Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши томонидан Амир Темур таваллудининг 680 йиллиги муносабати билан Чилонзор туманидаги 2-Тошкент юридик коллежида ана шу мавзуда маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Унда коллеж ўқувчилари томонидан тайёрланган театрлаштирилган мусиқий композиция намойиш қилинди.
— Буюк саркарда, илм-фан ва маданият ҳомийси — Амир Темур таваллуд топган кун пойтахтимизнинг барча таълим муассасаларида кўтаринки руҳда ўтказилмоқда, — дейди Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари Нилуфар Йўлдошева. — Мазкур тадбирларда таниқли фан ва маданият намояндалари, партия фаоллари, депутатлар ўқувчиларга Соҳибқирон бобомизнинг ҳаёти, илм-фан, маданиятга қўшган ҳиссаси ҳақида тушунча беришмоқда.
— Ушбу тадбирга бағишлаб ўқувчиларимиз томонидан деворий газеталар, буклетлар чиқарилди, — дейди коллеж ўқитувчиси Азиза Рашидова. — Амир Темур ҳаётига бағишланган фильм намойиш этилди.
— Мен бугунги тадбирда Амир Темур ролини ижро этдим, — дейди коллеж ўқувчиси Наби Раҳматуллаев. — Бунинг ўзига яраша масъулияти, ҳаяжони бор экан, албатта.
— Жаҳонга машҳур саркарда ва қудратли ҳукмдор Амир Темур маънавиятини ёшларимиз онгига чуқур сингдиришимиз керак, — дейди Ўзбек Миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминов. — Соҳибқиронда бунёдкорлик, бағрикенглик, илм-маърифатга ҳомийлик фазилатлари устувор бўлган. У кўпқиррали шахс сифатида жамиятнинг ҳар томонлама ривожланишига катта эътибор берган, улкан иншоотларни барпо қилдирган, халқ фаровонлигини таъминлаган. Буюк бобомиз ҳаёти ҳозирги кунда ҳам катта тарбиявий аҳамиятга эга.
Ўз мухбиримиз.