09.04.2016

БЎЗ ТУМАН КЕНГАШИ СЕССИЯСИДА

хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ва янги иш ўринлари ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди

Маълумки, қишлоқ жойларда сервис ва хизмат кўрсатиш соҳасининг ривожланиши янги иш ўринлари ташкил этилиши, ҳудудлар инфратузилмаси яхшиланишида муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси гуруҳлари бу масалага алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Яқинда халқ депутатлари Бўз туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишларни ўрганди. Натижалар ва таҳлиллар умумлаштирилиб, халқ депутатлари туман Кенгаши сессия­сида кўриб чиқилди.

Депутатларимиз маълум қи­лишича, жорий йилнинг биринчи чорагида туманда 30 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилиши мўлжалланган. Туман ҳокимининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури билан боғлиқ қарорида бу ҳақда тегишли вазифалар белгиланган, янги иш ўринлари ташкил этилиши кўзда тутилган. ЎзХДП гуруҳи дастурда белгиланган лойиҳалар бажарилиши, иш жойларининг ўз вақтида ташкил этилиши юзасидан депутатлик назоратини ўрнатган. Сессияда унинг натижалари атрофлича муҳокама қилинган.

Сессияда таъкидланганидек, қишлоқ жойларда оилавий тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида иш бошлаш ния­тида юрган юртдошларимиз кўпчиликни ташкил қилади. Фақат уларни қўллаб-қувватлаш, керак пайтда йўл-йўриқ кўрсатиш зарур. Жорий йилда ҳам туманда бир гуруҳ ишбилармон кишилар ўз бизнесини бошлашга муваффақ бўлган.

Масалан, Зафарбек Каримов аҳолига компьютер хизматлари кўрсатишга мўлжалланган қиймати 200 миллион сўм бўлган ло­йиҳани амалга оширди. ­Зарифжон Султонов ҳамда ­Зуҳриддин ­Шамсиддинов ҳамкорлигида суратхона ташкил этилган.

Ишлаб чиқариш, маиший хизмат кўрсатиш, савдо шохобчалари очмоқчи бўлган 6 нафар фуқарога туман ҳокимлигининг тегишли қарори билан ер ажратилган.

— Бу кўрсаткичлар қувонарли, албатта, — дейди ЎзХДП Бўз туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Матлуба Тўйчиева. — Аммо ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар оз эмас. Масалан, туманимиздаги айрим хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолиятида қўнимсизлик кузатилмоқда. Ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш субъектлари фаолияти тўхтаб қолиши иш ўринлари барқарорлигига салбий таъсир қилади. Демак, мутасадди раҳбарларнинг масъулиятини кучайтириш, талабчанликни ошириш, тадбиркорлар эркин ишлашига шароит яратиб бериш тақозо этилади.

Шуларни ҳисобга олиб, халқ депутатлари Бўз туман Кенгашидаги Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссия аъзолари билан ҳамкорликда депутатлик назорати ўрнатилди. Ҳудуддаги кичик бизнес субъ­ект­ларининг эркин фаолият кўрсатиши ҳамда ўз ишини ривожлантириши учун қўшимча имко­ният­лар яратиш ҳақидаги қарор ижроси назоратга олинди.

ЎзХДП гуруҳи аъзоларининг фикрича, бандлик масаласини бир марта ўрганиш ёки таҳлил этиш билан ҳал қилиб бўлмайди. Бунинг учун доимий ҳаракат ва ташаббускорлик талаб қилинади. Ҳар бир депутат ўз сайлов округи ҳудудида қонун ҳужжатлари ижросини назорат қилиши, юзага келаётган муаммоларни бартараф этишга ўз ҳиссасини қў­шиши зарур.

Сессияда туманда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш билан боғлиқ масалалар, эришилаётган ютуқлар, шу билан бирга, йўл қўйилаётган камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди. Мутасадди шахсларнинг тегишли ахборотлари тингланиб, депутатлар томонидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Шундан сўнг сессия қарор қабул қилди.

Унга кўра, тумандаги «Ягона дарча» марказига хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида иш бошламоқчи бўлган фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиш, мутасаддиларга эса ер ажратиш ҳақидаги мурожаатларни чуқур ўрганиш вазифаси юклатилди. Шунингдек, бандликка кўмаклашиш марказига соҳада ташкил этилаётган иш ўринлари мониторингини юритиш, ишчи-ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чора-тадбирларини кучайтириш тавсия этилди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.