12.04.2016

МАҲАЛЛА — ВАТАН ИЧРА МЎЪЖАЗ ВАТАН

Ҳаммамиз маҳаллада яшаймиз. Яхши кунларимиз, турмуш ташвишларимиз эл билан бирга. Меҳр-оқибат, аҳиллик, тинчлик, ватанпарварлик каби эзгу тушунчалар онгу шууримизга маҳаллада сингган. Ватан — маҳалладан  бошланади, дея бежиз айтилмаган.  

Президентимиз Ислом ­Каримов раҳнамолигида маҳалла фаолиятини қўллаб-қувватлаш билан бирга унинг вазифалари кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу институтнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги ўрни ва таъсири кенгаймоқда.

Бош қомусимизда маҳалланинг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланиб, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ­фаолиятини тартибга солишга оид қонунлар қабул қилинган. Фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органларига бугунги кунда ўттиздан ортиқ вазифа юклатилган.

Қонунчиликка мувофиқ, фуқаролар ўз маҳаллаларида ўзини ўзи бошқаришга доир конституциявий ҳуқуқини фуқаролар йиғинлари (фуқаролар вакилларининг йиғилишлари) орқали амалга оширади. Уларнинг бу борадаги  ҳуқуқларини чеклаш тақиқланади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг аралашувига йўл қўйилмайди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг асосий тамойиллари қонунийлик, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний ­манфаатларининг устуворлигидан келиб чиқади. Бу жараёнда урф-одат ва анъаналар ҳисобга олиниши билан бир қаторда ижтимоий адолат, ошкоралик, маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этишда мустақиллик, жамоатчилик асосида ўзаро ёрдам, ижтимоий шериклик каби тартибларга амал қилинади.

Мамлакатимизда ўн мингга яқин фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ана шундай тамойиллар асосида фаолият юритмоқда. Ушбу тузилма аҳоли турли қатламлари манфаатларини ифода этиш баробарида, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этаётир.

Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 22 апрелдаги «Фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органлари тўғрисида»ги қонунига мувофиқ мазкур органларнинг ваколатлари янада кенгайтирилди. Эндиликда бу тизим аниқ йўналтирилган асосда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳудудда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, айниқса, оилавий тадбиркорлик, касаначилик ва ҳунармандликни ривожлантиришга кўмаклашиш, давлат бош­қаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик ­назорати олиб бориш каби вазифаларни адо этмоқда.

Аҳолининг турмуш фаровонлиги, ҳаёт сифатини ошириш мақсадида  ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, ҳудудни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва санитария жиҳатдан тоза сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қи­лиш, гузарлар барпо этиш ишлари ҳам маҳалла зиммасида.  Маҳалла ҳудудида қонун ҳужжатларининг ижро этилиши, коммунал хизматлар кўрсатиш сифати, иморатлар қуриш ҳамда ҳовлилар ва уйлар атрофидаги ҳудудларни сақлаш қоидаларига риоя этилиши, ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза этиш устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади. Тўйлар ва бош­қа маросимларни ўтказиш юзасидан тавсиялар беради ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, банклар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатади.

Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ва вояга етмаган болалари бўлган муҳтож оилаларга, икки ёшга тўлмаган болалари бор ишламайдиган оналарга, шунингдек, бюджет ташкилотларида ишлайдиган оналарга ҳамда уларнинг ўрнини босувчи шахсларга нафақалар тайинлаш тўғрисидаги масалаларни ҳал этади. Оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадларига марказлаштирилган тарзда ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлайди.

Бу ваколатлар аҳолининг барча қатламини қамраб олишга, маҳаллада яшовчи ҳар бир инсонга манзилли ижтимоий ҳимоя кўрсатилишига замин яратмоқда. Бу миллий қонунчилигимиз, давлатчилигимизга хос тизим бўлиб, бунда ҳеч бир инсон меҳр ва эътибордан четда қолмайди.

