳамиятли жиҳати, 2015 йилда бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар 21,9 фоизга, аҳоли жон бошига жами реал даромадлар эса 9,6 фоизга ошди. Бу аҳоли даромадларини янада кўпайтириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этди, дейишга тўла ҳақлимиз.

Президентимиз маърузасида ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини янада ошириш билан боғлиқ масалалар бундан буён ҳам эътибор марказида бўлиб қолиши таъкидлаб ўтилди. Хусусан, 2016 йилда ижтимоий соҳага Давлат бюджети жами харажатларининг 59,1 фоизи ёки ўтган йилга нисбатан кўпроқ маблағ ажратилиши қайд этилди. Шундан таълим-тарбия соҳасига Давлат бюджети харажатларининг 33,7 фоизи, соғлиқни сақлаш тизимига 14 фоизи йўналтирилади. Таълим-тарбия соҳасини таъминлаш ва ривожлантириш сарф-харажатлари ўтган йилга қараганда 16,3 фоизга, соғлиқни сақлаш тизимида 16 фоизга кўпаяди. Ушбу маблағлар ижтимоий соҳани ривожлантиришга оқилона сарфланиши пар­тия­миз дастурий мақсадлари амалга ошиши, электорат манфаатлари таъминланишида долзарб аҳамият касб этади. Бир сўз билан айтганда, бу рақамлар ортида фарзандларимиз таълим-тарбияси, халқимиз саломатлиги билан боғлиқ ўта муҳим ҳаётий масалалар турибди. Ҳар биримиз бу ҳақда чуқур ўйлаб, зиммамизда турган вазифаларни аниқ белгилаб олишимиз зарур бўлади.

Давлат бюджети маблағларининг барча йўналишларда мақсадли ишлатилиши устидан парламент назоратини самарали амалга оширишимиз, бу борадаги ишларда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйишимиз лозим. Соҳалар ва тармоқлар ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқ фаровонлигини ошириш ­билан боғлиқ устувор ­масалаларни изчил ўрганиш, чуқур таҳлил қилиш ҳар бир депутатдан катта масъулият талаб этади.

— Давлатимиз раҳбари маърузасида аҳоли бандлигини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас, — дейди ­Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси ­Дилмурод Саъдуллаев. Жорий йилда 990 мингга яқин иш ўрни яратиш, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш соҳасини изчил ривожлантириш ҳисобидан 660 мингдан зиёд иш ўрни ташкил этиш, таълим муассасаларининг 510 мингдан ортиқ битирувчиларини иш билан таъминлаш режалаштирилган.

Бу масалалар партиямиз электорати манфаатларини ҳимоя қилишда, ёшларимизни қўллаб-қувватлаб, уларга шароит яратишда муҳим аҳа­миятга эга. Шу боис фракция­миз иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури ижроси бўйича депутатлик назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратади.

Маълумки, бир неча йиллардан буён фракциямиз ташаббуси билан Қонунчилик палатасида бандлик Дастури ижросининг бориши ҳа­қида Меҳнат вазирлигининг ахбороти эшитилмоқда. Келгуси фаолиятимизда ҳам Дас­тур ижроси юзасидан парламент назоратини изчил давом эттиришимиз зарур бўлади.

Яна бир муҳим масала. Ҳар йили касб-ҳунар коллежларига қабул режасини ишлаб чиқишда 3-4 йилдан сўнг ­коллеж жойлашган ҳудудда қандай янги объектлар ишга туширилиши, уларда меҳнат қилиш учун қайси мутахассисликлар бўйича қандай кадрлар кераклигини ҳар томонлама ҳисобга олиш ва қабул режасига тегишли ўзгартиришлар киритиш масаласини ҳам чуқур ўйлаб кўриш керак. Сайлов округидаги фаолиятимиз давомида бу йўналишдаги ишларга алоҳида эътибор қаратсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

Фракция аъзолари, шунингдек, Соғлом она ва бола йилида амалга ошириладиган ишларнинг аҳа­мия­ти ҳақида электорат вакиллари, кенг жамоатчилик орасида тар­ғибот-тушунтириш ишларини кучайтириш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш масалаларида ҳам таклиф-мулоҳазаларини билдиришди.

Йиғилиш сўнггида фракция олдида турган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.