09.04.2016

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ ФРАКЦИЯСИ

фаолиятини кучайтириш масалалари кўриб чиқилди

Давлат бошқарувини янада демократлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида парламентнинг таъсир кучини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис сўнгги йилларда мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янги ва янада юқори бос­қичга кўтариш, парламент фаолиятини замонавий талабларни инобатга олган ҳолда тубдан яхшилаш, қонун ижодкорлиги ва қонунчилик фаолияти сифатини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бош Қомусимизга киритилган қатор ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, мамлакатимизда парламент назорати ­институтига конституциявий мақом берилди.

Президентимиз 2015 йил 23 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида парламент олдида турган энг муҳим вазифаларга тўхталиб ўтган эди. Хусусан, янги конс­титуциявий шароитда парламент эшитувлари, ҳукумат аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳисоботларини тизимли равишда эшитиб бориш, депутатларнинг сўровларига атрофлича жавоб қайтарилишига эришиш парламентнинг кундалик иши бўлиши зарурлиги уқтирилган эди.

Шу асосда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партия­лар фракцияларининг фаолияти ривожланишига, улар ўртасида рақобат кучайишига ҳуқуқий шароит яратилди, юртимизда парламент демократиясини қарор топтириш бўйича янги саҳифа очилди. Парламент фаолиятини янада такомиллаштиришга оид қатор қонун ҳужжатлари қабул қилиниши натижасида меъёрий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишнинг барча бос­қичларида сиёсий партиялар фракцияларининг роли тубдан кучайди. Фракцияларнинг қонун ижодкорлигига ёндашуви ўзгарди.

Ана шундай шароитда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси ўз фаолиятини ҳар томонлама кучайтиришга эътибор қаратмоқда. Қонун ижодкорлиги жараёнида самарали иштирок этиш, электорат манфаатлари ҳимоясига хизмат қиладиган таклифлар бериш, партия дастурий мақсадлари билан боғлиқ масалалар бўйича изчил парламент ­назоратини олиб бориш фракция ­фаолиятида устуворлик касб этмоқда.

Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида фракциянинг жорий йил биринчи чоракдаги фаолияти якунлари ҳақидаги ­масала кўриб чиқилди.

Фракция аъзоси Рустам ­Комиловнинг қайд этишича, ҳисобот даврида фракция фаолиятини кучайтириш бўйича янги тажрибалар амалиётга татбиқ этилди. ­Хусусан, парламентда кўриб чиқилаётган қонунлар лойиҳалари жойларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз гуруҳлари, фаоллар ва электорат вакиллари, тегишли соҳа вакиллари, мутахассислар иштирокида кенг муҳокамалардан ўтказилди. Шу тариқа таклифлар олиш тизими самарадорлиги янада ошди. Мисол учун, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси юзасидан фракция позициясини шакллантиришда бу амалиёт ўз натижасини кўрсатди.

Иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида ушбу қонун лойиҳасидаги ўзгартишлар, юридик техник тузатишлар атрофлича муҳокама қилинди. Унда фракциянинг муҳолифат сифатидаги позициясини шакллантириш бўйича таклифлар билдирилди. Демократик кучлар блоки томонидан таклиф этилаётган қоидалар чуқур муҳокама қилинди. Шунингдек, меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича қатор фикр-мулоҳазалар тақдим этилди. Бир сўз билан айтганда, қонун ло­йиҳаси бўйича фракциямиз ўзининг қатъий позициясида турди.

Бундан ташқари, «Парламент назорати тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида ҳам ЎзХДП фракцияси фаол иштирок этди. Партия дастурий мақсадларига мувофиқ тарзда ўз нуқтаи назарини баён қилди.

Ўзбекистон ХДП фракцияси мажлисларига партия экспертлари, олим ва мутахассисларни кенг жалб этиш амалиёти изчил йўлга қўйилди. Бу қонун лойиҳаларини партиямиз дастурий мақсадлари, электорат манфаатларидан келиб чиқиб ҳар томонлама чуқур таҳлил этиш, хилма-хил фикр ва таклифлар олиш имконини беряпти.

Фракция аъзоси Комила ­Каромованинг фикрича, ўтган давр мобайнида фракция аъзоларининг сайлов округларидаги фаолиятини самарали ташкил этиш ­масаласига ҳам алоҳида эътибор берилди. Жорий йилнинг 22-31 март кунлари Қонунчилик палатаси депутатлари сайлов округларида иш юритди. ЎзХДП фракцияси аъзолари ҳам сайловчилар билан кўплаб учрашувлар ўтказиб қайтди. Учрашувларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонунлар мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Шу билан бирга, 2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси жойларга чиқиб ўрганилди.

Ҳисобот даврида Қонунчилик палатасининг Регламентига мувофиқ, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2015 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳамда Ҳисоб палатасининг ўтган йилги фаолияти ҳақидаги ҳисоботлари эшитилди.

Фракция аъзолари қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланиб, бир қатор қонун лойиҳалари ишлаб чиқилишида фаол иштирок этди. Жумладан, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Регламентига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунчилик палатасининг қарори лойиҳаси, «Нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Парламент назорати тўғрисида»ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда қатнашишди.

Йиғилишда фракция фаолияти таъсирчанлигини ошириш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Парламентнинг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолиятида фракция иштирокини янада кенгайтириш ҳамда самарадорликни ошириш юзасидан бир қатор таклифлар ўртага ташланди.

Таъкидландики, фракциянинг назорат-таҳлил фаолиятини амалга оширишда партия ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари билан ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш лозим.

Шунингдек, қонун ижодкорлиги фаолиятида мухолифат фракцияларнинг муқобил қонун лойиҳалари таҳририни киритиш ваколатидан амалда самарали фойдаланиш, партиянинг дастурий вазифалари ва электорат манфаатларидан келиб чиқиб, ечимини кутаётган долзарб масалаларга масъул қўмиталар эътиборини кучайтириш йўналишлари ҳам депутатлар диққат марказида бўлди.

Фракция аъзоларининг ташаббускорлигини кучайтириш, депутатларнинг сайлов округларидаги ­фаолиятини такомиллаштириш давр талаби экани таъкидланди.

Билдирилган таклиф ва мулоҳазалар умумлаштирилиб, тегишли вазифалар белгиланди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.