Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 1 2 3 4 5
09.04.2016

АМИР ТЕМУР — БУЮК БУНЁДКОР

АҚШнинг oxuscom.com сайтида Марк Диккенснинг мақоласи эълон қилинди.

«Ўзбекистон азал-азалдан дунёни забт этган соҳибқиронлар ватани бўлган. Уларнинг энг буюги XIV асрда бутун Европа ва Осиёда ўз қудратини намоён қилган Амир Темурдир.

У болалик пайтиданоқ буюк мақсадлар билан яшайди. Ватани озод бўлишини орзу қилади. Амир ­Темурнинг бу улкан нияти ушалди. Деҳлидан то Она­дўлигача бўлган ҳудудда темурийлар салтанатига асос солинди.

Ўшанда минтақада мўғуллар ҳукм­ронлиги давом этаётган эди. Мамлакат бўлакларга бўлиниб кетганди. Мана шундай таҳликали бир вазиятда Амир ­Темур ўз армиясини тузишга, атрофига ишончли одамлар йиғишга ҳаракат қилди. ­Соҳибқирон Мовароуннаҳрнинг ягона ҳукмдорига айланди. Мам­лакатнинг пойтахти этиб Самар­қандни танлади.

Амир Темур авлодлари маълум вақт ўтиб Самар­қанд ва Ҳиротда буюк уйғониш даврига асос солдилар.

Соҳибқироннинг икки ўғли — Жаҳонгир Мирзо ва Умар Шайх у ҳаётлик давридаёқ оламдан ўтади. Учинчи ўғил бўлмиш Мироншоҳ 1408 йилда вафот этди. Аслида Амир Темур набираси Пирмуҳаммадни тахт вориси этиб тайинлаган эди. Бироқ у бобосидан кейин кўп вақт ўтмай оламдан ўтди. Шундан сўнг салтанатни қўлга олган Шоҳрух Ҳиротни ўз пойтахтига айлантирди. Унинг ўғли Улуғбек ­Самарқанд ҳокими бўлди, кейинги ўғли Бойсунғур пойтахтда вазир лавозимини эгаллади.

Улар Соҳибқироннинг бун­ёдкорлик ишларини давом эттирдилар, илм-фан ва санъат ривожига катта ҳисса қўшдилар. Темурийлар даврида мусиқа, хаттотлик, тасвирий санъат, адабиёт ҳамда бир қатор фанлар равнақ топди. Мирзо Улуғбек ­Са­мар­қандда ўзининг расадхонасини барпо этди ва юлдузлар ҳаракатини кузатди, уларни доимий равишда ёзиб борди ва дунёнинг энг буюк астрономлари қаторидан ўрин олди. Унинг илмий хулосаларидан Европа олимлари асрлар давомида фойдаланиб келди.

1452 йилда темурий шаҳзодалардан яна бири ­Абусаид ­Мовароуннаҳр, Афғонистон ва Эроннинг шимолий қисмини ўзига бўйсундирди. У билан бир пайтда Ҳусайн Бойқаро ҳам Хуросонда ўз ҳукмронлигини ўрнатди. Айнан унинг бош­қарувида Ҳирот санъат, адабиёт ва фан марказига айланди. У дўсти, буюк шоир Алишер ­Навоийни, Абдураҳмон ­Жомий ва мусаввир ­Камолиддин Беҳзодни доимий равишда қўллаб-қувватлаган.

Амир Темур давлатининг пойтахти бўлган Самарқанд Зарафшон дарёсининг бўйида жойлашган. Жон Мильтон, Жон Китс, Оскар Уайльд каби жаҳон шоирлари ушбу шаҳар шаънига шеърлар битган.

