07.04.2016

ПАРЛАМЕНТ НАЗОРАТИ

давлат бошқарувини янада демократлаштиришга хизмат қилади

Олий Мажлис Сенати бешинчи ялпи мажлисда «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонунни маъ­қуллади. Сенаторлар, депутатлар, сиёсатшунос олимлар ва мутахассислар ушбу Қонун мамлакатимизда давлат бош­қарувини янада ­демократлаштиришда, жамият ҳаётининг энг муҳим ижтимоий-иқтисодий масалаларини ҳал қилиш бўйича парламент­нинг таъсир кучини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашмоқда.

Ҳаммамизга яхши аёнки, назорат-таҳлил ишлари парламент фаолиятининг муҳим йўналиши ҳисобланади. Ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан парламент назоратининг кучайиши натижасида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолати чуқур таҳлил этилади, белгиланган вазифалар ўз вақтида ва лозим даражада бажарилиши бўйича масъулият ошади.

Яна бир аҳамиятли жиҳати, шу орқали нафақат марказда, балки олис қишлоқ ва туманларда ҳам аҳолини ўйлантираётган масалалар ечим топиши, ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш учун кенг йўл очилади, зарур шароит яратилади. Шу боис, парламент назорати институтининг миллий қонунчилигимизда акс этиши муҳим масала ҳисобланади.

Аввало «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда халқаро ва хорижий тажриба ҳар томонлама ҳисобга олинганини таъкидлаш ўринли бўлади.

Ушбу Қонун Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида қизғин муҳокама қилинди.

Хўш, Қонунни қабул қилиш заруратини нималарда кўриш мумкин? Умуман олганда, Қонуннинг аҳамияти, мазмун-моҳияти нимадан иборат?

Собитхон ТУРҒУНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Давлат ҳокимияти органлари фаолиятини амалга ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мансабдор шахс­ларнинг масъулиятини ошириш ва фуқаролар онгида қонунга ҳурмат руҳини шакллантиришда парламент назорати муҳим аҳамият касб этади. Ривожланган демократик давлатлар тажрибаси буни тасдиқлайди.

Шу маънода айтадиган бўлсак, бугун парламент назоратини кучайтиришни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Бундан икки йил олдин, яъни 2014 йилда «Ўзбекис­тон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғ­рисида»ги қонун асосида пар­ламент назорати инс­титутига ­конституциявий мақом берилди. Демак, парламент назоратининг субъектлари, объ­ект­лари, уни амалга ошириш шакл­лари ва ҳуқуқий механизмларини қонун билан мустаҳкамлашга эҳтиёж туғилди.

Шунингдек, мамлакатимизда парламент назоратига оид тизимлаштирилган қонун йўқ эди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда эса парламент назоратини олиб боришнинг ҳуқуқий механизмлари етарли даражада очиб берилмаганди. Шуларни инобатга олиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги қонун ишлаб чиқилди.

Қонунни ишлаб чиқиш жараёнида миллий қонунчилик, ҳуқуқшунос олимлар ва экспертларнинг фикрлари ҳамда 30 дан ортиқ чет давлатлар тажрибаси ўрганилиб, парламент назорати соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлил қилинди.

Қонунни Қонунчилик палатасида муҳокама қилиш жараёни ҳам жуда қизғин кечди. Депутатлар билдирган таклифлар асосида қонун лойиҳаси янада такомиллаштирилди. Бу жараёнда ЎзХДП фракцияси аъзолари ҳам фаол иштирок этиб, партия дастурий мақсадларига мувофиқ тарз­да ўз нуқтаи назарини баён этишди.

Олдимизга қўйилаётган янги вазифаларни бажариш, умуман, парламент назоратини изчил амалга ошириш, аввало, биз, депутатлар, парламент аъзолари зиммасига катта масъулият юклайди. Қабул қилинаётган қонунларнинг фуқаролар ҳаёт тарзига нечоғлик ижобий таъсир этаётгани, яна қандай ҳуқуқий масалаларга талаб борлигини доимий равишда ўрганиб боришимиз керак.

Раззоқ ОСТАНОВ, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

Парламент назорати ҳа­қида сўз борар экан, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концеп­ция­сида илгари сурилган ғояларни алоҳида таъкидлаш жоиз. Ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан парламент назоратининг кучайиши ор­қали давлат ҳокимияти субъ­ект­лари ўртасида манфаатлар мувозанати изчил таъминланмоқда.

«Парламент назорати тўғрисида»ги Қонуннинг асосий мақсади Конс­титуция ва қонунлар талабларининг ижро этилиши устидан парламент назоратини амалга оширишнинг ягона ва бир тизимга солинган қонунчилик базасини яратишни назарда тутади.

Қонунда парламент назорати субъектлари ва объектлари аниқ белгилаб берилган. Шунингдек, унинг шакллари мустаҳкамланган, парламент назорати натижалари бўйича кўриладиган чора-тадбирлар таснифланган.

Жумладан, Олий Мажлис палаталари, палаталар қўмиталари (комиссиялари), сиёсий партия­лар фракция­лари, депутатлар гуруҳлари, депутатлар ва сенаторлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) парламент назорати субъектлари ҳисобланади.

Парламент назорати йўлга қўйилиши ҳаётимизни демократлаштиришда, қонун чиқарувчи ҳокимият, қолаверса, сиёсий партиялар фракцияларининг таъсир кучини оширишда муҳим ўрин тутади.

Мақсуда ВОРИСОВА,Олий Мажлис Сенати аъзоси:

Қонунда парламент назорати шакллари аниқ мустаҳкамлаб қўйилди. Унга кўра, Давлат бюджети ижро этилишини кўриб чиқиш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг айрим долзарб масалалари юзасидан Бош вазирнинг ҳисоботини тинглаш, шунингдек, ҳукумат аъзоларининг ахборотини, Ҳисоб палатаси, Бош прокурор, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Марказий банк ҳисоботларини эшитиш назарда тутилган.

Парламент сўрови, депутат ва сенатор сўрови, Олий Мажлис палаталари қўмиталари томонидан қонун ҳужжатлари ижросини ўрганиш, парламент текшируви сингари парламент назорати шакллари ҳам мустаҳкамлаб қўйилди.

Қонуннинг қабул қилиниши ҳокимият тармоқлари бўлиниши ҳақидаги конституциявий тамойил янада изчил рўёбга чиқишида, Олий Мажлиснинг давлат ҳокимияти органлари тизимидаги роли ва таъсирини кучайтиришда, қонун устуворлиги ҳамда қонунлар ижроси таъминланишида, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари масъулияти ошишида муҳим омил бўлади.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.