14.04.2016

ТИНЧ, ОСОЙИШТА МАМЛАКАТДА

таълим ривожланади, илм-фан тараққий этади

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида «Таълим ва фан — барқарор ривожланиш йўлида» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси вакиллари, шунингдек, Белорусь ­Республикаси, ­Германия, Латвия, Литва, Польша, Швеция, ­Қозоғистон, Корея Республикаси ҳамда мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Барқарор тараққиёт ўзи нима дегани? Нега бугунги кунда унинг ўрни ва аҳамияти тобора ошиб бормоқда? Илмий-амалий анжуманда ана шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидлаш керакки, ҳар қандай давлатнинг барқарор ривожланишида малакали кадрлар муҳим ўрин тутади. Олимларнинг фикрича, сўнгги йилларда кучайиб бораётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозини бартараф этишнинг йўлларидан бири барқарор тараққиёт концепциясини ишлаб чиқишдир.

Бу йўналишда Ўзбекистонда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ҳамда Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дас­турлари замирида бар­қарор ривожланишни таъминлаш, барча соҳаларда малакали кадрлар етиштириш мақсади мужассамланган.

Ўзбекистон Миллий университетида мазкур йўналишда қатор илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Сув манбалари мамлакатимиз ва Марказий Осиё минтақаси ривожланиши учун стратегик аҳамиятга эга. Европа Иттифоқининг ТЕМПУС дастури доирасида ЎзМУда бажарилаётган UZWATER лойиҳаси келажакда ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласини такомиллаштириб, янги даражага олиб чиқадиган мутахассислар тайёрлаш тизимини янада яхшилашга қаратилган.

Халқаро илмий-амалий анжуманни очар экан, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Ботир Усмонов кўриб чиқиладиган масалалар, уларнинг ечими мамлакатимизда таълим тизими ривожида муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади. Айниқса, ўз соҳасини пухта эгаллаган, малакали кадрлар тайёрлашда хорижий олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик беқиёс аҳамиятга эга эканини қайд этди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Борий ­Алихонов мамлакатимизда табиатни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар, бу борада эришилган ютуқлар тўғрисида батафсил маълумот берди.

— Турли корхоналарнинг атроф-муҳитга етказаётган зарарининг салбий оқибатлари билан курашишдан кўра, унинг сабабларини ўрганиш, олдини олиш ҳам маънавий, ҳам иқтисодий жиҳатдан жуда муҳимдир, — деди у. — Чунки атроф-муҳит муҳофазаси борасида юзага келган муаммолар билан курашадиганлар, вақт нуқтаи назаридан, кўпинча орқада қолади. Масалан, корхонанинг чиқинди ва оқова сувларини ўша ернинг ўзида тозалаб қайта ишлаш, табиий сув ҳавзаларига тушгандан сўнг, ифлосланган миллионлаб метр куб ҳажмдаги сувни тозалашдан кўра анча арзонга тушади. Ўзбекистон ҳозирги кунда атроф-муҳит ва табиий ресурслар муҳофазасини ташкил этишда худди мана шу йўлдан бормоқда.

Анжуман иштирокчиси Швециянинг Уппсала университети профессори, UZWATER лойиҳасининг ­координатори Ларс Риден «таълим — барқарор тарақ­қиёт манфаатлари йўлида» тамойили асосида таълим соҳаси мутахассисларига дунё тажрибаси ҳамда ўзининг илмий тадқиқотлари юзасидан тавсиялар берди.

Польшанинг «Ҳаёт фани» университети профессори Жозеф Мосеш сув ресурсларини барқарор бошқариш индикаторлари масалалари хусусида тўхталиб, келажакда мутахассислар тайёрлашда ўқитилиши кўзда тутилаётган фанлар дастурларини тузишда фойдаланиш бўйича илмий-услубий манбаларга эътибор қаратди.

Германиянинг Бранденбургдаги Технологиялар ва инновацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш институти профессори ­Эдгар Клозенинг «Табиатнинг ривожланиши жамиятнинг бар­қарор тараққиёти учун намуна» деб номланган маърузаси ҳам иштирокчиларда катта ­таассурот қолдирди. Унинг фикрича, ерда ҳаётнинг ривожланиши унга инсон таъсири кам бўлган даврларда уйғун ва бар­қарор бўлган. Ҳозирги кунда эса табиат ривожланиши билан жамият ривожланиши ўртасида номутаносиблик мавжуд. Бу ер, сув, ўрмон, энергия ва бошқа ресурслардан фойдаланишда яққол кўзга ташланади.

Шунингдек, германиялик олим ўз маърузасида дунё бўйича суғориладиган ерлар деградацияси, сув манбаларида кузатилаётган салбий миқдор ва сифат ўзгаришлари, ўрмонларнинг кескин камайиб бораётганлиги ҳамда бошқа жарёнлар ҳақида аниқ рақамларни келтириб ўтди. Айни пайтда олим табиатда рўй бераётган салбий ўз­­гаришларни ҳозирги кунда дунё миқёсида ке­чаётган нотинчликлар билан боғлиқлигини билдирди. Анжуман иштирокчилари диққатини дунёнинг баъзи бир мамлакатларида бўлаётган урушларга қаратди.

Профессор Эдгар Клозе шу ҳақда гапира туриб, мамлакатимизда тинчлик ва бар­қарорлик ҳукм сураётганлигига ҳамда ўзининг Ўзбекистонга ҳаваси келаётганлигини очиқ-ойдин баён этди. Олим ўз сўзини қуйидаги фикрлар билан якунлади: «Анжуман қатнашчиларидан бири, адашмасам, польшалик ҳамкасбим Жосеф Мосеш, ўз маърузасида «Ёшлар биздан нимани кутмоқда?» деган саволни ўртага қўйди. Мен бу саволга «Ёшлар биздан биргина нарса, у ҳам бўлса, тинчликни, барқарорликни кутади», деб жавоб берган бўлар эдим. Шундагина таълим тизими ва фан ривожланади, жамият бар­қарор тараққий этади».

 

Фазлиддин ҲИКМАТОВ,

Ўзбекистон Миллий ­университети профессори,

география фанлари доктори.



DB query error.
Please try later.