Самарқанд шаҳри Шарқ ва Ғарбни боғлаб турган Буюк Ипак йўлининг марказида жойлашгани учун ҳам равнақ топган. Амир Темур ўз ҳокимиятини ўрнатгунга қадар Самарқанд кўплаб урушларга гувоҳ бўлди, талафотлар кўрди. Айнан Амир Темур Самар­қандни дунёнинг энг буюк, энг маш­ҳур, энг гўзал пойтахтларидан бирига айлантирди. Шаҳарнинг олдинги жойлашган ўрни Афросиёб деб аталган ва у мўғуллар томонидан вайрон қилинган. Шу сабабли ҳам Амир ­Темур шаҳарни жануброққа кўчиришга қарор қилди. Соҳиб­қироннинг бошқаруви остида Самарқанд гуллаб-яшнади. Унинг бозорлари турли-туман, дунёнинг бошқа мамлакатларида топилмайдиган моллар билан тўлиб-тошди.

Бир пайтнинг ўзида ­Самарқанд буюк меъморчилик обидалари масканига, халқ ҳунармандчилиги ва илм-фан равнақ топган, олимлар қадрланадиган шаҳарга айланди. Гарчи Амир Темурнинг ўғли ­Шоҳрух пойтахтни Ҳиротга кўчирган бўлса ҳам, Самарқанд ­Мирзо Улуғбек бош­қаруви остида ривожланишда давом этди.

Шоҳи Зинда мажмуасининг хаттотлик санъати ила безатилган пештоқини томоша қилар экансиз, Амир ­Темурнинг нафақат улуғ саркарда, балки буюк бунёдкор бўлганига амин бўласиз. Амир Темурнинг эътиборга сазовор яна бир хислати шуки, у қаерга борса ўша жойдаги ҳунарманд усталарни Самарқандга таклиф этарди. Ҳайкалтарош, сангтарошлар Озарбайжон, ­Исфаҳон ва Деҳлидан келган бўлса, мозаика усталари Шероздан эди. Шунингдек, Дамашқдан тикувчи ва кулоллар келиб, Самарқандда яшаб, шаҳар аҳолисига хизмат қилган.

Амир Темур жангу жадаллар бўлмаган вақтда асосан қурилиш ишлари билан шуғулланган. Унинг буюклиги қурдирган иморатларига ҳам кўчган. У бинолардан бирининг пештоқига «Бизнинг қудратимизга шуб­ҳа қилсангиз, биз қурган иморатларга боқинг», дея ёздириб қўйган.

Яна бир аҳамиятли жиҳат борки, Амир Темурнинг бунёдкорлик ишлари фақат Самар­қанд билан чекланиб қолмаган. У Шаҳрисабзда Оқсарой, Туркистонда Аҳмад ­Яссавий шарафига мақбара қурдирган. Ачинарли томони, Оқсарой бос­қинчилар томонидан вайрон қилинган. Унинг маълум қисмигина сақланиб қолган, холос. Аҳмад Яссавий мақбараси эса ҳамон яхши ҳолатда бўлиб, у ерга кўплаб зиёратчилар ташриф буюради.

Амир Темурнинг энг катта бунёдкорлик ишлари ­Самарқандда намоён бўлган. Соҳибқирон Самарқандда кўплаб боғлар барпо этди. Буларнинг аксарияти бизгача сақланиб қолмаган.

Темурий ҳукмдорлар даврига оид бўлган бинолар жуда кўп. Бир қизиқ факт, темурий маликалар ҳам бун­ёдкорлик, ободонлаштириш ишлари билан жиддий ­шуғулланган. Масалан, ­Шоҳрухнинг умр йўлдоши Гавҳаршодбегим ташаббуси билан Машҳадда ажойиб масжид ҳамда Ҳиротда масжид-мадраса қурилган.

Амир Темур даврида ­Самарқандда қурилган бинолар ичида Амир Темур мақбараси (Гўри Амир), Бибихоним мақбараси алоҳида ўрин тутади. Амир Темурнинг вафотидан кейин қурилган меъморий обидалар ҳақида гап кетганда, Улуғбек расадхонаси ва мадрасасини таъкидлаш жоиз.

Буюк меъмор бўлган Амир Темур ва унинг авлодлари томонидан қурилган иншоотлар бугунги кунда ҳам Самарқандга бутун ­дун­ё­дан сайёҳларни чорламоқда » .

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Темур АЪЗАМ тайёрлади. 



DB query error.
Please try later.