«Ўзбек модели»нинг тамо­йилларидан бири бўлган кучли ижтимоий сиёсат самаралари, уни амалга оширишда маҳалла институтининг ўрни ва мақоми халқаро экспертлар томонидан ҳам кўп бор эътироф этилган.

— Ўзбекистонда фуқароларнинг эркин ва фаровон ҳаёт кечириши учун барча имко­ниятлар яратилган, — дейди Бельгия Сенати фахрий аъзоси Доминик Тилманс. — Бу жараёнда эътиборга молик жиҳати, халқаро стандартларни миллий анъаналарга уйғунлаштирилган ҳолда тараққиётнинг «ўзбек модели» яратилганидир. Ўзбекистонга ҳар гал келганимда ушбу миллий модель бераётган юксак самараларга гувоҳ бўламан. Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жа­мияти сари тамойили ўз натижаларини бераётир. Жамоатчилик назорати институти чуқурлашаётгани, хусусан, жа­миятда маҳалланинг таъсири ­кучайгани фуқароларнинг ­манфаатларини таъминлашда муҳим роль ўйнамоқда.

Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фондидан олинган маълумотларга эътибор берайлик: 2015 йилда маҳаллалар томонидан кам таъминланган оилаларга 3,5 миллиард сўмга яқин моддий ёрдам кўрсатилган. Фуқароларнинг соғлиғини тиклаш, уруш ва меҳнат фронти фахрийларининг уй-жойини таъмирлаш бўйича ҳам салмоқли маблағ ажратилган.  398 нафар ногирон ва чин етимларнинг 525,8 миллион сўм ўқув-контракт пули тўлаб берилган. Бу имкониятдан фойдаланганлардан бири Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳридаги 34-Меҳрибонлик уйида тарбияланган Сардора Саидаҳмедовадир. У Тошкент давлат юридик университетида таҳсил олмоқда. Аъло ўқиши, интилувчанлиги билан бошқаларга ўрнак бўлаётган Сардора келгусида Ватанимиз шуҳратини дунёга янада кенгроқ ёйишни мақсад қилган.

Байрамларда кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтожларга совға-салом берилаётир. Кам таъминланган оила фарзандларининг соғломлаштириш оромгоҳларида бепул дам олиши ташкил этилмоқда. 

Меҳрибонлик, «Саховат» ва «Мурувват» уйларидаги фуқаролар ва тарбияланувчилар, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз кексалар, меҳнат фахрийлари ва ногиронлар кийим-кечак билан таъминланмоқда.

Бу рақамлар замирида меҳр-эътибордан обод қанчадан-қанча кўнгиллар, мушкули осон бўлиб, эртанги кунга ишончи ортган инсонлар бор. Шу боисдан ҳам маҳаллаларимизда соғлом маънавий муҳит қарор топган, ҳар бир хонадон, ҳар бир инсон ўз уйини, маҳалласини, юртимизни обод қилишга ҳисса қўшмоқда. Барча маҳаллаларда, бунинг самарасида бутун мамлакатимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда.

Жорий йилнинг май-июнь ойларида фуқаролар йиғинлари раислари ва улар маслаҳатчиларининг навбатдаги сайлови бўлиб ўтади. Маҳалла аҳли сайлов жараёнида фаоллик кўрсатиб, номзод кўрсатишда муносибларни танлаши муҳим аҳамиятга эга. Уларнинг фаолият дастури билан яқиндан танишиш, маҳаллани ривожлантирадиган режага эга номзодга овоз бериш мақсадга мувофиқ. Зеро, маҳаллаларда амалга ошириладиган хайр­ли ишлар кўп жиҳатдан фуқаролар йиғинлари раисларига боғлиқ. 

Маҳалла — муқаддас маскан. Унинг қувончи ҳам, ташвиши ҳам ўзимизники. Маҳалламиз тинч ва обод бўлса, ҳаётимизга файзу барака инади. Жамиятимиздаги меҳр-оқибат, аҳиллик ва бағрикенглик мустаҳкамланади. Мамлакатимиз янада фаровон бўлади.

 

Норгул АБДУРАИМОВА,

ЎзА шарҳловчиси.



DB query error.
Please try later.