14.04.2016

ПАРЛАМЕНТ НАЗОРАТИ –

ҳокимиятлар бўлиниши конституциявий принципини амалга оширишнинг муҳим механизми

2014 йил 16 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси ­Конс­титуциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)»ги Қонун, хусусан, унда конституциявий даражада парламент назорати институти мустаҳкамлангани Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг давлат ҳокимияти органлари тизимидаги роли, ички ва ташқи сиёсатнинг стратегик вазифаларини амалга оширишдаги ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтиришга хизмат қилди.

Маълумки, мамлакатда қонунийлик, ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, ижро интизомига риоя қилишда назоратнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс.

Парламент назоратининг бошқа назорат турларидан асосий фарқи, авваламбор, олий давлат вакиллик органи, қонун чиқарувчи ҳокимият томонидан, давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи бўлган халқ томонидан сайлаб қўйилган вакиллар томонидан амалга оширилиши, иккинчидан, ҳокимиятлар ўртасидаги «бир-бирини тийиб туриш ва мувозанат сақлаш» тизими воситаси бўлиб хизмат қилиши; учинчидан, асосий объекти давлат органлари ­фаолияти эканлиги; тўртинчидан, ижтимоий-сиёсий аҳамият касб этиши; бешинчидан, ўзининг демократиклиги, очиқ ва ошкоралиги, партиялар ва электорат манфаатларини уйғунлаштирганлиги, жамоатчилик фикри ва кучига таяниши билан ажралиб туради.

Шу маънода 2016 йил 12 апрелда матбуотда эълон қилинган «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам айнан мазкур соҳада узоқни кўзлаб амалга оширилаётган изчил, босқичма-босқич, тадрижий ислоҳотларнинг навбатдаги муҳим мантиқий натижасидир.

Қонун 28 моддадан иборат бўлиб, унда мазкур назоратни амалга оширишда жуда ҳам муҳим бўлган парламент назорати субъектлари, объекти, амалга ошириш шакллари, субъектларнинг мажбуриятлари, парламент назорати натижалари каби масалалар ўрин олган.

Қонун пухта бўлиши учун уни ишлаб чиқишда миллий қонунчилик, парламентимиз фаолиятида шаклланган ижобий тажрибалар ҳамда ривожланган демократик давлатларнинг бу соҳадаги энг илғор тажрибалари ўрганилди ҳамда уларнинг энг самарали нормалари ҳисобга олинди.

Қонуннинг асосий мақсади Конституция ва қонунлар талабларининг ижро этилиши устидан парламент назоратини амалга оширишнинг ягона тизимга солинган қонунчилик базасини яратишдан, давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органларининг зиммасига юклатилган вазифалар ҳамда функцияларнинг, шу­нинг­дек, муҳим давлат дастурларининг рўёбга чиқарилиши юзасидан ушбу давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини ҳамда жавобгарлигини оширишдан иборат.

Қонуннинг 3-моддасида мазкур назорат субъектлари аниқ белгилаб қўйилди, унга кўра Олий Мажлис палаталари, палаталар қўмиталари комиссиялари, сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар гуруҳлари, депутатлар ва сенаторлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) парламент назоратини амалга оширади.

Қонуннинг энг муҳим ­ютуқларидан бири бу партиялар фракцияларининг давлат ­ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш, қабул қилинаётган қонунлар, муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий давлат дастурларининг ижросини сўзсиз таъминлаш борасидаги фаолиятини сифат жиҳатидан янги асосда қурилишига хизмат қилувчи бир қатор нормаларни назарда тутганидир. Хусусан, Қонунда сиёсий партия фракцияларининг Давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижросини боришини кўриб чиқишда, Ҳисоб палатасининг ҳисоботини дастлабки тарзда муҳокама қилишдаги ҳуқуқлари белгилангани, Ҳукумат аъзоларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиш, парламент сўровини юбориш тўғрисида таклиф киритиш ҳуқуқлари берилганлиги шулар жумласидандир.

Маълумки, ҳар қандай назорат унинг объекти аниқ белгилаб олингандагина мақсадли ва самарали бўлади ҳамда бошқа субъектларнинг ўз ваколатлари доирасида амалга ошираётган фаолиятларига аралашмасликни кафолатлашга хизмат қилади. Шу мақсадда Қонуннинг 4-моддасида парламент назоратининг объекти аниқ белгилаб қўйилди. Унга кўра «Давлат ҳокимия­ти ва бошқаруви органларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ва улар органларининг қарорларини, давлат дастурларини ижро этиш, шунингдек, ўз зиммаларига юклатилган вазифалар ҳамда функ­цияларни амалга ошириш бўйича фаолияти парламент назорати объектидир».

Бу ўринда алоҳида эътибор қаратиш лозим бўладиган жиҳат бу — парламент назорати фақат давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари устидан амалга оширилишидир.

