05.04.2016

ЕР УЧАСТКАЛАРИ БЕРИШ ТАРТИБИ

янада такомиллаштирилмоқда

«Тадбиркорлик субъектларининг шаҳарсозлик фаолиятида танлов асосида ер участкалари берилишининг хусусиятлари» мавзусида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда «Давархитектқурилиш» ҳамда «Ергеодезкадастр» давлат қўмиталарининг раҳбар ва масъул ходимлари, бош лойиҳа институтлари, Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаси ­вакиллари қатнашди. Маълумки, хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар дастурининг ижросини таъминлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун танлов асосида ер участкалари бериш ва қурилиш учун рухсатномалар олиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди.

Анжуманда таъкидландики, ушбу қарор билан қуйидаги масалаларнинг ечими кўзда тутилган:

— қурилишга ер участкаларини ажратиш ва қурилиш-монтаж ишларига рухсат бериш билан боғлиқ тартиб-тамойилларни соддалаштириш, уларнинг муддатларини қисқартириш ва шаффофлигини таъминлаш орқали тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай муҳит яратиш;

— ер участкаларини танлаш ва ажратишни танловгача олдиндан тайёрлаш йўли билан ер участкаларини фақат танлов асосида беришнинг соддалаштирилган механизмини жорий этиш;

— танловга қўйиладиган ер участкаларининг рўйхатига архитектура ва ер кадастр ташкилотларидан ташқари қўшимча равишда Савдо-саноат палатасининг туман (шаҳар) бўлинмалари ва туманлар (шаҳарлар) иқтисодиёт бўлимларидан ҳам таклифлар олиш орқали ҳудудларни кенгроқ қамраб олиш, ер участкаларидан фойдаланиш турларининг хилма-хиллигини таъминлашга эришиш;

— тадбиркорлик субъектларининг ер участкаларига эҳтиё­жи тўғрисидаги маълумот базасини яратиш ва уни мунтазам янгилаб бориш;

— танлов ғолибларининг зиммаларига олган мажбуриятлари бажарилишини назорат қилишнинг самарали механизмини жорий этиш.

— Қарор ижроси юзасидан қўмитамиз томонидан танлов комиссиялари аъзолари — маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакиллари, вилоятлар бош архитекторлари ва давлат архитектура-қурилиш назорати инспекциялари ҳамда «Кўчмас мулк савдо хизмати» МЧЖнинг ҳудудий филиаллари раҳбарлари ва алоқадор вазирликлар ва идоралар вакиллари учун семинар-тренинг ўтказилди, — дейди «Давархитектқурилиш» қўмитаси раисининг ўринбосари Асомиддин Тожиев. — Шунингдек, «Юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун доимий фойдаланишга танлов асосида ер участкалари бериш тартиби тўғрисида»ги Низомга биноан қўлланма ишлаб чиқилди.

Бугунги кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси «Давархитектқурилиш» қўмитаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармалари томонидан туман ва шаҳар бош архитекторлари билан биргаликда республика бўйича 1947 ер участ­каси танланган ҳолда барча ваколатли ташкилотлар билан келишилди. Уларнинг асосий қисми Қашқадарё вилоятига (594), Қорақалпоғистон Республикасига (558) ва Хоразм вилоятига (550) тўғри келади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 7 октябрдаги қарори билан тасдиқланган Низомга асосан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан архитектура ташкилотлари ҳамда «Кўчмас мулк савдо хизмати» МЧЖ билан тегишли шартномалар тузилгандан сўнг ушбу ер участкаларининг рўйхатлари танловга чиқариш учун қайд этилган ташкилотларга юборилади.

Матбуот анжумани якунида мутахассислар оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

 

Мирбахтиёр МИРФАЙЗИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири. 



DB query error.
Please try later.