05.04.2016

СОҒЛОМ БОЛАЛИК УЧУН...

Ҳар бир инсон фарзандининг жисмонан соғлом, маънан баркамол бўлишини истайди ва шунга интилади. Аммо ҳаётнинг тасодифлари, синовлари кўп. Ҳар доим ҳам одамнинг айтгани, тилагани бўлавермайди. Турли сабабларга кўра, гўдакларнинг носоғлом туғилиши ёки дунёга келгандан сўнг асоратли дардга чалиниши ҳам содир бўлиб туради.

Бу албатта, ота-онанинг кўнглини чўктириб қолмасдан, оиланинг ҳаловатини бузиб, бахтини кемтик қилади. Ташвишига ташвиш қўшади. Тасалли-таскинга, нажот ва мададга муҳтож бўлиб қолади.

Юртимизда бу муаммонинг ҳам ечими топилди. Соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли туғиш ёшидаги ҳамда ҳомиладор аёлларни тиббий кўрикдан ўтказиш, уларга малакали тиббиёт хизмати кўрсатиш йўли билан соғ­лом фарзандлар туғилишига эришилмоқда.

Агар чақалоқ жисмоний нуқсон билан туғиладиган ё гўдак пайти бирор дардга чалинадиган бўлса, уни соғайтиришнинг чоралари кўрилмоқда. Бу хайрли ишда соғ­лиқни сақлаш тизимидаги давлат муассасаларига нодавлат нотижорат ташкилотлар кўмакка келмоқда.

Ҳукуматга қарашли бўлмаган ­«Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди ана шундай ташкилотлардан биридир. Бугунги кунда ушбу фонднинг номи тилга олинганда ўнлаб хонадонлардаги юзлаб юртдошларимизнинг чеҳраси ёришиб кетади.

Сабаби, ушбу фонд жамоаси бемор ва ногирон болакайларнинг дардига малҳам бўлиб, кутилмаган бахт­сизликдан гангиган ота-оналарнинг ғамини аритмоқда.

Мазкур фонднинг бўлим бошлиғи Жумабек Нуров билан суҳбатимиз шу мавзуга бағишланди.

— Фондимиз томонидан амалга ошираётган лойиҳалар халқаро хайрия ташкилотлари томонидан молия­лаштирилади, — дейди у. — Асосан турли ташхисдаги бемор болалар жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун Германия, Корея ва Ҳиндистонга юборилади.

Германия билан ҳамкор­лигимиз ушбу мамлакатдаги «Fridensdovf international» халқаро ташкилоти ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномаси доирасида амалга оширилади. Ҳар йили хорижлик мутахассислар юртимизга ташриф буюриб, бир неча кун мобайнида бемор ва ногирон болаларни тиббий кўрикдан ўтказади. Унинг натижасига кўра, ривожланишида туғма ёки орттирилган нуқсони бўлган, шунингдек, узоқ муддатли бир неча босқичли операцияга муҳтож бўлган болалар соғломлаштириш учун чет элларга жўнатилади.

— Асосан қандай дардга учраган беморлар хорижга юборилади?

— Лаб-танглай туғма нуқсони, бўйин ва оёқнинг туғма ортопедик нуқсонлари бўлган бемор болалар Фонднинг хорижий ҳамкорлари томонидан ажратилган грант дастури доирасида Ўзбекистон Республикасидаги клиникаларда соғломлаштирилади. Таянч-ҳаракат тизимининг туғма касалликлари ва жароҳатлар натижасидаги асоратлари, сийдик йўли ва овқат ҳазм қилиш тизимининг туғма нуқсонлари билан операцияга муҳтожлар, куйишнинг асоратлари оқибатида жисмоний ҳаракатланиш ва функ­ция бузилишига олиб келувчи чандиқли контрактуралар ва уларнинг асоратлари бўлган болаларга хорижда даволаниш тавсия этилади.

— Ҳамкорлик туфайли қандай ижобий натижаларга эришилди?

— Ўтган давр мобайнида 300 дан ортиқ болаларда Германия клиникаларида жарроҳлик амалиёти ўтказилди. 2015 йилда 2 бора, жами 35 нафар бола Германия клиникаларига даволанишга юборилган. 2016 йил 17 февралда эса яна 11 бола жўнатилди. У ердаги муолажалар 2-3 бос­қичда амалга оширилиб, 6 ойдан то 1 йилгача ва ундан кўпроқ давом этиши мумкин. Бу касалликнинг кечишига қараб белгиланади. Ҳозирги кунда 24 нафар бола германиялик шифокорлар қўлида даволанмоқда.