Агар жаҳон парламентаризми тажрибасини таҳлил қиладиган бўлсак, унда парламент давлат ва жамият ҳаётининг энг муҳим соҳаларини бюджетни тасдиқлаш ва унинг ижросини назорат қилиш, дебатлар, парламент палаталарида ҳукумат ёки вазирларнинг ўз фаолиятлари ҳақида маъруза ёки ҳисобот беришлари, парламент эшитувлари, парламент текширувлари, қонун татбиқ этилишини ўрганиш, оғзаки ва ёзма саволлар бериш, омбудс­ман орқали инсон ҳуқуқларига риоя қилинишини текшириш йўллари воситасида ўз назоратида тутишини кузатишимиз мумкин. Шу маънода Қонуннинг 5-моддасида белгиланган давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижроси боришини кўриб чиқиш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг айрим долзарб масалалари юзасидан Бош вазирнинг ҳисоботини, ҳукумат аъзоларининг ахборотини, Ҳисоб палатаси, Бош прокурор, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Марказий банк ҳисоботларини эшитиш, парламент сўрови, депутат ва сенатор сўрови, Олий Мажлис палаталари қўмиталари томонидан қонун ҳужжатлари ижро этилаётганлигини ўрганиш каби парламент назорати шакллари жаҳон андозаларига тўла мос келади.

Қабул қилинган қонунларни ижро этиш мақсадида қонунос­ти ҳужжатлари қабул қилинишини мониторинг қилишнинг долзарблиги ҳақида Президентимиз 2015 йил 23 январда Олий ­Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида таъкидлаб ўтган эдилар. Шу маънода Қонунга бу назорат шаклининг алоҳида киритилиши Мамлакатимиз раҳбари томонидан қўйилган муаммонинг ечимига хизмат қилади.

Қонунда кўрсатиб ўтилган назорат шаклларининг барчаси парламентга жуда катта имкониятлар беради. Биргина «Давлат бюджети ижро этилишини кўриб чиқиш» шаклининг ўзиёқ парламентга бюджет орқали ҳаётимизнинг барча қирраларини кўриш, давлат маблағларини самарали, мақсадли сарфланиши устидан баҳо бериш имкониятини беради.

Шунинг учун ҳам Қонуннинг 7-моддасида Давлат бюджети ижросининг бориши тўғрисидаги масалани дастлабки тарз­да муҳокама қилиш давомида фракциялар, депутатлар гуруҳлари ва Қонунчилик палатасининг қўмиталари Давлат бюджетининг даромад қисми ижроси хусусида, ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилиш ҳолати тўғрисида тегишли органлардан қўшимча ахборотни, шунингдек уларнинг мақсадли сарфланиши ва улардан самарали фойдаланилиши ҳақидаги маълумотларни талаб қилиб олиши мумкинлиги, бунда фракциялар, депутатлар гуруҳлари жойларда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши ва улардан самарали фойдаланилиши масалаларини Қонун­чилик палатасининг тегишли қўмиталари томонидан ­ўрганиш ташаббуси билан чиқиши мумкинлиги алоҳида қайд этилди.

Маълумки, ҳар қандай назорат ўзининг самараси, натижадорлиги билан мантиқий якунига етади. Шунинг учун ҳам якуний чоралар аниқ, равшан белгилаб қўйилиши парламент назорати мақсадига етишганлигини баҳолашда, таҳлил қилишда жуда ҳам муҳим жиҳат ҳисобланади. Шу маънода Қонуннинг 21-моддасида парламент назорати субъектлари ўз ваколатлари доирасида парламент назорати натижалари бўйича амалга ошириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлар белгилаб қў­йилди. Уларнинг ичида энг муҳимларидан бири сифатида назорат якуни бўйича янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ёки амалдаги қонунларни қайта кўриб чиқиш ташаббуси билан чиқиш; давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан киритилган маърузаларни, ҳисоботларни, ахборот ҳамда бошқа материалларни улар юзасидан мулоҳазалар ва таклифларни кўрсатган ҳолда ушбу органларга маромига етказиш учун белгиланган тартибда қайтариб юбориш; парламент назорати натижаларини эълон қилиш мумкинлиги кабиларни алоҳида қайд этиш лозим. Чунки экспертларнинг фикрича, парламент назорати бош­қа давлат назорати турларидан фарқли равишда асосий ­мақсади, кимнидир жазолаш эмас, балки қонунчиликни такомиллаштириш йўли билан муаммоларга чора кўриш ҳисобланади. Парламент назорати натижаларини эълон қилиш чораси ҳам ривожланган демократик давлатлар тажрибасида қўлланиладиган сиё­сий-ҳуқуқий таъсир воситаси ҳисобланиб, тегишли мансабдор шахслар фаолияти жа­моатчилик орасида кенг муҳокамаларга, танбеҳларга сабаб бўлади.

Қонуннинг 22-моддасида парламент назорати натижалари бўйича қабул қилинган қарорлар бажарилишини таъминлаш мақсадида тегишли ташкилий-ҳуқуқий механизмлар назарда тутилган. Уларнинг ичида энг муҳимлари сифатида парламент назорати натижалари бўйича ишлаб чиқилган таклифлар ва тавсияларни амалга оширишга қаратилган зарур тадбирларни ишлаб чиқиш ва (ёки) қарорлар қабул қилиш; қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўйган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига нисбатан жавобгарлик чораларини кўришни келтириб ўтиш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши ҳокимият бўлиниши конс­титуциявий принципини рўёбга чиқаришни давом эттиришда, улар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва мувозанат тизимини яратишда, Олий Мажлиснинг давлат ҳокимияти органлари тизимидаги ролини кучайтиришда, қонун устуворлигини, қонунийликни, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда қонунлари ижросини таъминлашда, давлат ҳокимия­ти ва бошқаруви органлари зиммасига юклатилган вазифаларни ижро этиш учун уларнинг жавобгарлигини оширишда муҳим омил бўлади.

 

Миравзал МИРАКУЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти бўлим бошлиғи,

юридик фанлар номзоди, доцент.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: