14.04.2016

ШАҲАРДАН ҚОЛИШМАЙДИГАН ҚИШЛОҚЛАР

Сурхондарё вилоятида жорий йилда намунавий лойиҳа асосида 1 минг 48 янги уй-жой қурилиши режалаштирилган.

Президентимизнинг 2009 йил 3 август­даги «Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида қад ростлаётган замонавий массивлар қишлоқларимиз қиёфасини ўзгартириш билан бирга, юртдошларимизнинг турмуш маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

«Қишлоққурилишинвест» инжиниринг компанияси Сурхондарё вилоя­ти филиалидан олинган маълумотларга кўра, 2009-2015 йилларда вилоятда намунавий лойиҳа асосида 4 минг 700 дан ортиқ уй-жой фойдаланишга топширилган. Замонавий массивларда ижтимоий инфратузилма объектлари барпо этиш, тоза ичимлик суви, табиий газ ва электр энергияси билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган даврда 100 дан ортиқ ижтимоий бозор инфратузилмаси объекти, юзлаб савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

2015 йилда вилоятда қурилган 14 массивда юздан зиёд қурилиш ташкилоти иштирок этган бўлса, бу йил 130 ташкилот жалб этилган.

— Ўтган йили замонавий массивлар қурилишида уч мингдан ортиқ қурувчи меҳнат қилган эди. Бу йил тўрт мингга яқин ишчи ишламоқда, — дейди «Қишлоққурилишинвест» инжиниринг компанияси Сурхондарё вилояти филиали директори ўринбосари Қудрат Қурбонниёзов. — Қурилиш маданияти ва сифати йилдан-­йилга такомиллашиб, янги уйларга буюртма бераётганлар сафи кенгайиб бораётгани қувонарлидир.

Термиз туманидаги Наврўз, ­Гулистон, Мангузар ва Лимонзор массивларида 312 замонавий уй-жой барпо этилмоқда. Наврўз массивида қад ростлаётган намунавий ло­йиҳалар асосидаги 214 янги уй қурилишида ўттизга яқин қурилиш ташкилоти ишчилари меҳнат қилмоқда. Бу ерда «Таллашқон инвест» масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан 1 миллиард 278 миллион сўмликдан ортиқ бунёдкорлик ишлари амалга оширилади.

Гулистон массивида намунавий лойиҳа асосида 44 уй бунёд этилмоқда. Бу ерда қурилаётган тўрт хонали замонавий уйлардан бири термизлик Ўктам Худойқулов буюртмаси асосида қад рост­лаётир.

Шеробод, Қумқўрғон, Узун, Шўрчи туманларида ҳам замонавий массивлар қурилиши давом этмоқда. Обод ва осойишта юртимиз қиёфасини ўзгартиришга, юртдошларимизнинг турмуш маданиятини янада юксалтиришга хизмат қилаётган ушбу замонавий уйларни ­Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрами арафасида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

 

Х.МАМАТРАЙИМОВ,

ЎзА мухбири. 



DB query error.
Please try later.