Хорижга жўнатиш пайтида нималарга эътибор қилинади?

— Биринчи навбатда ижтимоий ҳимояга муҳтож ва дарди узоқ муддатли жарроҳлик амалиёти талаб этадиган болаларга эътибор қаратилади. Ҳар йили германиялик мутахассислар томонидан тиббий кўрикдан ўтказиладиган 300 нафардан ортиқ 2 ёшдан 12 ёшгача бўлган болаларнинг 30га яқини шу талабга мос келади.

— Чет элликлар ўтказадиган тиббий кўрикнинг даврийлиги қандай?

— Йилига бир марта. Бу йил ҳам 16-22 март кунлари германиялик мутахассислар юртимизга келиб, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда болаларни тиббий кўрикдан ўтказишди. Унинг натижасига кўра, икки марта февраль ва август ойларида бемор болалар Германияга даволанишга юборилади.

Яна бир қўшимча, ўтган йили хорижий ҳамкорлар Сингапур ва бош­қа давлатлардан келган плас­тик жарроҳлар кўмаги билан 168 нафар (лаб-танглай туғма нуқсони ва ку­йишнинг асоратлари бўлган) бемор болада беғараз жарроҳлик амалиётлари ўтказди.

— Ҳиндистон ва Жанубий ­Корея билан ҳамкорлик ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Ўзбекистон Республикаси Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги томонидан «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди қошида ташкил этилган ишчи комиссия томонидан навбат бўйича болалардаги юрак туғма нуқсонини бартараф этиш бўйича (фалло тетрадаси) мураккаб шакл­даги соғломлаштириш лойиҳаси амалга оширилди. Республикамиз клиникаларида бемор болалар тиббий кўрикдан ўтказилди. Унинг натижасига кўра, 10 нафар бола Ҳиндистонга жўнатилди. Ҳаммалари жарроҳлик амалиётидан ўтиб, соғ­лом ҳолда ота-онасининг бағрига қайтиб келишди. 2011 йилдан буён Жанубий Кореянинг «Болаларни асрайлик» халқ­аро ташкилоти кўмагида беш бос­қичда 50 тадан, жами 250 жарроҳлик жараёнида ўта зарур бўлган «оксигенатор» олиб келинди ва 243 нафар юрак туғма нуқсони бўлган бемор болада Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида муваффақиятли операциялар амалга оширилди. Ушбу лойиҳа Соғлом она ва бола йилида ҳам давом эттирилмоқда.

— «Соғлом авлод учун» фондининг мамлакатимиздаги соғлиқни сақлаш муассасалари билан ҳамкорлиги масаласига тўхталсангиз.

— Ўтган йили республикамиз клиникаларида лаб-танглай туғма нуқсонлари бўлган 160 нафар, бўйин ва оёқнинг туғма ортопедик нуқсонлари бўлган 226 нафар, куйиш асоратлари билан 21 нафар болалар грантлар асосида жарроҳлик амалиётидан ўтказилди. Ҳозирги кунда ушбу жарроҳлик амалиётлари Тошкент давлат стоматология институти, Андижон, Фарғона, Бухоро вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида, ортопедик операция­лар Андижон, Фарғона вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларида ҳамда республика психоневрологик касалхоналарида амалга оширилмоқда.

2004-2015 йиллар давомида республикамиз клиникаларида жами 4800 дан ортиқ бемор болалар ­жарроҳлик йўли билан соғ­ломлаш­ти­рилди.

«Соғлом авлод учун» фондининг ёрдамини олиш мақсадидаги ота-оналар, энг аввало, фарзандларини тиббий кўрикдан ўтказишлари керак. Бунинг учун ҳудудий соғ­лиқни сақлаш бошқармаларига, «Соғлом авлод учун» фондининг вилоятлардаги филиалларига ёки марказий аппаратига мурожаат қилишлари керак. Биз эса доимо ёрдамга тайёрмиз.

 

Суҳбатдош Бахтиёр РИЗАЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: