09.04.2016

МУСИҚА ВА САНЪАТ

фарзандларимиз камолотида беқиёс ўрин тутади

Президентимиз ­Ислом Каримов раислигида ўтказилган ­Ўз­бекис­тон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ­Ҳо­мийлик кенгашининг йиғилишида фарзандларимизни соғ­лом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказишда жисмоний тарбия ва спорт билан бир қаторда санъат тарбияси, мусиқий тарбия ҳам беқиёс аҳа­миятга эга эканлиги алоҳида таъкидланди.

Мамлакатимизда Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг ­фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисидаги қарор доирасида ўтган йиллар мобайнида эътиборга молик ишлар амалга оширилди.

278 болалар мусиқа ва санъат мактабларининг 136 таси янгидан қурилиб, 142 таси капитал реконструкция қилинди. Ушбу мақсадларга 487 миллиард 400 миллион сўм, уларни жиҳозлаш учун 137 миллиард сўм сарфланди.

30 мингдан ортиқ янги мусиқа асбоблари, 53 номдаги 61 минг ўқув қўлланма ва 40 минг­га яқин ноталар тўплами, жаҳон ва миллий композиторларнинг асарлари акс эттирилган мингдан ошиқ электрон тўплам, 500 дан ортиқ кўргазмали материаллар билан таъминланди. ­Яратилган замонавий шарт-шароитлар натижасида болалар мусиқа ва санъат мактабларида ўқувчилар қамрови 1,5 баробарга ортди.

2008 йилда болалар мусиқа ва санъат мактабларида таълим олган ўқувчилар сони республика бўйича 38 минг нафарни ташкил этган бўлса, 2015 йилга келиб 59 минг нафарга етди. Бугунги кунда болалар мусиқа ва санъат мактабларида 13 йўналишда, 53 ихтисослик бўйича ўқувчиларга мусиқа ва санъат сирлари ўргатилмоқда.

Мусиқа ва санъат таълимининг назарий асосларини мустаҳкамлашга ҳам катта эътибор берилмоқда. Мавжуд 72 номдаги ўқув дастурлари соҳанинг малакали мутахассислари томонидан хорижий тажриба, илғор ўқув-услубий ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида такомиллаштирилди.

Мамлакатимизда мунтазам ўтказилаётган «Санъат ғунчалари», «Наврўз садолари», «Камалак юлдузлари» сингари ижодий фестиваль ва кўрик-танловлар истеъдодли ўқувчилар сафининг ортишига имкон яратмоқда. Республика болалар ижодиёти фестивалининг мактаб босқичларида иштирок этаётган болалар сони йилдан-йилга кўпа­йиб, истеъдодли ёшларимиз Европа ва Осиёнинг қатор мамлакатларида ўтказиб келинаётган турли нуфузли халқ­аро танловларда ғолибликни қўлга киритаётир.

Агар 1991 йилда атиги 3 нафар ўқувчимиз халқаро танловларда иштирок этган бўлса, 2008 йилда уларнинг сони 31 нафарга етди. 2015 йилда эса 137 нафар истеъдодли ёшларимиз Франция, Италия, Чехия, Германия, Буюк Британия, ­Руминия, Россия, Озарбайжон, Қозо­ғис­тон, Латвия ва бошқа давлатларда ўтказилган турли нуфузли халқ­аро танловларда муваффақиятли иштирок этиб, уларнинг 76 нафари Гран-при ва биринчи ўринга сазовор бўлди.

2014 йилдан бошлаб «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси томонидан Қорақал­поғис­тон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги барча болалар мусиқа ва санъат мактабларининг ҳар бирига санъаткорлар бириктирилиб, улар томонидан ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари ташкил этилиши ҳам болаларимизнинг санъат оламига кириб боришида муҳим омил бўлмоқда.

Президентимизнинг 2015 йил 20 ноябрда қабул қилинган «Болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 2016-2020 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида»ги Қарори бу йўналишдаги ишларни янада юқори бос­қичга кўтаришига ишонамиз.

Ушбу Дастурга мувофиқ, 2016-2020 йиллар мобайнида яна 14700 ўринли, 98 болалар мусиқа ва санъат мактаби барпо этилади, уларнинг 40 таси янгидан қурилиб, 58 таси капитал реконструкция қилинади ҳамда замонавий ўқув ­жи­ҳозлари, мусиқа асбоблари, ­компьютер ва бошқа техникалар билан таъминланади.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори билан тўлов тизими ҳам такомиллаштирилиб, ота-оналарга катта қулайлик яратилди. Эндиликда Тошкент шаҳрида мусиқа йўналишида бир нафар ўқувчи учун тўлов энг кам иш ҳақининг 75 фоизи (санъат йўналишида 50 фоиз), вилоят марказларида 50 фоиз (санъат йўналишида 30 фоиз), Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа аҳоли пунктларида 30 фоиз ­(санъат йўналишида 20 фоиз) қилиб белгиланди.

Агар бир оиладан 2 ёки ундан ортиқ бола шу соҳа бўйича таълим олса, уларнинг ҳар бирига белгиланган бадал тўловининг 70 фоизи миқдорида ҳақ тўланади. ­Халқаро ва Республика танлови ғолиблари бир йил муддатга тўловдан озод этилади. Бу эса ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кўп болали оилалар фарзандларининг таълим олиши учун кенг имконият яратади.

 

Қосимжон АТАМИРЗАЕВ,

Халқ таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи.

Аҳмад БАҲРИЕВ,

 Ўзбекистон давлат консерваторияси доценти.



DB query error.
Please try later.