05.04.2016

БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИ ЮРИТИШ:

ҳуқуқий асослар янада мустаҳкамланди

Олий Мажлис Сенатининг яқинда бўлиб ўтган бешинчи ялпи мажлисида демократик ислоҳотларни босқичма-босқич ва изчил чуқурлаштиришга, Асосий қомусимиз қоидаларини амалда ­рўёбга чиқаришга, мамлакатимиздаги инвестиция­вий ­муҳитнинг ўзига жалб этувчанлигини оширишга, аҳолининг турмуш даражасини янада ­юксалтиришга, мамлакатимизда барқарорлик ҳамда фаровонликни мустаҳкамлашга қаратилган тўртта қонун кўриб чиқилди. Янги таҳрирдаги «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги қонун шулар жумласидандир.

Аввало, таъкидлаш керакки, амалдаги «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонун 1996 йилда қабул қилинган бўлиб, бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш, хўжалик операцияларини назорат қилиш, бухгалтерия ҳужжатларини сақлаш, молиявий ҳисоботни тузиш ва тақдим этиш тартибини қамраб олган. Лекин Қонуннинг айрим моддалари ва нормаларини қўллашда охирги йилларда қабул қилинган бош­қа қонун ҳужжатларига нисбатан номувофиқликлар келиб чиқ­япти. Бу эса хўжалик юритувчи субъект­лар, давлат ва хўжалик бошқарув органлари ҳамда судлар фаолиятида маълум қийинчиликларни юзага келтираётган эди.

Яна бир муҳим томони, Бюджет кодексининг қабул қилиниши муносабати билан Қонунга 2013-2014 йилларда киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар бюджет ташкилотларида бухгалтерия ҳисобини тартибга солиш, бошланғич ҳисоб ҳужжатлари масалаларида айрим ёндашувларни ўзгартириш ва молия­вий ҳисобот шаклларини қисқартириш имконини берди. Ўз навбатида, динамик ривожланаётган демократлаштириш ва либераллаштириш жараёнлари бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларини янада та­ко­мил­­лаштириш заруратини туғдирди. Шунинг учун Қо­нунни янги таҳрирда қабул қилиш эҳтиёжи пайдо бўлди.

Мазкур қонун бухгалтерия ҳисобини тартибга солиш тизимини халқаро принциплар ва стандартларга мувофиқ янада такомиллаштиришга хизмат қилади, дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси ­Гулистон Аннақиличева. — Унда бухгалтерия ҳисоби ошкоралигини оширишга, бухгалтерия ҳужжатларини сақлаш муддатларига аниқлик киритишга, бухгалтерия ҳисоби субъектлари раҳбарларининг ҳам­да бухгалтерия хизматлари раҳбарларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ фарқлаб қўйиш орқали уларнинг жавобгарлигини оширишга қаратилган меъёрлар акс этган.

Қонунда бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш билан боғлиқ бўшлиқлар бартараф этилди. Айрим меъёрлар миллий қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартишларга ва халқаро амалиётдаги бухгалтерия ҳисобини ривожлантириш тамойилларига мувофиқлаштирилди.

— Қонунда бухгалтерия ҳисоби хизматининг раҳбарларига, бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисобот тузишга доир ишларга, бухгалтерия ҳужжатларини сақлаш муддатларига қўйиладиган талаблар аниқ белгилаб берилгани алоҳида эътиборга молик, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракция­си аъзоси Қаҳрамон Мирзаев. — Хусусий мулк ва тадбиркорликни кенг ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш юзасидан мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ишларни инобатга олган ҳолда, кичик корхоналар ва микрофирмалар молиявий натижалар тўғрисида бухгалтерия баланси ҳамда ҳисоботдан иборат тайёр молиявий ҳужжатни тақдим этиши белгиланмоқда. 

Қонун лойиҳасини парламент қуйи палатасида муҳокама қилиш жараёнида фракциямиз аъзолари партиямиз Сайлов­олди дас­туридан келиб чиқиб, ўз нуқтаи назарини билдирди.

 Хусусан, фракциямиз қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга, келгусида бухгалтерия ҳисобининг шаффофлигини, ички назорат тизимини таъминлашга, хўжалик юритувчи субъ­ектлар раҳбарлари ва бухгалтерларнинг ҳуқуқий масъулиятини кучайтиришга, шунинг билан бирга, мазкур соҳада қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олишга қаратилган қатор таклифларни ўртага ташлади ва уларнинг аксарияти инобатга олинди.

Бир сўз билан айтганда, мазкур Қонун бухгалтерия ҳисобини юритиш тамо­йилларини янада мустаҳкамлашга, унинг мақсад ва вазифаларини тўлиқроқ очиб беришга, соҳада ошкоралик ва хавфсизликни оширишга, ички назорат тизимини мустаҳкамлашга, бухгалтерларнинг ва хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарларининг касбий ­фаолиятини кучайтиришга хизмат қилади.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.